Ўзбекистон | 16:29 / 30.12.2023
8505
2 дақиқада ўқилади

Туркия компанияси таъсисчиси Ўзбекистоннинг «Дўстлик» ордени билан тақдирланди

Истанбул шаҳрида Ўзбекистон президенти тегишли фармони билан «Дўстлик» ордени билан тақдирланган Туркиянинг Cengiz Holding компанияси таъсисчиси Мехмет Женгизга мукофотни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Дунё

«Дунё» хабарига кўра, тантанали тадбирда мазкур ҳолдинг бошқарув кенгаши аъзолари ва компания ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консули Шерзод Абдуназаров давлат раҳбарининг Мехмет Женгизни «Дўстлик» ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги тегишли фармонини ўқиб эшиттирди.

Мехмет Женгиз мукофотни қабул қилиб олар экан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга унинг фаолиятига берилган юксак баҳо ва «Дўстлик» ордени билан тақдирлангани учун миннатдорлик билдирди.

- Ҳурматли тадбир қатнашчилари, хонимлар ва жаноблар. Ҳаётим давомида кўплаб медал ва орденлар билан тақдирланганман. Лекин Ўзбекистон президенти томонидан тақдим этилган мазкур «Дўстлик» ордени мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон бизнинг она тупроғимиз. Юртингизга сармоя киритдик, дўстлик алоқаларини ўрнатдик. Бугун мен бу орденни фахр ила қабул қилдим. Фурсатдан фойдаланиб, юксак эътибор учун Ўзбекистон етакчисига миннатдорлик билдираман. Ўзбекистонда бизга яратиб берилган имкониятлар натижасида ўз фаолиятимизни йўлга қўйдик. Шу орқали биз икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ривожига оз бўлса-да ҳисса қўшяпмиз, - деди у.

Мавзуга оид