Жаҳон | 23:41 / 12.01.2024
6179
2 дақиқада ўқилади

Россиялик ёзувчи Борис Акунин «чет эл агенти» деб эълон қилинди

У Россиянинг Украина ҳудудидаги ҳарбий операциясига қарши чиққани, Россия ва Россия Қуролли Кучлари ҳақида салбий имиж яратишга қаратилган ёлғон маълумотларни тарқатгани таъкидланмоқда. 

Фото: Коммерсантъ

Россия Адлия вазирлиги «чет эл агентлари» реестрини кенгайтирди. Жумладан, унга ёзувчи Борис Акунин (ҳақиқий исми Григорий Чхартишвили) киритилди. 

Адлия вазирлигининг хабарига кўра, Григорий Чхартишвили Россиянинг Украина ҳудудидаги ҳарбий операциясига қарши чиққан, Россия ва Россия Қуролли Кучлари ҳақида салбий имиж яратишга қаратилган ёлғон маълумотларни тарқатган, Украина Қуролли Кучларини қўллаб-қувватлаш учун маблағ йиғиш тадбирларида қатнашган, хорижий агентларнинг материаллари ва хабарларини тарқатиш билан шуғулланган. 

Григорий Чхартишвили 1956 йилда Грузияда туғилган, ёзувчи, таржимон, жамоат арбоби. Детектив, саргузашт, фантастика ва тарихий жанрлардаги асарлари билан ном қозонган. Унинг асарлари асосида «Азозил», «Турк гамбити», «Давлат маслаҳатчиси», «Жосус», «Левиафан», «Фандорин» каби филм ва сериаллар суратга олинган. 

Ўзининг сиёсий қарашлари ва Россия президенти Владимир Путин режимини танқид қилиши билан ҳам ном қозонган. 2014 йилда Россияни тарк этган ва хорижда истиқомат қилади. 

Россия қонунчилигига кўра, «чет эл агенти» деб эътироф этилган фуқаролар ва ташкилотлар ўз фаолияти ва харажатлари тўғрисида Адлия вазирлигига мунтазам равишда ҳисобот тақдим этиши, барча мақолаларида, жумладан, ижтимоий тармоқларда ҳам «чет эл агенти» эканини белгилаб қўйиши шарт. 

2022 йилдан бошлаб, уларга дарс бериш, ахборот маҳсулотлари яратиш, оммавий тадбирлар ташкил этиш, сайлов комиссияси аъзоси бўлиш тақиқланди. 2022 йил охиридан бошлаб Россия Адлия вазирлиги чет эл агентларининг ягона реестрини юритиб келмоқда.

Мавзуга оид