Жаҳон | 18:38 / 28.12.2023
10757
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда Роғун ГЭСнинг учинчи агрегати 2025 йилда ишга туширилади

Фото: tnu.tj

Тожикистондаги энг йирик Роғун гидро электр станциясининг олти блокидан учинчиси 2025 йилда ишга туширилади. Бу ҳақда республика президенти Имомали Раҳмон парламентга йўллаган ҳар йилги мурожаатида маълум қилди.

«Биз „Роғун“ гидро электр станциясининг учинчи агрегатини 2025 йилда эксплуатация қилишга қарор қилдик», — деган Раҳмон. 

Тожикистон президенти бунинг учун 2023 йилда мамлакат бюджетидан 5 млрд сомонийдан (454,5 млн доллар) ортиқроқ маблағ ажратилганини маълум қилган. У айни вақтда мазкур ГЭСда 15 минг нафар мутахассислар ва 3,5 мингта қурилиш техникалари ишлаётганини қўшимча қилган.

Раҳмоннинг маълум қилишича, Тожикистонда якунланаётган йил давомида энергетика объектларини тиклаш учун 9 миллиард (829 миллион доллар) сомоний йўналтирилган. 

«Агар шундай қилинмаганида, бугун биз бутунлай электрсиз қолган бўлардик», — деган у.

2032 йилга бориб Тожикистон муқобил энергия манбаларига ўтиши режалаштирилган. Мурожаатда республика яшил энергия ишлаб чиқариш бўйича дунёда 6-ўринда туриши таъкидланган.

  • Роғун ГЭС Душанбедан 110 км масофада Вахш дарёсида жойлашган бўлиб, минтақада энг йириги ҳисобланади. Унинг қурилиши 1976 йилда бошланган, аммо СССР парчалангач иш тўхтаб қолган. Кейинроқ Тожикистон ГЭС қурилиши бўйича ишларни давом эттирди, лойиҳада кўзда тутилган ҳар бирининг қуввати 600 МВт.га тенг бўлган олти агрегатдан ҳозирчаси фақат иккитаси ишга туширилган. 2008 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда Роғун ГЭСда реконструкция, қурилиш ва монтаж ишларига мамлакат бюджетидан ва бошқа манбалардан қарийб 3 млрд доллар ажратилган. Ишга туширилгач станция қуввати 3,6 ГВт.ни ташкил этади ва баландлиги 335 метр бўлган тўғон дунёдаги энг баланд тўғонга айланади.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид