Жаҳон | 15:34 / 12.01.2024
3094
2 дақиқада ўқилади

Туркия, Болгария ва Руминия биргаликда Қора денгизни миналардан тозалайди

Истанбулда уч давлат «Қора денгизни миналардан тозалаш бўйича ҳарбий-денгиз бўлинмаси»ни яратиш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Шартнома Украина портларидан юк ташишга фойда келтиради.

Фото: AP

Туркия, Болгария ва Руминия биргаликда Қора денгизни миналардан тозалаш ниятида. Тегишли декларация Истанбулда ушбу уч давлат вакиллари томонидан имзоланди, деди Туркия мудофаа вазири Яшар Гулер 11 январ, пайшанба куни. Шу мақсадда «Қора денгизни миналардан тозалаш бўйича ҳарбий-денгиз бўлинмаси» тузилади, унга давлатлар ротацион режимда қўмондонлик қилади.

Украина қирғоқлари яқинида ўрнатилган баъзи миналар маҳкамлагичларидан чиқиб кетган ҳамда оқим билан Руминия, Болгария ва Туркиянинг ҳудудий сувларига олиб кетилган. Миналар йўловчи ва савдо кемаларининг хавфсизлигига таҳдид солади. Украина расмийларига кўра, декабр ойи охирида Панама байроғи остида Дунай портларидан биридан дон билан сузиб келаётган кема минада портлаб кетган. Оқибатда унда ёнғин келиб чиққан ва икки денгизчи жароҳатланган.

Шу боис янги келишув Украина портларидан ғалла ва бошқа юкларни ташишда ҳам фойда келтиради. 2023 йил июл ойида Россия ғалла бўйича келишувдан чиққанидан бери Украина юкларини олиб ўтаётган савдо кемалари Руминия ва Болгария қирғоқлари бўйлаб сузяпти. Ўшандан бери Россия мунтазам равишда Қора денгиз ва Дунайдаги Украина портларига ҳужум қилиб келади.

Украина Қора денгиз орқали юк ташишни тиклади

Украина портларидан юк экспорти 2022 йил февралида Россия урушидан олдинги даражага етди, деди пайшанба куни бўлиб ўтган телемарафонда УҚК Ҳарбий-денгиз кучлари спикери Дмитрий Плетенчук. Унинг сўзларига кўра, бортида 10 миллион тоннадан ортиқ юк бўлган 500 дан ортиқ кемалар аллақачон денгиз йўлагидан ўтган. Юкларнинг асосий қисми Украина донидир.

Мавзуга оид