Ўзбекистон | 14:14 / 23.12.2023
24843
2 дақиқада ўқилади

Томди тумани ҳокими лавозимдан озод этилди

Навоий вилояти Томди тумани ҳокими Қайрат Алдабергенов лавозимидан озод этилди. У мазкур лавозимда 2009 йилдан буён ишлаб келаётганди.

Фото: Kun.uz

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсуновнинг Томди тумани ҳокими Қайрат Алдабергеновни лавозимдан озод этиш ҳақидаги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, туман ҳокими ўз аризасига биноан ишдан олинган.

Бугун халқ депутатлари Томди тумани кенгашининг навбатдан ташқари олтмиш учинчи сессияси бўлиб ўтган. Сессияда Нормат Турсунов сўзга чиқиб, Қ.Алдабергеновни туман ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисида қабул қилинган вилоят ҳокимининг қарорини ўқиб эшиттирган.

Ушбу қарор халқ депутатлари Томди тумани Кенгаши депутатлари томонидан маъқулланган. Томди тумани ҳокими вазифасини вақтинча бажариш Томди тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Орзумурод Умаров зиммасига юклатилган.

Маълумот учун, Қайрат Алдабергенов 1966 йил Нурота туманида туғилган. Узоқ йиллар солиқ тизимида турли лавозимларда фаолият юритган. 2009 йилдан бугунгача Томди тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди. 2014 йилда «Дўстлик» ҳамда 2021 йилда «Содиқ хизматлари учун» медали билан мукофотланган.

Мавзуга оид