Жаҳон | 07:24 / 29.12.2023
21767
9 дақиқада ўқилади

2024 йил: Украинани Россия билан урушнинг энг оғир палласи кутмоқда

Тугаётган йил Украина учун Россия билан урушда бурилиш нуқтаси бўлиши керак эди, аммо у боши берк кўчага кириб қолди ҳамда бу Россия фойдасига ишлади, дейди экспертлар. Кейинги, 2024 йил, уларнинг фикрича, Киев учун энг қийин йил бўлади.

Фото: Picture Alliance

2024 йил бўсағасида Россиянинг Украинага қарши урушидаги ўзгаришлар кўламини тушуниш учун бир йил олдин содир бўлган воқеаларни эсга олиш керак. Ўшанда Украина президенти Володимир Зеленский Россия ҳаракатларидан кейин биринчи марта мамлакатни тарк этди. Вашингтонда у АҚШ Конгресси иккала палатасининг йиғилишида ғолибона нутқ сўзлади ва Бахмутдан олиб келинган байроқни топширди. Кўп ўтмай, АҚШ ва Германия биринчи марта Киевни Украина Қуролли кучлари қарши ҳужуми учун замонавий зирҳли техника билан таъминлаш ниятида эканини эълон қилди.

Миллионта снарядсиз, лекин F-16 билан 

Бир йил ўтгач, Бахмут Украина армияси томонидан қўлдан чиқарилди, унинг учун кураш уруш бошланганидан бери энг узоқ ва қонли жангга айланди. Бахмут тақдири, эҳтимол, Донецкнинг яхши мустаҳкамланган чеккаси - Авдийивкада такрорланади. Украина Қуролли кучлари қарши ҳужуми умидларни оқламади, бу кузда Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний тимсолида Украина қўмондонлиги томонидан тан олинди. Президент Зеленский декабр ойида АҚШга яна ташриф буюрди, аммо бу сафар унинг ташрифи худди ёнғин миссияси характерига эга бўлди. 

Украина раҳбари Конгрессда республикачи қонун чиқарувчиларни Киевга 61 миллиард долларлик ёрдам пакетини блокдан чиқаришга ишонтиришга уринди, бироқ муваффақиятга эриша олмади. Вашингтондаги Atlantic Council таҳлил маркази қошидаги Евросиё тадқиқотлари маркази директори, АҚШнинг Украинадаги собиқ элчиси Жон Хёрбст бунинг учун «Республикачилар партиясининг кичик бир қисмини» айблади, у Киевни қўллаб-қувватлаш масаласини АҚШга миграцияни чеклаш чоралари билан боғлаб қўйди. 2024 йил бошида «50 фоиздан юқори» эҳтимоллик билан ечим топилади, дейди собиқ дипломат DW «Геофаcтор» подкастида. 

Ғарб эндиликда Украинага нафақат янги қуролларни ваъда қилишни тўхтатган, балки ваъда қилинганларни етказиб бериш жадвалини ҳам бузмоқда. ЕИ 2024 йил мартигача Киевга 1 миллион дона ўқ-дориларни топширишга улгурмаслигини тан олди. Умумий тенденциядан истисно бу - F-16 қирувчи самолётлари. Украиналик учувчилар ўқув машғулотларини якунламоқда, биринчи самолёт яқин келажакда Киевга топширилиши мумкин. Улар Украина Қуролли кучлари салоҳиятини кучайтиради, деб ишонилади, бироқ экспертлар энди бу қирувчилар урушда катта бурилиш ясашини кутмаяпти. Жон Хёрбст ғарб давлатларининг Украинага юзлаб қирувчи самолётлар керак бўлганда, ўнлаб қирувчиларни топшириш режаларини «аччиқ ҳазил» деб атади. Худди шу нарса бошқа турдаги қуролларга ҳам тегишли. 

Ғарб бирдамлигидаги ёриқлар 

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг «ултиматуми» ҳозирча иш бермади, деб ҳисоблайди тарихчи, Венадаги Марказий Европа университети профессори Александр Эткинд. У Залужнийнинг The Economist журнали ноябр сонидаги Украинада ҳам, хорижда ҳам резонанс келтириб чиқарган мақоласини шундай баҳолади. Залужнийнинг ёзишича, фронтдаги вазият боши берк кўчага яқинлашиб қолган ва Украина Қуролли кучлари учун янги турдаги қуроллар етказиб берилмасдан туриб, муваффақиятга эришиш деярли имконсиздир. 

Уруш бошланганидан кейинги иккинчи йилда ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлаши биринчи марта энг юқори чўққига чиқди. Кўплаб янги қурол тизимлари етказиб берилди, аммо бу чекланган миқдорда амалга оширилди. Хёрбстнинг фикрича, бунинг ортида икки асосий ўйинчи - АҚШ ва Германиянинг «қўрқоқлиги» ётибди, улар, ўзлари айтганидек, Россиянинг Украинага қарши ядро қуролини қўллаш таҳдидидан хавотирда.

2023 йилда ғарбнинг Киев билан бирдамлиги нафақат президентлик сайловлари пойгаси бошланган АҚШда ёриқларни кўрсата бошлади. Европа Иттифоқида Шарқий Европа бир қанча давлатлари Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини зудлик билан чеклаб қўйди ва уларнинг баъзилари Украинадан оғир юк машиналари учун чегара ўтиш жойларини ёпишга ўтди. Киев эса бунга тайёр эмас эди. Йил охирида муаммо деярли бартараф этилди, аммо унинг кучайиши хавфи сақланиб қолмоқда. 

Киев ҳарбий муваффақиятлари: Москвадаги дронлар ва Қримга ҳужумлар 

Мутахассислар Украина раҳбарияти позициясидаги ёриқларни энг хавотирли жиҳат деб ҳисобламоқда, аммо Жон Хёрбст Вашингтондаги келишмовчиликларни унинг учун янада хавфлироқ деб ўйлаяпти. Муваффақиятсиз қарши ҳужум, ўзини оқламаган катта умидлар ва Киевда ғарб томонидан қўллаб-қувватлаш давом этишига шубҳалар фонида, кузатувчиларга кўра, президент Зеленский ва бош қўмондон Залужний ўртасида сезиларли кескинлик юзага келган. Бунгача Мудофаа вазирлигидаги коррупцияга оид айбловлар унинг раҳбари ўзгаришига олиб келганди. 2024 йил бошида янги вазир Рустем Умеров учун асосий синов, афтидан, сафарбарлик қоидаларини кенгайтириш ва кучайтириш бўлади. 

Украинанинг 2023 йилдаги ҳарбий муваффақиятлари, экспертлар фикрига кўра, Россия ичкарисидаги аэродромларга ҳужумлар, Москвага дронлар ҳужуми, шунингдек, Қримдаги ҳарбий нишонларга ҳужумлар, Қора денгиз флотининг заифлашиши ва дон блокадасининг бузилиши бўлди. Аммо, юқорида санаб ўтилганлар фронтдаги вазиятни ўзгартирмади. Исроилнинг ХАМАСга қарши уруши эса ғарб эътибори ва ресурсларини бошқа можаролар билан чалғитиш мумкинлигини кўрсатди. Кузатувчилар Европа Иттифоқи етакчиларининг Украина ЕИга қўшилиши бўйича музокараларни бошлаш қарорини якунланаётган йил охирида Киев учун бир неча ижобий ҳолатлардан бири деб атамоқда. Аммо Венгриянинг салбий позицияси туфайли Киевга у зудлик билан муҳтож бўлган 50 миллиард евролик ёрдам ажратиш масаласи очиқ қолаётгани бунинг соясида қолди.

Бундай юк билан, кузатувчилар тахмин қилишича, 2024 йил Россия Федерациясининг Украинага қарши уруши давридаги энг оғир йил бўлади. Уларнинг фикрича, уруш Киев учун Қримдаги ҳодисалардан кейин бошланган. Украинанинг ўзида ҳам, уни қўллаб-қувватлаётган мамлакатларда ҳам урушдан халқнинг чарчаши аниқ ортиб бормоқда. Таҳлилчилар энди фронтда муваффақиятга эришилишини кутмаяпти, Зеленскийнинг рейтинги ҳам пасайиб бормоқда. 2023 йил декабр ойида Киев халқаро социология институти (КХСИ) украиналикларнинг президентга ишончи 62 фоизни ташкил этганини қайд этди. Бир йил олдин бу кўрсаткич 86 фоиз эди.

«Россия ғолиб чиқиши мумкин» 

Мутахассислар Киев учун янги йилдаги асосий хавфни АҚШдаги президентлик сайловлари деб ҳисобламоқда, унинг натижасида яна республикачи Доналд Трамп ёки унинг тарафдорларидан бири Оқ уй эгасига айланиши мумкин. Бундай вазиятда кузатувчилар АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдами тубдан қисқаришини кутмоқда. «Бу Россиянинг Украинага қарши урушидаги энг хавфли жиҳатдир», деб огоҳлантирди Жон Хёрбст. Унинг сўзларига кўра, Американинг Киевга ёрдамисиз «Россия ғолиб чиқиши мумкин». 

Европа ўз ёрдамини оширишга тайёрланмоқда, аммо у АҚШ улушини тўлиқ ўз зиммасига олиши мумкин эмас. Бу фонда Киевдагилар НАТОнинг 2024 йил ёзида Вашингтонда бўлиб ўтадиган юбилей саммити бўйича умидлар ҳақида камроқ гапирмоқда. Украинани алянсга қабул қилиш қарори узоқроқ истиқболга айланиши мумкин. 

Мутахассисларнинг қайд этишича, 2024 йил энг яхши ҳолатда позицион уруш йилига айланиши мумкин, энг ёмон вазиятда эса - ички можаролар ва ғарбнинг камаядиган кўмаги Украина шарқи ва жанубидаги Харкив, Луҳанск, Донецк, Запорижжя ҳамда Херсон вилоятларида тобора кўпроқ ҳудудларнинг эгаллаб олинишига олиб келиши мумкин.

Ҳарбий ҳаракатларни музлатиш урушни тўхтата олмайдими? 

Ғарбда вақти-вақти билан кўриб чиқилаётган ҳолат - Россияга ҳудудий имтиёзлар эвазига ҳарбий ҳаракатларни музлатиш мумкинми? Уруш иккинчи йилининг охирида кўплаб кузатувчилар ҳали ҳам бундай сценарийни эҳтимолдан йироқ деб биляпти. «Россия музлатишни эмас, балки ғалабани, Украина раҳбариятининг сиёсий қулашини хоҳлайди», дейди Александр Эткинд. 

Киев ва ғарбдаги баъзилар Россиянинг ўзида ҳам ўзгаришлар бўлишига умид қилмоқда, у ерда президент Владимир Путин 2024 йил мартида яна бир муддатга сайланишни режалаштирмоқда. Александр Эткинд Россия Биринчи жаҳон урушидаги Австрия-Венгрия тақдирини такрорлаши мумкинлигини истисно этмади. «Аммо ҳарбий мағлубиятсиз бу фикрлар хом-хаёлдир», деб тушунтирди тарихчи. У Киевда сулҳ тузилиб, ҳукумат алмашган тақдирда ҳам уруш бошқа босқичга ўтишини, партизанча тус олиши мумкинлигини, аммо бутунлай тўхтаб қолмаслигини прогноз қилди.

Мавзуга оид