Ўзбекистон | 11:04 / 07.01.2024
35192
15 дақиқада ўқилади

Тренддаги исмлар, экология инқирози ва ишдан олинган Иноятов — ҳафта дайжести

Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган энг муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

Энг кўп қўйилаётган исмлар

Адлия вазирлиги анъанага кўра ўтган йили туғилган чақалоқларга энг кўп қўйилган исмлар топ-ўнталигини эълон қилди. Унга кўра, Муҳаммадали ва Солиҳа 2023 йилда ҳам энг тренддаги исмлар бўлган. Ўтган йили 24 мингдан ортиқ қизалоққа Солиҳа деб, 27 мингдан ортиқ чақалоққа эса Муҳаммадали деб исм берилган. Бу исмлар қаторасига 5-6 йилдан буён топ-ўнталикда биринчи ўринни эгаллаб келяпти.

Қизларнинг исмлари орасида Ясмина исми охирги икки йилда анча оммалашди. 2022 йилгача бирор марта тўп-ўнталикка кирмаган бу исм ўша йили 6-ўринни, 2023 йилда эса 2-ўринни эгаллади. Қаторасига тўрт йил машҳурлиги бўйича Солиҳадан кейин 2-рақамли исм бўлиб келган Муслима ўтган йили учинчи ўринга тушган. 2023 йилда энг кўп қўйилган қиз болалар исми ўнталигидан, шунингдек, Ҳадича, Имона, Шукрона, Сумайя, Ифора, Саъдия ва Мубина исмлари жой олган.

Ўтган йили ўғил фарзандли бўлган ота-оналар энг кўп танлаган учта исм – Муҳаммадали, Мустафо ва Абдуллоҳ бўлди. Яна ўн мингдан ортиқ чақалоққа Муҳаммад, Муҳаммадюсуф ва Муҳаммадамин деб исм қўйилган. Топ-ўнталикдан Нурмуҳаммад, Муҳаммаджон, Имронбек ва Муҳаммадзиё исмлари ҳам ўрин олган.

Маълумот учун, Муҳаммадали исми трендга чиққунига қадар, ўғил болалар орасида Азизбек исми биринчи ўринда бўлган, лекин охирги тўрт йилда бу исм ўнликка ҳам кира олгани йўқ. 2014-2015 йилги рейтингларда ўғил болаларга Асилбек, Умид, Озод, Шоҳжаҳон, Сардор, Жаҳонгир, Жавоҳир, Улуғбек каби исмлар кўп қўйилган.

Док-1 Макс”: Қурбонлар сони ошган, камида 18 бола жароҳатланган

“Док-1 Макс” иши бўйича очилган иккинчи жиноят иши ҳам судда кўрила бошланди. Бу иш йўталга қарши сиропдан заҳарланиш оқибатида болаларнинг ногирон бўлиб қолгани билан боғлиқ. Тергов хулосасига кўра, 16 нафар бола ҳаёт учун хавфли даражада жиддий жароҳатланган, 2 нафар бола енгил жароҳат олган, яна 3 нафар бола заҳарланиш оқибатида вафот этган.

Шу тариқа, жами қурбонлар сони камида 68 нафарга етди. Бунгача 65 боланинг ўлими билан боғлиқ ҳолатлар биринчи жиноят иши доирасида суд қилинаётган эди. Эндиликда бу иккита жиноят иши битта суд жараёнига бирлаштирилди. 5 январ куни прокурор яна 2 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилингани ва судланувчилар сони 23 нафарга етганини маълум қилди.

Судланувчи сифатида жалб этилганлар орасида Сардор Кариевнинг собиқ биринчи ўринбосари, у ишдан олинганидан кейин бир муддат Фармагентлик директори бўлиб ишлаган Улуғбек Эгамов йўқ. У аввалроқ суд мажлисларида гувоҳ сифатида иштирок этган, ўшанда Кариевнинг адвокатлари уни ҳам жавобгарликка тортишни сўраган ва судя бу масала кўриб чиқилишини билдирган эди.

ССВда яна раҳбар алмашди

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ишдан олинди. Бу ҳақда 4 январ куни бош вазир Абдулла Арипов ўтказган йиғилишда маълум қилинган. Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажариш Президент администрациясининг Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари биринчи ўринбосари Асилбек Худоёровнинг зиммасига юкланган. У муқаддам соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Вазир лавозимида бир йил ишлаган Амрилло Иноятовнинг истеъфоси сабаби ҳақида очиқ изоҳлар бўлмади. У фаолияти давомида шифокорларга ва журналистларга берган иккита маслаҳати билан кўпчиликнинг ёдида қолди. Бир йил олдин фарғоналик шифокорлар билан учрашувда: “Беморни меҳр билан даволасангиз, рози бўлиб, ўзи сизга баракасини бериб кетади”, деган бўлса, кейинчалик йод препаратидан юзлаб болалар заҳарланган, устига устак вазирлик бу препаратни каррасига қиммат нархларда сотиб олган бўлиши мумкинлиги маълум бўлганида, журналистларга “бу масалага чуқур кирмаслик”ни тавсия қилган эди.

Бундан ташқари, Амрилло Иноятов тиббиёт олийгоҳларида суперконтракт тизимини бекор қила олмагани, ўзи бир амалдорни порахўр деб айтиб, кейин унинг лавозимини оширгани каби ҳолатлар билан ҳам ёдда қолди. Унинг истеъфоси билан, Соғлиқни сақлаш вазирлигида 2016 йилдан бери олтинчи марта раҳбар алмашди.

Тошкентда экология инқирози

Охирги йилларда Тошкентда рўй бераётган ҳолатларни ҳеч қандай муболағасиз, рўй-рост экологик инқироз деб атаса бўлади. Ҳаво ифлосланиши айниқса қиш ойларида ўта хавфли даражага чиқяпти. 3 январ куни пойтахт ҳавоси таркибидаги PM2,5 зарралари миқдори меъёрдан 35 баробарга ошиб кетиб, Тошкент ҳаво ифлосланиши рейтингида дунё шаҳарлари орасида иккинчи ўрингача кўтарилди.

Энг ачинарлиси, бу ҳолатлар такрорланмаслиги бўйича бирор амалий чора кўриш масаласида расмийлардан ҳеч қандай садо чиқмаяпти. Шаҳар ҳокимлиги бундай пайтларда қилиниши керак бўлган энг элементар чора – одамларга зарур тавсиялар беришни ҳам ўзига эп кўрмаяпти. Бошқача айтганда, муаммони ечиш тугул, унинг борлигини тан олиш босқичига ҳам етиб келингани йўқ.

Kun.uz Ўзгидрометдан олган маълумотларга кўра, Тошкент ҳавосининг ифлосланишига бир нечта омиллар йиғиндиси сабаб бўляпти. Улардан биринчиси – яшилликнинг йўқолиши. Иккинчи сабаб – тартибсиз қурилишлар ва уларда СанПин талабларига риоя этилмаётгани. Учинчи сабаб эса машиналардан чиқаётган заҳарлар билан боғлиқ. Шунингдек, антропоген омиллар қаторида жамоат транспортининг ривожланмагани, саноат корхоналаридаги тозаловчи ускуналар эскилиги, кўмир ва мазутдан фойдаланиш кўпайгани ҳам пойтахт ҳавосини ҳалокатли даражага олиб келяпти.

Шундай шароитда, бирор ҳафта йўқки, шаҳарда дарахтлар кесилмаган бўлса. Якунланаётган ҳафтада ҳам шаҳримизда яна бир дарахтзордан айрилдик. “Шаҳристон” метро бекати яқинидаги яшил ҳудуддаги дарахтларнинг айримлари кесилиб, айримлари ноқонуний кўчириб ўтказилди. Ҳуқуқбузар жаримага тортилиб, унга 100 туп кўчат экиш мажбурияти юклатилган бўлса-да, энг асосий айбдорлар – дарахтзор ерни тадбиркорга сотиб юборганларга ҳеч қайси орган ҳеч нарса демаяпти. Юнусобод туман ҳокимлиги ҳудуд кимга қарашли экани, унда ерга эгалик қилиш ҳуқуқи бор-йўқлиги ҳақидаги саволларимизни жавобсиз қолдирди.

Ноқонуний дарахт кўчириш Юнусобод туманининг бошқа бир нуқтасида ҳам рўй берди. Янги қурилган “домлар” орасида қолиб кетган улкан эман дарахти, тегишли талабларга амал қилинмаган ҳолда, кўчириб кетилди. Ҳолатга прокуратура аралашиб, тадбиркорга нисбатан жиноят иши қўзғатган. Лекин яна ўша саволлар жавобсиз: узоқ йиллик азим эман дарахти турган жойни ким аукционга чиқарган? Аукционга чиқарилишига экология органлари нега розилик берган?

Тошкентда мораторийга қарамай бундай ҳолатлар давом этаётгани сабабли Тошкент шаҳар экология бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқонов бир ойга лавозимидан четлаштирилди. Экология вазири Азиз Абдуҳакимов унинг охирги 2 йилдаги фаолияти бўйича хизмат текшируви ўтказишга буйруқ берган. Шу билан бирга, бошқарманинг дарахт кесиш ва кўчириб ўтказишга рухсат бериш ваколатлари чекланиб, вақтинча вазирликнинг ўзига ўтказилди. Бошқача айтганда, вазирлик ўзининг ҳудудий бошқармасига ишонмай қўйган.

Расмий инфляция – 8,8 фоиз

Статистика агентлигининг ҳисоботига ишонадиган бўлсак, 2023 йилда Ўзбекистонда инфляция 8,8 фоиз бўлган. Бу – 2016 йил август ойидан бери қайд этилган энг паст кўрсаткич. Агентликка кўра, охирги 12 ойда озиқ-овқатлар нархи 9,7 фоизга, ноозиқ-овқат товарлар 7,7 фоизга, хизматлар эса 8,7 фоизга қимматлашган.

Асосий истеъмол товарларидан мол ва қўй гўшти 9 фоизга, гуруч 39 фоизга, мевалар ва ёнғоқлар нархи эса 37 фоизга ошган. Ун 1 фоизга, кунгабоқар ёғи 18 фоизга арзонлашган. Йил давомида бензин 19 фоизга, пропан 29 фоизга, метан нархи 22 фоизга кўтарилган.

Озиқ-овқат инфляцияси 10 фоиздан паст деб айтилаётган бир пайтда, ош марказларидаги бир порция палов нархларидаги ўзгариш бундан анча фарқ қилади. Статистика агентлиги кузатувларига кўра, 2023 йил давомида палов нархи Бухорода 32 фоизга, Қашқадарёда 31 фоизга, Наманганда 30 фоизга қимматлаган. Ош марказларидаги нархлар Самарқандда 10 фоизга, Тошкентда 13 фоизга кўтарилган.

Нархлар ва солиқлар: Темирйўл, ёқилғи, дори-дармон ва газли ичимликлар

Ҳафта давомида айрим нарх ўзгаришлари рўй берди. 20 январдан бошлаб, “Афросиёб”, “Шарқ”, “Насаф” ва “Ўзбекистон” поездларининг чипта нархлари 20 фоизга ошади. Тошкент–Самарқанд–Тошкент йўналишида бир томонга “Афросиёб” чиптаси эконом классда 204 минг сўм бўлади. Бу нарх ошиши 2024 йилдан бошлаб темирйўлларда тарифларни давлат томонидан тартибга солиш тўхтатилгани билан боғлиқ.

1 январдан бошлаб, шунингдек, АИ-80 бензинини акциз солиғидан озод этиш бўйича имтиёз муддати якунланди. Шу муносабат билан, “Ўзбекнефтгаз”нинг UNG Petro шохобчаларида бу маркадаги бензин нархи 6800 сўм деб белгиланди. Хусусий шохобчаларда нархлар бундан юқорироқ. Энергетика вазирлигига кўра, айни пайтда хусусий шохобчаларда АИ-80 нархини 8 минг сўмдан оширмаслик бўйича ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқиляпти. Бензин бозорида рақобатни ошириш ўрнига, давлат назоратининг қайтишини англатадиган бу қарор агар қабул қилинса, ҳозир 7500 сўмдан сотаётган АЁҚШлар ҳам нархни 8000 сўмга чиқариши ва бошқа оқибатларни кутиш мумкин.

Шунингдек, 1 апрелдан бошлаб, акциз солиғидаги ўзгаришлар ҳисобига АИ-80 бензини яна бироз қимматлаши кутиляпти. 2024 йилги бюджет ва солиқ қонунчилигига кўра, 1 апрелдан эътиборан бензиннинг АИ-80 маркаси, дизел, метан ва пропан учун акциз солиғи ставкалари 12 фоизга индексация қилинади. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, бунинг натижасида АИ-80 нархи 88 сўмга, метан нархи эса 84 сўмга ошиши мумкин.

Шуниси эътиборлики, деярли барча ёқилғи маҳсулотлари учун акциз солиғи ошса ҳам, асосан ўзига тўқ қатлам фойдаланадиган АИ-91 ва ундан юқори октанли бензин учун ставкалар ўзгаришсиз қолади. Вазирлик буни юқори октанли бензин маҳсулотлари евростандарт талабларига жавоб бериши, АИ-80 эса экологияга зарар келтириши билан изоҳлади. Лекин экология учун юқори октанли бензиндан кўра зарарсизроқ бўлган метан учун ҳам ставкалар ошаётгани расмийларнинг изоҳи самимий эканига шубҳа уйғотади. Яъни агар гап экология ҳақида кетаётган бўлса, унда суюлтирилган ва сиқилган газ учун ҳам ставкалар ўзгармай қолиши мантиқлироқ бўларди.

Солиқдаги ўзгаришлар сабаб дори воситалари ва газланган ичимликлар нархида ҳам кўтарилиш бўлиши мумкин. 1 январдан бошлаб, тиббий хизматлар ва дори воситаларига берилган ҚҚС имтиёзлари бекор қилинди. 1 апрелдан бошлаб эса, саломатлик учун зарарли маҳсулотлар – ширин газли ичимликлар ва энергетиклар учун акциз солиғи жорий қилинади. Солиқ миқдори ширин газли ичимликларга 1 литр учун 500 сўм, энергетикларга эса 1 литр учун 2 минг сўм деб белгиланди.

Бу солиқнинг жорий этилиши бўйича турли баҳс-мунозаралар бўляпти. Ҳукумат вакиллари таркибида шакар бўлган газли ва энергетик ичимликлар саломатлик учун зарарли экани, бундай маҳсулотларга нисбатан акциз солиғи бир қатор хорижий давлатларда ҳам борлиги, бундай солиқ киритишни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам тавсия қилганини айтяпти. ЖССТ бу борада ўтган ойда ҳам баёнот чиқариб, дунё давлатларини шакарли ичимликлар истеъмолини камайтириш учун уларга нисбатан солиқларни оширишга чақирган эди.

Бошқа томондан, ЖССТ тавсияларида фақат шакарли ичимликлар ҳақида гап кетган. Ўзбекистон эса шакар қўшилмасдан, унинг ўрнини босувчи ширинлаштирувчи моддалар билан тайёрланган, яъни “Zero Sugar” тоифасидаги газировкаларни ҳам солиққа тортаётгани эътирозларга сабаб бўляпти.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, шакарли ва тетиклаштирувчи ичимликларни доимий истеъмол қилиш нафақат ортиқча вазнга олиб келиши, балки агрессивлик ва депрессияни кучайтириши, қариш жараёнини тезлаштириши, саратон ва юрак-қон томир касалликлари хавфини ошириши бир қатор тадқиқотларда ўз тасдиғини топган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Қўйлиқ улгуржи бозори ёпиляпти. Тошкент шаҳар ҳокимлиги буни бозорнинг реконструкция қилиниши билан изоҳлади. Тадбиркорларга икки йил олдин бўлгани каби яна Food City ва Tashkent Index'га кўчиб ўтиш таклиф қилиняпти. Kun.uz манбаларига кўра, расмий эълон берилишидан олдин шаҳар ҳокими ва ИИББ бошлиғи “Food city”га бориб, эски Қўйлиқ бозорининг кўчирилишини айтишган. Айни пайтда бозорда бузиш ишлари бошланган. Реконструкция қачон тугайди, бу билан қайси компания шуғулланади, лойиҳанинг қиймати қанча каби саволларга жавоб берилмаяпти.

Давлат хизматчиларига тадбиркорлик билан шуғулланиш тақиқланган бўлса-да, кўплаб амалдорлар ҳалигача бизнесини давом эттиряпти. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълум қилишича, шундай мансабдорлардан бир гуруҳининг тадбиркорлик фаолиятига чек қўйилган. Улар орасида энергетика вазири ўринбосари, Фармагентлик директори, Антидопинг агентлиги раҳбари, Миллий PR-маркази бошлиғи, Миробод ва Бўстон туманлари ҳокимлари ҳам бор.

Скутерларни авторақам ва ҳайдовчилик гувоҳномаси билан ҳайдаш талаби кучга кирди. 1 январдан эътиборан мопед, скутер ва шунга ўхшаш электр билан ҳаракатланувчи транспорт воситалари давлат рўйхатидан ўтказилади ва уларни бошқариш учун “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинади. Янги қоидаларга кўра, самокат ва электросамокатларни тротуарда 6 км/соат тезликдан оширмасдан ҳайдаш керак; пиёдалар йўлкаси бўлмаган ҳолатларда эса йўлнинг четки қисмида тезликни 20 км/соатдан оширмай ҳаракатланишга рухсат берилади.

Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг собиқ судясига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Давлат хавфсизлик хизмати уни айбсиз кишини жавобгарликка тортишда айблаяпти. Судялар олий кенгаши шундай жиноят ишини очилганини тасдиқлади, лекин собиқ судя тезкор тадбир вақтида ушлангани ҳақидаги хабарларни рад этди. Ҳафта давомида, шунингдек, Инвестициялар вазирлиги ходими 10 минг доллар олаётганида ушланди. Хабар қилинишича, у жами 14 минг доллар эвазига фуқарони АҚШга юборишни ваъда қилган.

Туркияда қўшмачилик билан шуғулланган ўзбекистонлик аёл ушланди. Нилуфар Мирхонова турк матбуотида “Фаҳш баронессаси”, “Мадам Клод” деб таърифланяпти. У Туркияга Россия, Беларус, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан фоҳишалар олиб келиб, уларни фоҳишахоналарга сотиш билан шуғулланган. Интерпол қидирувида бўлган 40 ёшли аёл Чаноққалъа вилоятида ушланган. Нилуфар Мирхонова фаолияти орқали ойига 1 млн лирадан пул олиб тургани айтилмоқда.

Мавзуга оид