Жаҳон | 13:19 / 01.01.2024
22446
2 дақиқада ўқилади

Японияда кучли зилзила. Цунами хавфи эълон қилинди

Ер силкиниши ортидан сув тўлқини 5 метрга кўтарилиши мумкин, дея огоҳлантирган Япония метеорология агентлиги. Соҳил бўйи ва дарёлар яқинидаги ҳудудлар аҳолиси эвакуация бўлишга чақирилган.

Хонсю, Япония (Фото: NASA)

Япониянинг асосий ороли бўлмиш Ҳонсюнинг шимолий-ғарбий соҳилларида жойлашган Исикава префектурасида зилзила рўй берди, деб хабар бермоқда TV Asahi.

Зилзила эпимаркази Ното яриморолида, ўчоғи 10 км чуқурликда жойлашган. Ер силкиниши 7,4 магнитуда, ундан кейин рўй берган афтершоклардан энг кучлиси 6,1 магнитуда деб баҳоланди.

Мамлакатнинг бутун шимолий-ғарбий соҳиллари бўйлаб цунами хавфи эълон қилинган.

Ҳукумат тўлқин баландлиги 5 метрга етиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Япония метеорология агентлигига кўра, цунами аллақачон соҳил ҳудудларга етиб келган. Исикава префектурасидаги Вадзима шаҳрида 1,2 м баландликдаги тўлқин қайд этилган, Тояма шаҳрида (шу номдаги префектура маркази) — 80 см, Ниигата префектурасидаги Касивадзаки шаҳрида  — 40 см.

Соҳил ҳудудларда ёки дарё бўйларида яшовчи аҳолидан зудлик билан эвакуация бўлиш сўралган. Ер силкинишлари туфайли «Синкансэн» темирйўлининг уч линиясида тезюрар поездлар ҳаракати тўхтатилган.

  • Декабр ойи ўрталарида Хитой шимоли-ғарбидаги Гансу провинциясида 6,2 магнитудали зилзила рўй берганди. Ер силкиниши оқибатида ўнлаб уйлар қулаган, йўллар, алоқа тармоқлари ва ичимлик суви таъминоти шикастланган, 140 киши ҳалок бўлиб, 1 минг атрофидаги киши жароҳатланганди.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид