Саудия–Туркия муносабатлари: геосиёсий чизгилар
Декабр ойи охирида “Галатасарой” ва “Фенербаҳче” клублари ўртасида Ар-Риёдда бўлиб ўтиши керак бўлган Туркия суперкубоги ўйини бекор қилинган эди. Бунга турк клубларининг Мустафо Камол Отатурк акс этган либосда тўп суришига ва ўйинда Ғазодаги урушни қораловчи баннер кўтарилишига саудларнинг розилик бермагани сабаб бўлди.
Kun.uz мухбири “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Шавкат Икромов ва Камолиддин Раббимовдан Туркия ва Саудия Арабистони муносабатлари қандай шакллангани ҳақида сўради.
— Бир неча кун аввал Туркиянинг икки клуби ўртасидаги футбол учрашуви бекор бўлишига сиёсий сабаб кўрсатилди. Саудия Арабистони нима учун Отатуркка ва Ғазони қўлловчи баннерларга нисбатан тоқатсизлик қилди?
Шавкат Икромов: — Аслини олганда, Саудия томонидан бу сингари тақиқлар анча аввал киритилган. Буни футбол мусобақаси ёки Туркия ва Саудия муносабатлари билан боғлаш тўғри эмас. Саудиянинг 7 октябрдан бери ўтказилаётган тадбирларига қарайдиган бўлсак, мода ҳафталиги, Қизил денгиз кино фестивали, халқаро бизнес форум кабилар – ҳаммаси йил бошида қандай режаланган бўлса, шундай ўтди, фақат бу тадбирларга битта қўшимча чеклов киритилди: ҲАМАС ҳаракатини қўлловчи шиор-белгилар бўлмаслиги керак. Ҳаж ва Умра ибодатлари, масжидларда Фаластин масаласини кўтариш ҳам мумкин эмасди.
Бу ерда Туркия ва Саудия муносабатларига эмас, Саудия ва ҲАМАС муносабатларига эътибор қаратиш керак. ҲАМАСдек нисбатан кичик гуруҳ Саудиядек катта давлатнинг кўпгина лойиҳаларини, ютуқларини йўққа чиқаряпти. Масалан, минтақавий хавфсизлик катта сўроқ остида, Саудия эса кўп йиллардан бери минтақавий хавфсизлик учун ҳаракат қилаётган, Исроил ва Эрон билан алоқаларни барқарорлаштириш йўлидан бораётган эди. Туризм соҳасида катта лойиҳалари бор эди. Буларнинг барчаси ҳозирча хавф остига тушиб турибди, шунинг учун Саудия ҳукумати ҲАМАСга нисбатан салбий муносабатда бўлмоқда. Айтганимдек, бу масалани Туркия ва Саудия муносабатлари доирасида муҳокама қилиш керак эмас.
Камолиддин Раббимов: — Бу ерда барибир сиёсий элементлар мавжуд, менимча. Бу конфликтда асосий бир нечта ёндашув (контекст) мавжуд, деб ўйлайман. Биринчиси, тарихий контекст, яъни Саудийлар сулоласи икки марта ҳокимиятга келишида Усмонли турклар билан курашган ва уларнинг босими остида бўлган.
Иккинчиси, геосиёсий контекст. Минтақада 3 та йирик мусулмон давлати бор: Туркия, Саудия ва Эрон, улар дунёга ўз геосиёсий мафкурасини тақдим этади. Бу борада Эроннинг имкониятлари чекланган, асосий омил уларнинг шиа экани, чунки мусулмон дунёсида 88-90 фоиз одам суннийликда. Ҳозир Саудия ва Туркия ярашишга ҳаракат қиляпти. Араб баҳоридан кейин араб давлатлари Қатарни блокада қилганида Туркия Қатарни сақлаб қолди, ҳарбий базасини ҳам жойлаштирди. Истанбулдаги Саудия консулхонасида Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши фонида Саудия ва Туркия муносабатлари ҳаддан ташқари салбийлашди.
Отатурк рамзига нисбатан муносабат Саудияда ижобий эмас. Кейинги йилларда Саудия спорт борасида ўзининг супер қудратини кўрсатишга уриняпти. Дейлик, Италия ёки Испания клублари ўзларининг сиёсий арбоби рамзини кўтариб чиққанда, индамас эди Саудия, аммо юқорида айтилган тарихий ва сиёсий контекстлар сабаб Туркия клубларига рухсат бермади.
Лекин бир нарсага эътибор бериш керак. Туркия ва Саудия ОАВлари бу воқеликни кўп ҳам шов-шув қилмаяпти, чунки муносабатлар нормал бўлиши икки томоннинг ҳам манфаати.
— Тарихий жараёнда икки давлат муносабатлари рақобатми ёки зиддиятми?
Шавкат Икромов: — Туркия ва Саудия тарихан рақобатчидек кўринади. Бу икки давлат ўртасида конфликтлар баёнот ва дипломатик риторикаларда бўлган фақат. Мутахассислар ҳам Туркия ва Саудия ҳеч қачон тўғридан тўғри низога бормаслигини айтади.
Икки давлат мусулмонлари ҳам суннийлар, аммо Туркияда ҳанафийлик, Саудияда кўпроқ ваҳобийлик, ҳанбалийлик таълимоти. Саудия Мусулмон биродарлар каби ҳаракатларни тақиқлаган, Туркияда эса Эрдўғаннинг идеологик яқинлиги сабаб бу ҳаракат қўлланади.
Саудияликлар тарихда биз туркларга ислом динини олиб бордик, кейинги тараққиёт дин билан боғлиқ бўлди, дейди. Туркияликлар эса бу каби гапларни тан олмайди ва араблар маданий жиҳатдан тараққий этмаганини таъкидлайди. Усмонлилар араблар устидан ҳам ҳукмронлик қилган ўз вақтида, республика ташкил топгандан кейин эса бундай империя сиёсатидан воз кечилди. Саудия эса ўзини бутун дунё мусулмонларига етакчи сифатида кўрсатишга ҳаракат қилди.
70-80-йилларда Саудия ва Туркия муносабатлари жуда яқин бўлган, кўпроқ иқтисодий томондан бу. Аммо “Араб баҳори” воқеаларидан кейин муносабатлар кескинлашди. “Араб баҳори” даврида Туркия кўпроқ маҳаллий мухолиф гуруҳларни қўллаган бўлса, Саудия амалдаги ҳукуматларни қўллади. Зиддиятларнинг энг юқори нуқтаси 2017 йилда Қатар Саудия, БАА, Миср, Баҳрайн томонидан блокада қилиниши фонида бўлди, Туркия Қатарга ёрдам берди. Туркияга нисбатан эълон қилинмаган санкциялар ҳам бўлди.
2022 йилга келиб муносабатлар анча яхшиланди. Эрдўған Саудияга борди, Саудия шаҳзодаси ҳам Туркияда бўлди. Умуман олганда, бу икки давлат бир-бирига ҳар томонлама керак, хавфсизлик, иқтисодий, сиёсий томонлама.
— Икки давлатнинг Яқин Шарқ минтақаси бўйича геосиёсий векторлари қандай?
Камолиддин Раббимов: — Яқин Шарқдаги позицияда тафовут бўлган доим. Туркия демократик давлат, унинг ҳокимияти тепасига қанчалик авторитар шахс келмасин, барибир демократияни сақлайди. Шунинг учун бу демократик структура ҳокимият тепасига келган шахснинг тафаккурини йўналтиради. Эрдўған унинг ортида Туркиянинг камида ярим аҳолиси турганини билади, шунинг учун НАТО аъзолиги, яқин ўтмишда АҚШга яқин иттифоқчи бўлганига қарамасдан, мустақил геосиёсий ўйинчи сифатида кўрилади. Эрдўған янги геосиёсий ўйинчи сифатида тарихда қолади, у ўта зиддиятли геосиёсий ўйин моделини яратди ва буни бошқа давлатлар ҳам ўзлаштиряпти, жумладан, Саудия.
Саудия мутлақо бошқа сиёсий тузум, демократия ҳақида гап бўлиши мумкин эмас у ерда. Саудиянинг минтақадаги хавфсизлигини таъминлаб келган АҚШ эди, аммо бугунги кунда АҚШ билан маълум бир зиддиятлар кучли, алоқаларни узгани йўқ, аммо Саудия векторларини кўпайтириб (геосиёсий тақсимланиш), Хитой ва Россия билан ҳам муносабатларга киришяпти.
Саудия ижтимоий тафаккурида Ислом омили юқори бўлса ҳам, ички сиёсат шаръий олиб борилса ҳам, демократия бўлмагани учун ҳокимият ва халқ ўртасида кучли зиддият мавжуд. Чунки авторитар ва монархия давлатларда халқ кўчага чиққанида халқнинг хатти-ҳаракати, фикрлаши қандай бўлишини ҳеч ким моделлаштира олмайди. Лекин Туркияда, аксинча. Масалан, 2016 йилда ҳарбийлар Эрдўғанни ағдармоқчи бўлди, аммо Эрдўған оддий телефонида Twitter ва Facebook орқали халққа мурожаат қилди, шунда халқ кўчага чиқиб, Эрдўғанни ҳимоя қилди ва унинг ҳокимиятини сақлаб қолди. Яъни Саудия ва Туркиянинг геосиёсий майдондаги позициясида халққа таяниш даражаси кескин фарқ қилади.
Лекин бу икки давлатни бирлаштирадиган нуқталар ҳам бор. Хусусан, икки давлат ҳам АҚШдан масофа сақлаб боряпти, Россия билан маълум бир манфаатлар йўлида иттифоқчилик қиляпти.
Фаластин масаласида Саудия жамияти тўла Фаластин томонида, аммо ҳокимият бунга изн беролмайди, чунки йиллар давомида йиғилиб қолган норозилик Фаластин масаласи билан юзага чиқиб кетиши мумкин. 300 миллионлик араб кўчасида Эрдўғаннинг рейтинги юқори. Сабаби демократик тизим, Фаластинни очиқ қўллашни билдириш кабилар. Ўз навбатида, Туркия ҳам Ғарб ва Исроил билан иқтисодий боғланган.
Шавкат Икромов: — Саудия Мусулмон биродарлар ташкилоти билан қандай муносабатда бўлган бўлса, ҲАМАС билан ҳам шундай муносабатда, чунки ҲАМАС Мусулмон биродарлар ташкилотининг бир қаноти сифатида ташкил этилган эди. Уруш бошида Саудия расмийлари: “ҲАМАСнинг ҳаракатлари Фаластин халқининг ҳаракатларини ифодаламайди, биз кўп йиллардан бери дипломатик йўлда тинчликка ҳаракат қилдик, аммо ҲАМАС буларни барбод қилди”, деган баёнот берган эди. Саудия Ғазо аҳолиси учун тинчлик, барқарорлик бўлишини истайди, уруш бошланганида бу масалада Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда йиғилишини ҳам чақирди.
Туркиянинг вазият бўйича ҳаракатлари кўпроқ баёнотлар шаклига эга. Тўғри, ҳуманитар ёрдамлар юборилди, Исроилни жиноятчи давлат сифатида эътироф этди. Яъни ҲАМАСни қўллаш ёки Исроилга қарши туриш бўйича амалий ҳаракатлар йўқ. Солиштириладиган бўлсак, Эрон ҲАМАСни қўллаётгани маълум, Қатар ҳам қўлламоқда, гарчи фақат ҳуманитар ёрдам деб эътироф этса-да.
— Туркия ва Саудия Арабистонининг Марказий Осиёда манфаатлари қай нуқтада кесишади?
Камолиддин Раббимов: — Марказий Осиёда бу икки давлатнинг манфаатлар тўқнашуви ҳозирча кузатилаётгани йўқ. Туркия ва Саудиянинг бизнинг минтақадаги иштироки икки хил. Биламизки, Туркия минтақада жуда фаол, бунга Эрон каби давлатлар ҳавас ҳам қилади, мисол қилиб солиштириб кўрсатишади. Саудия, умуман, бошқа араб давлатларининг ҳам Марказий Осиёдаги фаол иштироки кузатилгани йўқ.
Саудия ниҳоятда бой, унинг инвестиция киритиш потенциали жуда катта. 2016 йилга қадар Ўзбекистоннинг Саудия ва Туркия билан муносабатлари жуда тушиб кетган эди, анча совуқ эди. Иккинчи маъмурият даврида эса Туркия билан муносабатларда янги бир саҳифа очилди, умуман минтақа билан шундай бўлди. Яқинда бир тожикистонлик мутахассис айтдики: Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари сўнгги 100 йил ичида бу қадар яхши бўлмаган. Ҳатто собиқ иттифоқ таркибида пайтида ҳам рақобат кучли бўлган, деган фикрларни айтди.
Саудия нефт нархи тушиб кетган ҳолатда ҳам кунига 1 млрд доллардан ортиқ даромад олади. Бугунгидек яхши нарх бўлиб турганда эса кунлик даромад 2 млрд доллардан ошади. Саудия ЯИМнинг 80 фоизидан кўпини нефт қоплайди. Лекин Саудия қўшимча секторлар яратишга ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистон Саудия сармояларини ўзига йўналтиришга ҳаракат қилади. Бу борада Қозоғистон билан маълум бир рақобат муҳити ҳам мавжуд. Умуман, Туркия ва Саудиянинг минтақадаги фаоллик даражасини оладиган бўлсак, Туркия икки баробар фаолроқ дейиш мумкин.
— Араб давлатлари учун туркий давлатлар яқинлиги, геосиёсий бирлашуви каби масалалар қанчалик муҳим?
Шавкат Икромов: — Саудия ташқи сиёсат олиб боришда 3 ҳалқа мавжуд деб қарайди: Кўрфаз араб давлатлари, бошқа араб давлатлари ва бошқа мусулмон давлатлари. 90-йиллар бошида Саудиянинг постсовет ҳудудидаги мусулмон давлатларини мусулмон дунёсига қайтариш бўйича дастурлари бор эди, ҳаракат қилиб кўрди. Аммо 90-йиллар охирида Саудия тушундики, бу ҳудудларда Туркиянинг этник таъсир омилини арабларнинг диний омили енга олмайди. Узоқ йиллар совет иттифоқи таркибида диндан узоқлаштириш сиёсати остида яшаган халқларни диний мотивлар билан жалб қилиш қийин эди. Марказий Осиё давлатлари ҳам Саудиядан фақат инвестиция кутган эди, диний идеология тарғибини эмас.
Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари интеграциялашувига ҳаракат фонида Кўрфаз араб давлатлари билан учрашувлар ҳам бўлди. Яъни араб давлатлари ҳам Марказий Осиёни яхлит бир интеграциялашган минтақа сифатида кўришни истайди, чунки бу киритилаётган инвестиция хавфсизлиги учун муҳим.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
18:01 / 10.11.2024
Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони ва Озарбойжонга боради
16:43 / 06.11.2024
Эрдўған туркийзабон давлатларни умумий алифбога ўтишга чақирди
21:46 / 05.11.2024
«Трамп президент бўлса, Яқин Шарқдаги вазият қийинлашади» — Камолиддин Раббимов
18:09 / 05.11.2024