Ўзбекистон | 15:11 / 22.12.2023
5650
3 дақиқада ўқилади

Ҳудудларда кучли таъсир қилувчи дориларини сотаётган шахслар ушланди

Самарқанд, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида кучли таъсир этувчи дориларни сотаётган, Тошкент шаҳрида ўтказиш учун сақлаб келаётган шахслар қўлга олинди.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг хабар беришича, департаментнинг ҳудудий бошқармалари ДХХ ва ИИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда кучли таъсир этувчи дориларни сотаётган шахслар ушланган.

Жумладан, департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими ва ДХХ ҳамда ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда фуқаролар О.Н. ва А.С. икки нафар фуқарога 468 дона “Редуксин Лайт” номли кучли таъсир қилувчи дорини 9 млн сўмга, фуқаролар Д.К. ва Б.С. фуқаро Н.К.га 186 дона “Зардекс” номли дорини 6,5 млн сўмга сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Қамаши туман бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирларда “J.B.” дорихонаси сотувчиси Х.М. ва “Sh.A.” МЧЖ дорихонаси сотувчиси У.С. харидорлар М.Ж. ва У.С.га 90 дона “Тебантин” номли кучли таъсир қилувчи дорини сотган вақтида ушланган.

Текширув чоғида ушбу дорихоналардан жами 430 дона дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси ва Ромитон туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда “D.H.” ва “К.Б.” МЧЖларга қарашли дорихона сотувчилари Д.Р. ва Ж.С. 2 нафар харидорга 30 дона “Габанерв” ҳамда 10 дона “Тебантин” номли кучли таъсир қилувчи дорини сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Олмазор туман бўлими ва ДХХ ҳамда ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ш.Э. ўз уйида 115 дона “Регапен”, 84 дона “Лирика” ва 26 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дориларни ўтказиш мақсадида сақлаб келаётгани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид