Иқтисодиёт | 15:54 / 05.01.2024
11786
1 дақиқада ўқилади

“Палов индекси”: Ўзбекистонда ош нархи бир йилда қанчага ошди?

2023 йил давомида палов нархи Бухорода 32 фоизга, Қашқадарёда 31 фоизга, Наманганда 30 фоизга қимматлади. Бу – расмий озиқ-овқат инфляциясидан камида 3 баробарга юқори. Ош баҳосининг энг кам ошиши Самарқанд (9,5 фоиз), Жиззах (12 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (13 фоиз) кузатилди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Статистика агентлиги ҳар ой якунида ҳудудлардаги ош марказларида сотилаётган паловнинг ўртача нархларини эълон қилиб боради. Kun.uz ушбу маълумотлар асосида ўзбекистонликларнинг асосий истеъмолидаги миллий таоми бўлган палов нархларининг ўзгаришини ўрганди.

2023 йилнинг декабр ойида энг қиммат палов Тошкент шаҳрида сотилган – бир порцияси – 29 700 сўм. Кейинги ўринлардан Бухоро (28 200 сўмдан) ва Самарқанд (27 000 сўмдан) вилоятлари жой олган. Энг арзон ош эса Наманган вилоятида – бир порцияси 20 000 сўмдан сотилган.

2022 йилнинг декабри билан таққослаганда, бир йил ичида палов нархи Бухорода 32 фоизга, Қашқадарёда 31 фоизга, Наманганда 30 фоизга қимматлаган. Ош баҳосининг энг кам ошиши Самарқанд (9,5 фоиз), Жиззах (12 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (13 фоиз) кузатилган.

Эслатиб ўтамиз, Статистика агентлиги 2023 йил якунлари бўйича Ўзбекистондаги инфляция даражасини 8,77 фоиз деб эълон қилган. Хусусан, ўтган йилда озиқ-овқат маҳсулотлари 9,7 фоизга қимматлашган. Эътиборли жиҳати, деярли барча ҳудудларда палов нархининг ошиши расмий озиқ-овқат маҳсулотлари инфляциясидан юқори бўлган. Бу кўрсаткич Бухоро, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида 3 баробардан баландроқ шаклланган.

Палов учун зарур асосий маҳсулотлар нархининг ўзгариши

Статистика органига кўра, ўтган йил давомида мол ва қўй гўшти нархи 9,3 фоизга, гуруч ва гуруч оқшоғи нархи 38,7 фоизга қимматлашган.

Ўз навбатида, пиёз нархи 40,7 фоизга, сабзи нархи 15,5 фоизга, ёғлар ва мойлар 9,7 фоизга, жумладан, кунгабоқар ёғининг нархи 17,8 фоизга арзонлашган.

Мавзуга оид