Жаҳон | 14:28 / 30.12.2023
14501
18 дақиқада ўқилади

АҚШ, Хитой, Россия ва Яқин Шарқ. Геосиёсий таранглик йили

Суҳбатимизни New York Times'да йил якунлари бўйича эълон қилинган бир мақола билан бошламоқчиман, унда айтилишича, келаси 2024 йил Халқаро майдонда ҳозиргидан ҳам кўпроқ муаммолар юзага келиши мумкин экан. Бугунги суҳбатимиз 2023 йил дунёдаги геосиёсий жараёнларга бағишланади.

Шундоқ ҳам 2023 йилнинг ўзи бир текисда ўтмади. Дастлаб, бошланганига деярли 2 йил бўлаётган Россия-Украина урушига тўхталсак.

Украина можароси қай нуқтада, урушнинг охири кўриндими?

Фарҳод Толипов: — Уруш охири кўринаётгани йўқ, лекин бир кун келиб тугайди, албатта. Аммо вазият қандай бўлади, янада чигаллашиб кетмайдими, деган табиий саволлар туғилади. Таҳлилчилар томонидан ҳам уруш тугаши бўйича аниқ вақт кўрсатилмаяпти. Урушлар, можаролар тугаши олдидан ўз аломатлари бўлади. Аммо бу уруш тугаши бўйича аниқ мезонлар ҳам қўйиш қийин бўляпти.

Бу уруш қандай ҳолда тугаши мумкин? Биринчиси, мағлуб бўлаётган ва ғалаба қилаётган томон аниқ бўлиши керак. Иккинчиси, мафкуравий томон, агар мафкурада компромиссга (муросага келиш) етакловчи тамойиллар пайдо бўлса, шунда келишувлар бўлиши мумкин. Лекин ҳозирги урушда мафкуравий томондан компромиссга боришга аломатлар пайдо бўлгани йўқ. Шу сабабли ҳали уруш давом этади, менимча. Агар АҚШ ва ЕИ Украинага ўтган даврдагидек баланд динамикада ёрдам беришда давом этса, Россия музокараларга бориши ҳам мумкин.

Камолиддин Раббимов: — Уруш шундай нуқтага келдики, икки томон ҳам мутлақ ташаббусни қўлига ололмайди. Россия Украинанинг 15-20 фоиз ерини босиб олиб, қаттиқ ўрнашиб олди. У ерларни қайтариш учун Украинага катта ҳужум ва энг замонавий қуроллар керак бўлади. Аммо Ғарбий Европадаги резервлар анча камайиб қолди, АҚШ эса бу йил сайлов билан овора бўлади, шу сабабли Украина қайтадан ташаббусни қўлга олиши жуда қийин, қарши ҳужум ҳам кутилган натижани бермади. Шунинг учун Киевда тушкун кайфият бор, Россия пропагандаси эса анча кўтаринки кайфиятда. Лекин бу ҳали Россия ғалабасини билдирмайди.

Камолиддин Раббимов

Россия демократик давлат эмас, Путин яна қайта сайланади, шунинг учун у келаётган сайловдан қўрқмайди. Жамоатчилик фикри инобатга олинмайди, Россия узоқ муддатли ҳолсизлантирувчи урушга тайёр. Агар у босиб олинган ҳудудларни қўлдан бермаса, сиёсий нуқтаи назардан ғалаба қилган бўлади. Украинага эса ерларини қайтариб олиши учун катта замонавий қурол-яроғ ресурси керак бўлади, аммо бунинг бўлиши эҳтимоли кам, афсуски.

Ҳамид Содиқ: — Геосиёсий вазиятларга баҳо беришда йилнинг бошланиши ё тугаши муҳим эмас. 2022 йилда бошланган уруш бу йил ҳам тўхтамади, кейинги йил ҳам тўхтамаслиги мумкин. Бундай катта миқдордаги ҳарбий техникалар ва ҳарбийларни ўзига тортган уруш феномени ўз ҳаёти билан яшаётгандай кўринади. Қайсидир маънода урушнинг тугаш-тугамаслиги Россия, Украина ва АҚШга ҳам боғлиқ эмас, яъни уруш шундай органик жараёнки, ўзининг мантиқий якуни бўлади, шуни кутишга тўғри келади.

2023 йилда бутун дунё Украинанинг қарши ҳужуми ва унинг ғалабасига ишонди, Украинада эмоционал бонуслар ҳам бор эди, чунки дунё ҳамжамияти у тарафда эди. Аммо йилнинг иккинчи ярмида муваффақиятсизликка учради. Бу Украинадаги коррупцион ҳолат, сиёсий ва ҳарбий элита ўртасидаги келишмовчиликлар билан боғлиқ масала бўлди. Натижада Украинадаги сиёсий элита ва фуқароларда тушкунлик пайдо бўлди. Бу томондан эса Путин тизимига катта кўтаринкилик берди, бу кўтаринкиликдан жуда эффектив фойдаланишяпти.

Бу билан бирга Путин тафаккуридаги куч ишлатишга нисбатан қарашлар ҳам ўзгарганини кўриш мумкин. Яъни бошқа давлатларга қаламни, маданиятни таклиф қиляпти. Шахсан мен учун бу қизиқ бўлди, куч ишлатиш ўрнига турли маданий йўлларни ҳам қидиряпти.

Йил давомида НАТОнинг кенгайиши ва Россия билан муносабатлари қандай шаклланди?

Фарҳод Толипов: — Анча зиддиятли савол бу. Йил бошида НАТО биз чекинмаймиз, Россияга қарши ҳар қандай чоралар кўрилади, Украинага ёрдам тўхтамайди, деди. НАТО раҳбарияти доирасида Россия эгаллаган ҳудудларни бериб, урушни тўхтатиш керак, деган фикрлар ҳам тарқалди. Аммо НАТО бош котиби бу гапларни рад этди, сиёсий ўйинга ҳам ўхшади бу.

Фарҳод Толипов

НАТО ҳозир трансформация жараёнида дейиш мумкин. Ўтган йили янги стратегия қабул қилди. Бу стратегияга янги глобал ёндашувлар киритилди.

Россия ва НАТО ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштирувчи кенгаш ишлар эди. Уруш сабаб фаолияти тўхтаб қолганди, аммо юридик тарзда тугатилгани йўқ. Шу кенгашни НАТО тугатмаслигини билдирди, яъни ҳали муроса қилинади деган маънода Россияга сигнал бўлди бу. Шу каби турли баёнотлар билан НАТО позицияси зиддиятли бўлди.

Камолиддин Раббимов: — 2023 йилда дунё геосиёсатида бўлган тенденцияларни қисқартириб гапирсак. Биринчидан, дунё давлатларида коллектив Ғарбдан қўрқиш даражаси пасайди ёки йўқолди, глобал жануб эса катта тезликда ривожланмоқда, аммо глобал жануб яхлит ташкилот ёки уюшма эмас, улар ўртасидаги зиддиятлар ҳам кучли.

Совет иттифоқи қулагандан кейинги даврни 3 га бўлиш мумкин: 1991 йилдан 2000-2001 йилгача дунёда мутлақ қудрат АҚШ бўлди; 2001 йил 11 сентябрдан кейин дунёда дифференциация бошлангандек бўлди; кейинги даврда Афғонистонда АҚШнинг мағлубияти, Яқин Шарқдаги вазият, Украина ва Россия уруши — булар фонида коллектив Ғарбдан қўрқиш пасайди, дунё давлатлари урушдан қўрқмай қўйди. Одамлар урушни меъёрий воқелик сифатида қабул қиляпти, аввалгидай уруш даҳшати ҳақидаги психология йўқолди.

НАТО ичкарисида инқироз мавжуд, чунки Туркия, Венгрия бор. Қолаверса, дунёда НАТОга бўлган эҳтиёж ошяпти, аммо унинг ичида инқироз ҳам бўляпти. Умуман, дунёдаги вазият тушунтириш қийин бўлган даражада мураккаблашиб бормоқда.

Ҳамид Содиқ: — Дунё НАТО борасида контрастни кўрди, яъни агрессор Россия ва агрессор Исроилга муносабатида. Бу урушлар бир вақтда бўлгани учун дунё ижтимоий тафаккурида жиддий чақнашни юзага келтирди. Яъни масалан, Путин болаларни Россияга олиб кетгани учун унга жиноий иш қўзғатилди, аммо Ғазодаги болалар ўлдирилгани учун ҳали ҳеч қандай айблов қўйилмади. Икки стандартни кўриш мумкин. Шу омиллар сабабли бутун дунё бунга эътироз билан қарай бошлади, бу эса глобал жануб тушунчасини вужудга келтирди.

Шавкат Икромов: — АҚШ президенти чиқишларидан бирида инсоният тарихий бурилиш палласида турибди, деганди. Инсонлар яқин-яқингача ишониб келган хавфсизлик тизимлари барбод бўлди ва катта ишончсизлик шаклланди. Ғарб, НАТО, глобал жануб, Россия тушунчаларини муҳокама қилар эканмиз, худди 90-йилларгача бўлган совуқ уруш ҳақида гаплашаётгандекмиз.

Россия ва Украина урушида қандай натижа бўлишдан қатъи назар, яна халқаро ҳуқуққа қайтиш, қайта тиклаш масаласи турибди. Агар халқаро ҳуқуқ тикланмаса, БМТ ўз вазифаларини бажармаса, келажакда урушлар оддий ҳол бўлиши ҳақидаги гаплар ҳақиқатга айланади, катта давлатлар бемалол кичик давлатларни босиб олади.

2023 йил Марказий Осиё ташқи сиёсатида қандай воқеалар билан якунланмоқда ва Марказий Осиё давлатлари 2024 йилга қандай чақириқлар билан кириб келяпти?

Фарҳод Толипов: — Бу йил Марказий Осиё учун ҳам синовли йил бўлди. Сентябр ойида 5-маслаҳатлашув учрашуви бўлди. Бу учрашувдан кўп нарса кутилган эди, кўп фикрлар, таклифлар билдирилди. Аммо шахсан ўзим кутганимдек катта натижалар бўлмади. Тўғри, баёнот ҳужжати кўринишида яхши ташаббуслар ҳам илгари сурилди. Маслаҳатлашув кенгашининг координаторлар кенгаши тузилиши айтилди, буни интеграция ва институционаллашувга қадам деб қабул қилдик. Президентлар йилда бир марта маслаҳатлашув кенгаши ўтказса, координаторлар доимий ишлайди. Аммо 3 ой ўтди ҳамки координаторлар кенгаши тузилгани ҳақида маълумот йўқ. Қарорлар, баёнотлар чиройли ва жозибали, аммо амалда дадил қадамлар бўлмаяпти, Марказий Осиёда интеграция секинлашяпти, буни тезлаштириш керак. Чунки бошқа шу каби, бундан ҳам имконияти паст бўлган тузилма, ташкилотлар ўзиб кетяпти биздан. Ҳатто Хитой томони C5+1 шаклини доимий кенгашга айлантириш таклифини берди, шунинг учун Марказий Осиё интеграциясини тезлаштириш керак.

Шавкат Икромов: — Ростдан ҳам биз негадир Марказий Осиё интеграцияси масаласида жуда бемалол ҳаракат қиляпмиз. Лекин ташқаридан C5+1 форматидаги учрашувлар, кенгашлар ташкил этиляпти, яъни улар аллақачон бизни яхлит минтақа сифатида кўришади. Аммо ўзимиз бу яхлитликка шошилмаяпмиз. 5 марта маслаҳатлашув кенгаши бўлгани билан ҳали у қадар интеграцияга катта таъсир қилувчи натижа йўқ. Биринчи-иккинчи кенгашларда кейинчалик ташкилот даражасига чиқар деб ўйлагандик, аммо бу ҳам бўлганича йўқ. Атрофимиздаги геосиёсий майдонда таҳликали вазият ҳукмрон, эшигимизгача келиб турибди, аммо биз Марказий Осиё интеграциясига шошилмаяпмиз.

Шавкат Икромов

Ҳамид Содиқ: — Марказий Осиё учун 2023 йилни 2022 йил билан таққослаш керак, менимча. 2022 йил Марказий Осиё учун тахликали бўлди, йил бошланиши билан Қозоғистондаги Қантар воқеаси, Ўзбекистондаги Нукус воқеалари, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги сув масаласидаги конфликт, Қўштепа масаласи. 2023 йилда эса бундай беқарорликлар бўлмади, аммо институционаллашувга ҳаракат ҳам бўлмади. Авторитар давлатлар институционаллашувга ҳаракат қилмайди, чунки институционаллашув тизимли суверенитетсизлашиш дегани ҳамдир. Яъни маълум бир давлатлар атрофида институционаллашув ўзининг суверен ҳуқуқларини юқори турувчи ташкилотга беради. Ўз давлатида комфорт ҳудуд яратган раҳбарлар ўз суверен ҳуқуқларини бошқа ташкилотга беришни истамайди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида яқинлашиш бор, чунки сиёсий тузумлар юмшаган бу давлатларда. Қозоғистон Россия томонидан ташқи босимга кўпроқ учраётгани учун унда бирлашишга эҳтиёж бор. Марказий Осиёнинг тарихий маркази бўлган, аҳоли энг кўп яшайдиган Ўзбекистонга ҳам Москванинг босимлари бор, шу сабабли Ўзбекистон ва Қозоғистон яқинлашиб бормоқда. Бу ерда фундаментал ва иқтисодий факторлар ҳам бор, албатта. Аммо Марказий Осиё давлатларида фуқаролик ва ватандошлик жамияти анча суст, шу ҳам интеграцияга бир тўсиқ.

Камолиддин Раббимов: — Постсовет ҳудудида уруш давом этяпти, Россиянинг империячилик кайфияти кучайган, Прилепин Ўзбекистонга тўғридан тўғри таҳдид қилди. Минтақадаги сув муаммоси, экологик муаммолар ҳам жойида турибди.

Институционаллашув ҳақида гапирсак. Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашиб, фикр алмашиб турибди. Аммо бу давлатлар ўртасида мустақил ишлайдиган бирорта халқаро институт мавжуд эмас. Масалан, ЕИда Европа парламенти, Европа кенгаши, Европа комиссияси бор, Марказий Осиёда эса бундай нарсалар мавжуд эмас. Ҳукуматга яқин бўлган бир эксперт бир фикрни айтиб қолди. Агар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳатлашув кенгашини бирор ташкилотга айлантирсак, Россия шу заҳоти бу ташкилотга кираман деб ариза беради ва қандай йўқ деб жавоб беришни билмай қоламиз. Шунинг учун маслаҳат кенгаши форматида ушлаб турибмиз, деган фикрларни айтди. Россияга йўқ дейишга қўрққанимиз учун ҳам интеграция тўхтаб турибди. Қудратли давлатларнинг қош-қовоғига қараш даражаси юқори, афсуски.

АҚШ-Хитой муносабатлари йил якунига келиб қай нуқтада?

Фарҳод Толипов: — Ўйлашимча, бу икки давлатнинг ҳозирги муносабатларини меъёрий деб баҳолайман. АҚШ ва Хитой муносабатлари оддий муносабат эмас ҳарҳолда, глобал миқёсда катта давлатлар. Шу нуқтаи назардан улар катта давлатларга хос ҳаракат қилади ва табиийки, бир-бирига рақобатчи бўлади, бусиз бўлмайди. Савдо урушлари қачондир кескинлашади, қачондир пасаяди. Қолаверса, бу 2 давлат ўртасидаги кескинлик маълум бир «қизил чизиқ»дан ўтиб кетса, бутун дунёга катта таҳдид бўлишини икки томон ҳам яхши англайди. Хитой ва АҚШ раҳбарлари томонидан ҳам, баёнотларда ҳам секин-секин бундан бу ёғида дунё тартиботи кўпроқ шу икки давлатга боғлиқ бўлиши жамоатчиликка уқтирилмоқда.

Камолиддин Раббимов: — АҚШ ва Хитой муносабатлари дунё сиёсатидаги энг катта интригани юзага келтирган. Хитой катта тезликда иқтисодий ўсди ва шунга мувофиқ тарзда геосиёсий амбиция пайдо бўлди. Си Жинпинг даврида Хитой ташқи сиёсатда ўзининг алоҳида позицияси борлигини кўрсатмоқда. Хавфсизлик кенгашида ҳам АҚШ лойиҳаларига бемалол вето қўядиган ҳолатга келди, олдин ундай эмасди. Яқин 10 йилликда АҚШ ва Хитой ўртасида ҳақиқий уруш бўлиши мумкин, деган тафаккур ҳам шаклланяпти.

АҚШ сиёсий мутафаккирларида Хитой иқтисодий ўсгач, у ерда ўрта синф шаклланиб, секин-секин демократияга ўтади ва демократик Хитой Ғарбнинг яқин иттифоқчисига айланади, деган фикр бор эди. Аммо бу таҳлил ўзини оқламади. Хитой ташқи сиёсатда авторитар тузумларни қўллаяпти, демократияни таҳдид деб биляпти, ички сиёсатда этник камчилик бўлган миллатларни бостиряпти.

Путин билан учрашувида 2 марта Марказий Осиёда рангли инқилобларни ўзимиз учун таҳдид деб биламиз, деди. Яъни рангли инқилоб халқнинг ўзининг ички кайфияти деган фикрдан йироқда улар. Шу сабабли келажакда АҚШ билан реал ҳарбий тўқнашув эҳтимоли катта, шундоқ ҳам ҳозир гибрид уруш кетяпти. Байден Трампнинг кўп қарорларини бекор қилди, аммо Хитойга нисбатан қарорларини бекор қилмади. Украина ва Яқин Шарқдаги вазият тинчигач, асосий фокус Хитойга қаратилиши мумкин, деган фикр кучли.

Ҳамид Содиқ: — Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари ҳам ҳал қилувчи жангларгача маълум бир «раунд»лардан ўтган. Мана шу нарсани ҳозир кўряпмиз, Қорабоғ уруши, Украина уруши, Яқин Шарқдаги уруш, Венесуэла Гаянани босиб олмоқчи, яна бошқа кичик урушлар. Катта финал жангини кутаётгандек дунё. 2024 йил бу режалаштириш, кимнинг ким томонда эканини аниқлаш, инвестиция ва ресурсларни йўналтириш кабиларни ҳисоб-китоб қилиш йили бўлади, менимча. 2025 йилдан эса жиддий геосиёсий фаоллик бошланса керак.

Ҳамид Содиқ

Шавкат Икромов: — Хитой Украинадаги уруш фонида вазиятни мамнуният билан кузатмоқда, чунки коллектив Ғарб қанчалик кўп молиявий ва ресурс йўқотишларига дуч келса, Хитой учун шунча яхши бўлади АҚШ билан тўқнашувда. Шу маънода Яқин Шарқда ҳам Фаластинни қўллаяпти.

Фаластин-Исроил муаммоси бугун қай босқичда, урушнинг охири борми?

Шавкат Икромов: — Нетаняҳунингг ўзи айтгандек, ҳозир бу уруш фаол босқичда. Биламизки Исроил Ғазода 3 та вазифани олдига қўйган: ҲАМАСни тугатиш, Ғазода демилитаризация жараёнларини амалга ошириш ва Фаластин аҳолиси орасида дерадикализация жараёнларини ўтказиш.

Уруш бошланган бери Нетаняҳу баёнотлари тез ўзгаряпти. Исроилда уруш учун асосий мақсад бўлмаган бошидан, фақат ҲАМАСни йўқ қилиш ва асирларни озод этишни кенгроқ баён қилган. Ғазони буткул вайрон қилиб, саноқсиз одамларни ўлдирди, лекин ҲАМАСни йўқ қилолгани йўқ. Ғазони тўлиқ эгаллагани ҳам йўқ ҳали, уруш давом этяпти. Ғарб ва араб давлатлари экспертлари фикрича, уруш яна давом этади, лекин ҳозиргидай шиддатли бўлмайди. Чунки Исроил ҳукумати тушундики, ҲАМАС раҳбарларини йўқ қилолмайди, йўқ қилса ҳам, уларнинг ўринбосарлари бор. Агар ростдан ҳам ҲАМАС раҳбарларини йўқ қилмоқчи бўлса, мақсадли уруш олиб бориши керак, ҳозиргидай қирғин ва вайронагарчилик эмас. Бу нарсани коллектив Ғарб ва АҚШ ҳам талаб қиляпти. Исроил Ғарбнинг талабларини бажаргани учун қаттиқ танқидга учрамоқда. Бу эса Исроилни қўллаш пасайиши мумкинлигини англатади. Лекин Нетаняҳу ҳукумати ўз мақсадидан воз кечолмайди. Ҳозир Исроил халқи ҳам иккига бўлинган, бир томон Нетаняҳуни қоралайди ҳокимиятдан кетишини истайди, бир томони эса уни қўллайди. Исроилнинг ўзида хавфсизлик институтларига нисбатан ишонч сўнган. Агар Нетаняҳу урушни тўхтатиб, музокаралар қилишни билдирса, бу сўниш давом этади, Исроил ҳарбий қудратига ишонч қолмайди ўз халқида ҳам. Умуман, уруш 2024 йилда ҳам давом этади, ҲАМАСнинг ҳам ҳали иродаси бор уруш учун. Исроил қўли баланд келаётгандек, аммо ҳали ҲАМАС урушни давом эттиради.

Фарҳод Толипов: — Уруш бошланиши, қўйилган мақсадлар 2 томондан ҳам стратегик хато бўлди деб ўйлайман. Чунки ҲАМАСни йўқ қилиш имконсиз масала, радикализмни ҳам йўқ қилиб бўлмайди, чуқур тарихий илдизга эга бу, шу ўринда Исроилни ҳам йўқ қилиб бўлмайди.

2024 йилда Фаластинга давлат мақоми берилиши масаласи кўтарилмоқда дунё ҳамжамияти томонидан, буни Ўзбекистон томони ҳам таъкидлади. Шундагина тинчлик ўрнатилишига умид боғлашимиз мумкин.

2024 йил дунёдаги қайноқ нуқталарда ҳам тинчликка эришиш ва Глобал ҳамжамият, зиддиятли масалаларда ўзаро консенсусга эришиш даври бўлишига умид қиламиз.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид