Ҳусийлар Қизил денгизда энг катта ҳужумни амалга оширишга уринди
Британия ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Қизил денгизда ҳусийларнинг шу кунгача бўлган энг йирик ҳужумини қайтарди. Бу ҳақда Буюк Британия мудофаа вазири Грант Шаппс маълум қилди. Икки давлат кучлари денгиз савдо йўллари бўйлаб Ямандан отилган 20 дан ортиқ дрон ва ракеталарни уриб туширган.
АҚШ ва Британия қўмондонларининг қўшма баёнотида айтилишича, ҳужум ўнлаб халқаро савдо кемалари сузиб юрадиган Қизил денгиз жанубига қаратилган. Кемалардан ҳеч бирига зарар етмаган.
АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ҳужум қанотли ва баллистик ракеталардан фойдаланган ҳолда уюштирилганини таъкидлади, бу ҳусийларнинг турли хил қуролларга эга эканини кўрсатади.
Зарбани қайтаришда учта эсминец иштирок этди, шунингдек, Американинг F-18 қирувчи самолётлари ҳам ҳавога кўтарилди.
Қўшма Штатлар ва бошқа мамлакатлар Қизил денгизда кўпмиллатли дастур бўлган «Фаровонлик қўриқчиси» операцияси доирасида бир нечта кемаларга эга. Коалиция таркибига 20 дан ортиқ давлат киради. Улар дунёнинг энг муҳим сув йўлларидан бирида юк ташиш жараёнини ҳимоя қилиш билан шуғулланади.
Исёнчи ҳусийлар Яманнинг катта қисмини назорат қилади, Эрон томонидан қўллаб-қувватланади ва Исроил, АҚШ ва Саудия Арабистонини ўзига душман деб билади.
Улар ҳужумларни ҲАМАС билан бирдамликда амалга ошираётгани ва Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини тугатмагунча давом этишларини айтмоқда.
2023 йил ноябр ойидан буён улар Европа ва Осиё ўртасидаги асосий савдо йўли бўлмиш Боб ал-Мандиб бўғозида савдо кемаларига ҳужум қилмоқда. Бу халқаро юк ташиш ва глобал савдо издан чиқишига олиб келди.
Улар Исроил савдо флотини нишонга олганини даъво қилса-да, Исроилга алоқаси бўлмаган кемалар ҳам ўққа тутилмоқда.
Минтақадаги янги урушми?
Ҳусийлар томонидан Қизил денгизнинг блокадаси Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушнинг минтақадаги энг оғир оқибатидир. Вашингтон бошқа Яқин Шарқ давлатлари ҳам можарога тортилиши мумкинлигидан хавотирда.
Бунинг олдини олиш учун АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўтган ҳафта охирида Саудия Арабистони, БАА, Иордания, Қатар ва Исроилда бўлди. Араб давлатлари Қўшма Штатлардан Исроилни жиловлаш учун қатъий чораларни кутмоқда, акс ҳолда улар можарога аралашмаслигини кафолатламайди.
Айни пайтда Вашингтон Исроилнинг терроризмдан ўзини ҳимоя қилишга тўлиқ ҳуқуқи борлигини бир неча бор таъкидлаган ва, афтидан, ҳарбий амалиётларни тўхтатишни талаб қилмоқчи эмас.
Тел-Авивга ташрифи чоғида Энтони Блинкен Исроилни Ғазо секторида тинч аҳоли қурбонлари сонини камайтириш учун барча имкониятларни ишга солишга чақирди ва асосий эътиборни урушдан кейинги сектор келажаги ва Фаластин давлатини яратиш йўлидаги мумкин бўлган қадамларни муҳокама қилишга қаратди. У айнан шу масалаларни Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан ҳам муҳокама қилган.
Аббоснинг Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақириши кутилганди, бироқ ҳозирча музокаралар доирасида бундай баёнот эълон қилинмади.
Блинкен Исроилнинг араб қўшнилари ва Фаластинни урушдан кейинги Ғазо секторидаги ҳаётнинг бир қисми бўлишни истаса, конструктив мулоқотга чақирди.
Кўпгина таҳлилчиларга кўра, бу Яқин Шарқ раҳбарларининг АҚШ Давлат котибидан кутган баёнотлар эмас. Аммо унинг минтақа бўйлаб сафари ҳали тугамаган, Блинкен Рамаллоҳга ташрифидан сўнг Баҳрайнга, кейин эса Мисрга боради.
Мавзуга оид
10:40 / 31.10.2024
Ҳусийчилар Қизил ва Араб денгизларида учта кема нишонга олингани ҳақида хабар берди
14:51 / 03.09.2024
Ҳусийчилар Қизил денгизда иккита нефт танкерига ҳужум қилди
11:01 / 26.08.2024
АҚШ: Қизил денгиз ҳусийчилар ҳужумлари туфайли фалокат ёқасида турибди
15:37 / 16.07.2024