Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда Навалнийнинг шериги Мария Певчих қидирувга берилди
Коррупцияга қарши кураш халқаро жамғармаси директорлар кенгаши раҳбарининг исми - Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базасида. «Популярная политика» YouTube-канали модератори Дмитрий Низовцев ҳам қидирувга берилган.
Коррупцияга қарши кураш халқаро жамғармаси (ФБК) директорлар кенгаши раҳбари Мария Певчих Россия Федерациясида қидирувга берилди. Певчихнинг картаси Россия Ички ишлар вазирлиги қидирувдаги шахслар базасида пайдо бўлгани 21 декабр, пайшанба куни маълум бўлди – бу ҳақда Россиянинг «Медиазона» нашри хабар берди. Бундан ташқари, маълумотлар базасида «Популярная политика» YouTube-канали модератори Дмитрий Низовцевнинг картаси мавжуд - у ҳам қидирилмоқда.
Певчих ва Низовцев «Жиноят кодексининг моддаси бўйича» қидирувда экани айтилади, Ички ишлар вазирлигининг очиқ маълумотлар базасида бу қайси айблов билан боғлиқлиги аниқлаштирилмаган. Аввалроқ, 2022 йил августида Алексей Навалний жамоаси томонидан яратилган «Популярная политика» дастурининг саккиз нафар бошловчиси, жумладан Мария Певчих ва Дмитрий Низовцев Россия армияси ҳақидаги «фейклар» ва терроризмни оқлаш бўйича жиноий ишларга жалб қилингани ҳақида хабар берилган эди. Ҳозирда Мария Певчих ҳам, Дмитрий Низовцев ҳам Россия Федерациясидан ташқарида.
Навалний тарафдорларини таъқиб қилиш
2023 йил июн ойида Навалнийнинг Уфадаги штаб-квартираси собиқ раҳбари Лилия Чанишева етти ярим йилга озодликдан маҳрум этилди. Уфадаги Киров туман суди уни «экстремистик ҳамжамият яратиш», «экстремизмга чақириш», шунингдек, «фуқароларнинг шахси ва эркинликларига тажовуз қилувчи ноҳукумат ташкилот тузиш»да айбдор деб топди.
2022 йил май ойида ФБК собиқ директори Иван Жданов Москвадаги Басманний суди томонидан экстремистик ҳамжамият яратиш ва фирибгарликда айбланиб, сиртдан ҳибсга олинган эди. 2021 йилда Жданов Нагатинский суди томонидан «суд қарорини нотўғри бажармаганлиги» учун сиртдан ҳибсга олинган ва йил бошида Росфинмониторинг уни «террорчилар ва экстремистлар рўйхати»га қўшган. У ҳам халқаро қидирувга берилган. Жданов Россияни 2019 йилнинг кузида тарк этган.
2021 йил октябр ойида Россия Ички ишлар вазирлиги ФБКнинг собиқ адвокати Любов Соболни қидирувга берган, у ҳам ўша йили август ойида Россияни тарк этган. 2022 йил июн ойида Москва шаҳар суди Любов Соболнинг эркинлигини чеклашни колониядаги 6 ойлик ҳақиқий қамоқ билан алмаштиришни маъқуллади.
2021 йил сентябрида Россия Ички ишлар вазирлиги Навалний штаб-квартирасининг собиқ раҳбари Леонид Волковни қидирувга берган эди. Россияда Навалнийнинг бошқа шериклари, жумладан Кира Ярмиш, Георгий Албуров, Руслан Шаведдинов ва Вячеслав Гимадига нисбатан ҳам жиноий иш очилган.
Навалнийни таъқиб қилиш
Алексей Навалний 2021 йилнинг январида Германиядан Россияга қайтганидан сўнг дарҳол қўлга олинган, у ерда «Новичок» синфидаги модда билан заҳарланиб, даволаниш ва реабилитациядан ўтаётган эди. Кейин у айбдор деб топилиб, 2 йил-у 8 ойга озодликдан маҳрум этилди. 2022 йил март ойида Навалний фирибгарликда, кейин эса судяни ҳақорат қилишда айбдор деб топилиб, 9 йилга қаттиқ тартибли колонияга (жиноятлар бирикмаси учун) жўнатилган эди.
2023 йил августида Алексей Навалний Москва шаҳар суди томонидан «экстремистик ҳамжамият»ни ташкил этганликда айбланиб, махсус режимли колонияга 19 йилга озодликдан маҳрум этилди. Расмийларга кўра, бундай жамоа у томонидан асос солинган ФБК эди. 1 декабр куни Навалний унга қарши яна бир жиноий иш — вандализм моддаси бўйича қўзғатилганини маълум қилди. 2023 йил 6 декабрдан бери Навалнийнинг шериклари, адвокатлари ва қариндошлари у билан боғлана олмаяпти. 15 декабр куни Федерал жазони ижро этиш хизмати Навалнийнинг бошқа колонияга ўтказилгани ҳақида эълон қилди ва 18 декабр куни Навалнийнинг колонияда сақлаш шароитлари ҳақидаги даъволарини кўриб чиқаётган судлар унинг қаердалиги аниқланмагунча бу жараёнларни тўхтатиб қўйгани маълум бўлди.
2021 йилда Навалнийга тегишли ФБК ва Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамғармаси, шунингдек, Навалний штаблари Россия Федерациясида экстремистик ташкилотлар деб тан олинган. Нотижорат ташкилотлар тугатилди, ижтимоий ҳаракат фаолияти тақиқланди, Россия Федерацияси Адлия вазирлиги ФБК, Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамғармаси ва Навалний штаблари ҳаракатини тақиқланган ташкилотлар реестрига киритди.
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
10:23 / 28.05.2025
Давлат департаменти спикери: Россия Трампнинг сўзларини жиддий қабул қилиши керак
09:03 / 28.05.2025
WSJ: Трамп Россияга қарши санкцияларни кучайтириш ҳақида ўйлаяпти
21:34 / 27.05.2025