Украина бўйлаб навбатдаги зарбалар оқибатлари. Уруш суратлари
Украинадаги урушнинг 684-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Россия 8 январ тонгида Украина бўйлаб ёппасига зарбалар йўллади. Сўнгги маълумотларга кўра, отишма оқибатида Хмельницкая областида икки киши, Харкив ва Кривий Риҳ областларида яна икки киши ҳалок бўлган. Украина бўйлаб зарбалар оқибатида камида 45 киши жароҳатланган.
- Нижний Тагилда темирйўлда портлаш рўй берди. Урал транспорт прокуратураси хабарига кўра, темирйўлда «қандайдир қасирлаш» бўлган. Телеграм-каналлар металл юкланган цистерналарда портловчи қурилма топилганини ёзишган.
- Швеция ҳукумати фуқароларни уруш бошланишига тайёр туришга чақирди. Бу ҳақда «Folk och Forsvar» мудофаа конференциясида фуқаролик мудофааси вазири Карл-Оскар Булин айтиб ўтган. У бошқа тафсилотларга тўхталмаган.
- «ЛХР» раҳбари Леонид Пасечник Рубежне шаҳрида россияликлар самолётидан авиабомба тушиб кетганини маълум қилди. Украина ҳукумати турар жойлар вайрон бўлганини хабар қилган.
- Украиналик ҳакерлар Алфа-банкнинг 24 миллиондан ортиқ мижозларининг персонал маълумотларини ошкор қилди.
- Фронтда украиналик шоир Максим Кривцов ҳалок бўлди.
- Филипп Киркоров «Новогодняя Маска»даги иштироки учун оладиган гонорарини Белгород ўққа тутилиши оқибатида жабрланганлар учун беришни ваъда қилди.
Куннинг асосий воқеаси. Украин шаҳарлари ўққа тутилиши
Тунда ва 8 январ тонгида россиялик ҳарбийлар Украина ҳудудлари бўйлаб ёпирилма ракета зарбалари йўллади. Бутун мамлакат бўйлаб ҳаво тревогалари янгради. Украина қуролли кучлари ракеталар зарбаси ва россияликларнинг «Кинжал» ракетаси учирилиши хавфи ҳақида огоҳлантирди. Украин нашрлари Кривий Риҳ, Запорижжя, Днипро, Хмельницкая ва Харкив областларидаги портлашлар ҳақида хабар берган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Хмельницкая областида зарбалар оқибатида тинч аҳоли вакилларидан икки киши, Харкив областида — бир киши, Кривий Риҳда ҳам бир киши ҳалок бўлган. Украина бўйлаб зарбалар оқибатида камида 45 киши жароҳатланиб, турар жойлар шикастланган.
«Бугун тонг, афсуски, яна ёпирилма ракета зарбалари билан бошланди. Харкив шаҳри ва области, Запорижжя, Кривий Риҳ, Хмельницкая областлари. 45 киши жароҳатланган, ҳозирги вақтга келиб тўрт қурбон ҳақида маълумот бор. Яқинларига ҳамдардлигимни билдираман. Террорчи давлат тезда жавобимизни ҳис қилади», — деган Володимир Зеленский урушнинг 684-куни якунлари бўйича қилган мурожаатида.
Украина ҚКнинг Купянск яқинидаги позицияларида янги йил кечаси
Россия қўшини Харкив областининг Купянск шаҳрини 2022 йил 27 февралида оккупация қилганди. Ушбу шаҳарда йирик темирйўл тугуни жойлашган бўлиб, у муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади: РФ армияси шу жой орқали жанговар бўлинмалари ва ҳарбий техникаларини Украина ичкарисига олиб ўтган. Украина ҚК Купянскни 2022 йил сентябридаги қарши ҳужумда озод этганди, аммо россияликлар Купянск, Лиман ва Бахмут йўналишларида юришларини давом эттирди, шу туфайли шаҳар ҳамон зарбалар остида қолмоқда. Қуйида фронтнинг ушбу участкасидаги украин ҳарбийлари янги йилни қандай шароитларда кутиб олгани акс этган суратлар.
Полша ва Украина чегарасидаги фура ҳайдовчилари
2023 йил ноябрдан полшалик фермерлар ва юк машиналар ҳайдовчилари Украинадан маҳсулотлар олиб келадиган фуралар учун чегара йўлини тўсиб қўйишди. Фермерларга кўра, Украинадан маҳсулотлар импорти нархларни пасайтирмоқда ва бу уларнинг даромадига таъсир кўрсатмоқда; юк машина ҳайдовчилари украиналик ҳамкасблари томонидан адолатсиз рақобат бўлаётганидан шикоят қилишган. Бош вазир Доналд Тускнинг янги ҳукумати билан ўтказилган муваффақиятли музокаралардан сўнг 6 январ куни блокада бекор қилинди.
Мавзуга оид
22:59 / 26.11.2024
Украина – Жанубий Корея: кутилмаганда пайдо бўлган иттифоқ
19:07 / 26.11.2024
Украина армиясига ёлланган британиялик Россияда асирликка тушди
17:41 / 26.11.2024
«Путин доим ҳужумга тайёр, Трамп – табиатан девелопер». Меркелнинг мемуаридан парчалар
13:20 / 26.11.2024