Жаҳон | 10:02 / 28.12.2023
7066
3 дақиқада ўқилади

Херсонда Россия зарбасидан кейин 100 минг киши электрсиз қолди

Россиянинг Херсонни ўққа тутиши натижасида 98 минг абонентда электр қуввати йўқ, деб хабар берди шаҳар ҳокимияти. Вилоятда аҳолининг 70 фоизга яқини электр энергиясисиз қолган. 

Фото: Nacho Doce/REUTERS

Херсонда 26 декабр куни Россиянинг йирик ўққа тутишидан сўнг 98 мингга яқин абонент электр таъминотисиз қолди, деб хабар берди шаҳар ҳарбий маъмурияти бошлиғи Роман Мрочко 27 декабр, чоршанба куни Энергетика вазирлиги маълумотларига таяниб. «Электр энергияси қачон тикланишини айтиш қийин. Лекин энергетиклар бу имкон қадар тез содир бўлишини таъминлаш устида ишламоқда», - деб ёзди у Telegram’да. Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Александр Прокудиннинг сўзларига кўра, вилоят аҳолиси 70 фоизи электр таъминотисиз қолмоқда

«Укрэнерго» энергияни тежашга чақирди 

«Укрэнерго» компанияси Херсондан ташқари минтақадаги бошқа аҳоли пунктлари ҳам электр таъминотисиз қолганини таъкидлади. Шунингдек, Донецк ва Харкив вилоятлари тармоқларига Россиянинг ўққа тутиши оқибатида зарар етган. Компания украиналикларни электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланишга чақирди. «Илиқ об-ҳавога қарамай, умумий истеъмол юқорилигича қолмоқда», - дейилади хабарда. Шу билан бирга, «Укрэнерго»нинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда барча турдаги электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси истеъмолчиларни таъминлаш учун етарли даража. 

Херсонга Россия зарбалари

Бир кун олдин, 26 декабр куни Россия қўшинлари Херсондаги темирйўл станциясига ҳужум қилди, натижада одамлар эвакуацияси пайтида бир полициячи ҳалок бўлди. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг яна икки ходими ва икки нафар тинч фуқаро жароҳатланган, деди Украина ички ишлар вазири Игор Клименко. «Укрзализница»нинг бинолари ва ҳаракат таркиби шикастланган. Чоршанба куни станция ўз фаолиятини тиклади, барча рейслар белгиланган тартибда амалга оширилмоқда, дея хабар берди корхона. 

Ҳаммаси бўлиб, кун давомида Россия қўшинлари Херсон вилоятини 161 марта ўққа тутди, миномётлар, артиллерия, «Град» ялпи ўт очиш реактив тизимлари (ЯЎРТ), танклар, авиация ва УУАдан 853 та ўқ узилди, деб хабар берди 27 декабр куни эрталаб Херсон вилоят маъмурияти раиси Александр Прокудин.

Мавзуга оид