Жамият | 17:32 / 24.12.2023
42154
4 дақиқада ўқилади

Талабаларни «қўрқитган» мурда, калтакесакка ёрдамлашган шим – «Талаба кундалиги»

Ўликни ўрганиш жараёнида қатнашган, бошқа қизлар исми билан рақс тушишга мажбур қилинган ва чўлда қамиш ўришга бориб, ичига калтакесак кириб олган талабаларнинг қизиқ саргузаштлари ҳақида “Талаба кундалиги”нинг бугунги сонида ўқишингиз мумкин.

1-ҳикоя. Талабаларни “қўрқитган” мурда

Тиббиёт олийгоҳини битирганман. 2-босқичда ўқиётган пайтимизда қизиқ воқеа бўлган. Анатомия дарсига киришимиз керак эди. Ўқитувчимиз тиббий қўлқоп, пинцет ва скалпел каби асбобларни олиб, мурдани ўрганиш учун махсус хонага чиқишимизни айтди. 9-10 гуруҳ биргалашиб хонага чиқдик. Залдаги столда авария вақтида халок бўлган бир аёлнинг танаси турганди. Тана 4 га бўлинган ҳолатда эди. Мурданинг ҳиди борлиги учун деразалар очиб қўйилган, биз эса мурданинг ёнига яқинлашолмай бир четда тургандик. Кейин ичимиздан 2 ўғил бола курсдошимиз мурданинг ёнига яқинлашиб, танасига теккан ҳам эдики, аёлнинг бир қўли жойидан қимирлаб, пастга осилиб қолди. Буни кўриб, мурда тирилди деб ўйладик ва бақир-чақир қилиб хонадан ташқарига чиқиб кетдик. Ўқитувчимиз ҳайрон бўлиб бизга: “Ўлик қанақасига тирилади, кеча аррада 4 га бўлгандик-ку”, деб ўшқирди домламиз. Шундай қилиб ўша куни шу дарсдан қутулиб қолганмиз.

2-ҳикоя: Исми ўзгартирилган қизлар 

Талабалик даврларимизда Мустақиллик ва Наврўз байрамлари рақсли қилиб стадионларда нишонланарди. Ва рақсларда қатнашиш учун талаба қизлар олиб борилади. Мандат натижалари чиққанидан 2 кун ўтиб, 30 нафарча 1-босқичга қабул қилинган қизларни Мустақиллик байрамига тайёрланишга чақиришди. Энди ўқишга киргандик, тадбирларда қатнашиш ўзимизга ҳам қизиқ эди, шунинг учун тайёргарликларга бориб юрдик. Байрамга бир кун қолганда қизиқ воқеа бўлди. Қўлимизга бошқа қизларнинг талабалик гувоҳномасини бериб, ундаги шахсий маълумотларни ёдлаб олиш айтилди. Эртасига тадбир ўтказиладиган жойга бордик. Эшикдан бирма-бир исм билан чиқаришди. Тўсатдан биз маълумотларни ёдлаган қизларнинг исм-фамилияси ҳам ўқилди. Биз бошқа қизларнинг исм-фамилияси билан тадбирда қатнашдик. Кейин билсак, тадбирда қатнашиши керак бўлган 2-босқич қизларининг ўрнига биз жўнатилган эканмиз.

3-ҳикоя: Калтакесакка ёрдамлашган ости кенг шим

Бу воқеалар 80-йилларда техникумда ўқиган вақтларим юз берган. Мен гуруҳ сардори эдим. Бир куни сиёсий иқтисод фани ўқитувчимиз гуруҳдаги 3-4 талабани олиб, чўлга қамиш ўришга боришни илтимос қилди. Йўқ деёлмадим. Эртасига домла бизни автобусда Фарғона вилоятидаги Ёзёвон чўлига олиб борди. Ўша пайтлар ости кенг “клёш” шимлар модада эди. Қамиш ўришга ўшани кийиб чиққандим. Ўришни бошладик. Кейин бирдан оёғимни нимадир қитиқлагандай бўлди. Тиззамгача ўрмалаб келди. Мен илон деб ўйладим. Шартта қўлимни оёғимга этиб, ўрмалаётган нарсани маҳкам ушлаб олдим. Кейин Алишер деб курсдошимни чақириб бақирдим. У ҳовлиқиб менга қаради.

“Шимимнинг почасини тепага қараб шимар, илоннинг думи кўриниши билан шартта тортиб суғуриб олиб ташлайсан”, дедим. Мен эса қўлим билан шимим чўнтаги устидан илоннинг бошини маҳкам ғижимлаб тургандим. Алишер шимимни тиззагача қайтариб келди. Дум кўриниши билан, ушлаб тортиб ташлади. Қарасак, у илон эмас калтакесакнинг бир тури экан. Шундан кейин чўлни елкамизнинг чуқури кўрсин деб уйга жўнагандик. Менимча, калтакесакка “клёш” шим кийганим қўл келган.

Ҳикояларни Зуҳра Абдуҳалимова нашрга тайёрлади.

П.С: Талабалик даврингизда турли хил қизиқарли, ибратли, кулгили ёки оғриқли воқеаларни бошдан кечирганмисиз? Бу ҳақда бошқаларга ҳам айтиб беришни хоҳлайсизми? Kun.uzʼнинг "Талаба кундалиги" рукни айнан сиз учун.

Ҳикояни @talabakundaligi_bot манзилига юборинг. Таҳририят сизнинг шахсингиз сир тутилишини таъминлайди.

Мавзуга оид