Жаҳон | 22:29 / 12.01.2024
12622
12 дақиқада ўқилади

Яманга ракета ҳужуми, Исроил устидан суд ва Зеленскийнинг баёнотлари — кун дайжести 

Жаҳонда рўй берган воқеа-ҳодисалар, баёнотлар тафсилотлари ва эътиборга молик воқеаларни одатдагидек кундалик дайжестимизда тақдим этамиз. 

 

Яманга ракета ҳужуми

11 январдан 12 январга ўтар кечаси АҚШ ва Британия ҳамкорликда қирувчи самолётлар, кемалар ва сувости кемаларидан туриб, қанотли «Томоҳавк» ракеталари билан Ямандаги ҳусийчиларнинг кўплаб нишонларига ҳужум уюштирди. Ҳужум Австралия, Баҳрайн, Канада ва Нидерландия қўлловида ўтказилган.

Яқин Шарқдаги медиаҳужумлар Ҳудайда порт шаҳрига ва Яман пойтахти Сано шаҳрига уюштирилганини, нишонлар асосан машғулот базалари ва қурол-яроғ омборлари, хусусан камикадзе дронлар сақланаётган жойларга бўлгани хабар қилинмоқда.

АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари 16 та объектдаги 60 дан ортиқ нишонларга 100 дан ортиқ бошқарилувчи ракеталар билан зарба берилганини таъкидлаган. Бунда асосан омборлар, радарлар, ракета учириш қурилмалари ва қўмондонлик марказлари нишонга олинган.

Зарбалар бошланганидан бир соатлар ўтгач АҚШ президенти Жо Байден чиқиш қилиб, ушбу ҳужумни «мудофаа чоралари» деб атаган.

«Бу мўлжалли зарбалар АҚШ ва унинг ҳамкорлари бизнинг персоналимизга ҳужумларга асло тоқат қила олмаслиги ҳамда жаҳондаги энг муҳим тижорий йўналишидаги кема ташувини душман субъектлар таҳдидига қўйиб бера олмаслигига қарата аниқ сигналдир», — деган Байден.

Қайд этиш лозимки, ҳусийчиларнинг Қизил денгиздаги ноқонуний ҳаракатларига жавоб, дея аталаётган ва Ямандаги камида 16 та объектга уюштирилган бу ҳужум давомли эмаслиги таъкидланган. АҚШ ва Британия ҳусийчиларнинг аниқланган ҳарбий базалари ва машғулот лагерларига бир марталик ҳужум уюштирган. Байден агар зарурият туғилса, иккиланмасдан яна Яманга ҳужум қилинишини таъкидлаган.

Ҳусийчилар ушбу ҳужумлар натижасида бирорта инсон ҳалок бўлмаганини таъкидлаган. 12 та объектга ҳужум қирувчи самолётлар билан эмас фақат қанотли ракеталар ёрдамида амалга оширилганига урғу берилган.

Яманнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати Саудия Арабистони, БАА ва Қатарни агар улар ҳаво кенгликларини Америка ва Британия армияси учун очиб беришса, бу уларнинг расман Яманга қарши урушга қўшилганини англатиши тўғрисида огоҳлантирган.

«Ансоруллоҳ» ҳужумлар Саудия Арабистони билан бўлиб ўтган 8 йиллик уруш даврида кўп марта бомбаланган объектларга уюштирилгани, ҳусийчиларга айтарли зиён етказа олмаганини таъкидлаган.

«АҚШ ва Буюк Британия Яманга қарши тўғридан тўғри агрессия уларнинг тарихидаги энг катта аҳмоқлик эканини тез орада билиб олишади», — деган Ямандаги ҳусийчилар кенгаши аъзоси Муҳаммад ал-Баҳиний.

Қайд этиш лозимки, Яманга қарши ер устидан операция ўтказиш қийин. Яман ҳудуди анча катта ва жуда кўплаб табиий тўсиқларга эга. Мамлакатда ривожланган инфратузилманинг ўзи йўқ. Шу сабабли ҳусийчиларнинг аниқ жойлашган ўринлари ҳам ҳеч кимга маълум эмас. Ҳозирча Яманда ҳарбий денгиз флоти йўқ. Бироқ улар кемаларга торпедолар ёрдамида ҳужум қилиши мумкин.

Яман Британия ҳарбий кемасига ана шундай иккита торпедо билан ҳужум қилган. Бу маълумот ҳали расман тасдиқлангани йўқ.

Ҳусийчиларни эса аввал Эрон, унинг ортидан Сурия тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтиб чиқди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва Британиянинг ҳусийчилар позицияларига зарбасини ўзбошимчалик ва Яман ҳудудий яхлитлигини бузиш, деб атади

Эслатиб ўтамиз, Фаластин-Исроил можароси авж олгач, ҳусийчилар Исроил ҳудудига ҳужум қилишини ва уларга алоқадор кемаларни Қизил денгиздаги Боб-ул Мандаб бўғозидан ўтказмасликларини айтган эди. 

Ғазодаги вазият

Ғазода Исроил агрессияси туфайли ўлдирилган фаластинликлар сони 23 минг 469 кишига етди. 97 кундан бери тўхтовсиз давом этаётган бомбалашлар натижасида яна 60 мингга яқин одам яраланган.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, биргина сўнгги сутка ичида Исроил 10 та оммавий қирғин содир этган ва 112 кишининг ёстиғини қуритган, 200 га яқин инсон ярадор қилинган. 7 октябрдан буён Исроил 2000 га яқин оммавий қирғин содир этган. 7000 дан зиёд фаластинликлар бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Уларнинг 70 фоизи аёллар ва ёш болалар.

Исроил 97 кунлик даҳшатли хунрезлик давомида Ғазо секторида 10 мингдан ортиқ болаларни ўлдирган. Бутун тураржой инфратузилмаси пойдеворларигача вайрон қилинган. Уларни қайта тиклашга бўлган умидлар тобора сўниб бормоқда.

Исроил фақат Ғазо билан чекланмаяпти. Оккупация қилинган Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида ҳибсга олинган фаластинликлар сони 5,8 мингга яқинлашган. Исроил армияси ҳарбийлари Жийнин, Байт-Лаҳм ва Рамаллоҳ шаҳарларида мунтазам рейдлар ўтказиб турибди. 

Исроил устидан суд

Икки кундан бери Ҳаагадаги БМТ халқаро судида Жанубий Африка Республикасининг Исроилни геноцидда айблаб берган аризаси кўриб чиқилмоқда.

Жуда кўпчиликда нега шунча мусулмон давлатлар туриб, айнан ЖАР Исроилга қарши бу аризани берган, деган саволлар туғилаётган бўлиши мумкин. Фурсатдан фойдаланиб, тушунтирсак. Жанубий Африка Республикаси апартеид даврини бошидан кечирган, оқ танли ирқчиларга қарши узоқ йиллар курашган ва бу борада бой юридик тажрибага эга.

Айнан шунинг учун ЖАРнинг ҳар томонлама пухта аризаси туфайли Исроил судда ютқазиши эҳтимоли жуда катта экани тахмин қилинмоқда. Қолаверса, ЖАРни қўллаб-қувватлаётганлар ҳам жуда кўп.

Араб давлатлари лигаси ЖАР аризасини тўлиқ қўллашини эълон қилди. Туркия делегацияси суд мажлисини жонли кузатиш учун Ҳаагага борган. Шунингдек Эрон ҳам ЖАРнинг аризасини қўллаб-қувватламоқда.

Бирлашган миллатлар ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш ҳам «геноцид иши» юзасидан Халқаро судда ўтаётган суд мажлисини синчковлик билан кузатаётганини маълум қилди. 

Украинага ёрдам

Европа Иттифоқи шу йилнинг баҳоригача Украина учун миллион дона артиллерия снарядлари тайёрлаб беради — Еврокомиссиянинг расмий вакили Бернсел

«Европа саноати аллақачон бир миллион артиллерия снарядларини сезиларли даражада оширадиган ишлаб чиқариш қувватига эга ва биз баҳоргача бу мақсадга эришамиз», — деган Бернсел.

Эстония Украинага 1,2 миллиард евро қийматидаги узоқ муддатли ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этишини маълум қилди.

Пентагон эса Украинага етказилаётган қурол-яроғларни кузата туриб, 1 млрд долларлик қуролларни «йўқотиб» қўйган. АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага етказилган 40 минг бирлик қуролларнинг ҳисобини чиқара олмаяпти, деган идоранинг бош инспектори Роерт Сторч ўз докладида. Унинг сўзларига кўра, Киевга ҳарбий ёрдам ёмон кузатилган ва назорат қилинган ва шу сабабли кўчма ракета комплекслари, камикадзе дронлар ва тунда кўриш асбобларидан иборат 1 млрд долларлик қурол-аслаҳалар Пентагоннинг диққат марказидан тушиб қолган. Сторч бу нарсалар ўғирланган ёки контрабандачиларга етказилган бўлиши мумкинлигидан ташвишда эканини айтган. 

Зеленский баёнотлари

Латвияга расмий ташриф билан борган Украина президенти Володимир Зеленский Ригада болтиқбўйилик журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Ғарбнинг молиявий ёрдамисиз Украина пенсияларни тўлай олмаслигини қайд этди.

«Биз жуда кўп нарсаларни ўз пулимизга сотиб оламиз, лекин молиялаштириш бўлмаганда-чи? Биз пенсионерларга пул топиб беролмай қоламиз. Мен раҳмларингни келтирмоқчи эмасман, пенсиясиз қариялар шунчаки ўлиб кетишади. Бизда пенсионарлар 11 миллион нафар. Европада шунча қарияга эга бошқа бирорта давлат борми?» — деган Украина президенти.

У, шунингдек, Путин қайта сайланадиган йилда Россия ҳужум қилишда давом этиши, чунки руслар кичик тактик ғалабаларни қўлга киритишни истаётганини айтган. Шу сабабли мартгача оккупантлар илгарилашга ҳаракат қилишади, деган Зеленский.

Украина президентига кўра, Украинага аталган пулларнинг 70 фоизи АҚШнинг ўзида қолган.

«Агар биз осмонни қамалдан озод қилолсак, олға силжиймиз, қилолмасак ҳозир қаерда бўлсак шу жойда қоламиз», — деган Зеленский.

Унинг айтишича, Путин қадам босган ҳар қандай жойда иқтисодий ўсиш бўлмайди, лекин ўзликни йўқотиш бўлади.

«Россия вақтинча оккупация қилинган ҳудудларда эркакларни ёппа сафарбар қилмоқда. Уларни санаб ҳам ўтиришгани йўқ, санашмайди ҳам, муҳими Россияга камроқ жасадлар борса бўлгани», — деган Зеленский.

«Мен ҳозирча йўқотишларимиз ҳақида айта олмайман. Сўнгги 2 йил ичидаги йўқотишларимизни олинг, уларни чоракларга бўлинг ва қурол-яроғ етказиш сустлашган сўнгги уч ойда биз қанча одам йўқотаётганимизга таққосланг», — деган Украина президенти.

Владимир Зеленский Россия Украинадан кейин Ўзбекистонни босиб олиши мумкинлиги ҳақида ҳам гапирди

«Украинадан кейин кимни шундай хавф-хатарлар кутаётганини жуда яхши биласиз. Агар Украина муваффақияцизликка учраса, кейинги ўринларни Литва, Латвия, Эстония, Молдова эгаллаши мумкин. Яқинда у Финландия ва Ўзбекистон ҳақида гапира бошлади. Ҳаммамиз биргаликда уни тугатмагунимизча, Путин тўхтамайди», — деган Зеленский матбуот анжуманида.

Зеленский Россия – мураккаб душманлиги ва улар тинч аҳолини ўлдиришдан асло қўрқмаслигини таъкидлаган. 

Эрон кемани ҳибсга олди

Эрон Ўмон қўлтиғида Ироқдан Туркияга нефт ташиб кетаёган Sentt Nikolas танкери ва унинг командасини ҳибсга олган. Қўлга олинган шу танкер ўтган йили Эрон нефтини ташигани учун АҚШ томонидан ҳисбга олинган эди. Ўшанда Эрон бу хатти-ҳаракат «жавобсиз қолмаслиги» билан таҳдид қилганди.

АҚШ давлат департаменти Эрондан кемани ва унинг жамоасини қўйиб юборишни сўраган.

Британиянинг Ambrey қўриқлаш компанияси маълумотларига кўра, Маршалл ороллари байроғи остида ҳаракат қилаётган кема Ўмоннинг Сухар шаҳрига яқинлашаётган чоғда қуролли кишилар томонидан эгалланган ва шундан сўнг йўналишини ўзгартириб, Эроннинг Жаск порти томон йўл олган. Эрон оммавий ахборот воситалари нефт ортган танкер Эрон ҳарбий денгиз кучлари томонидан суд қарорига кўра «ҳисбга олингани»ни ёзмоқда. 

Илҳом Алиевнинг баёнотлари

Озарбойжон президенти Россия тинчликпарвар миссияси муваффақиятсиз якунланганини таъкидлади.

Қорабоғга жойлаштирилган Россия тинчликпарвар миссияси ҳаракатларига эътирозлар бор ва расмий Боку бир неча бор буни Россия томонига билдирган.

Алиевнинг сўзларига кўра, учтомонлама шартнома имзолангач, Арманистон Қорабоғга қурол-яроғ олиб киришда давом этган ва қўшинларини ротация қилган. Боку 5 марта Москвага Лочин коридори устидан ҳамкорликда назорат ўрнатишни таклиф қилган. Бироқ ҳар сафар Москва рад этавергач, Боку Лочин коридорига киришда назорат-ўтказиш пункти қуришга мажбур бўлган. Шундан сўнг Арманистон қурол-яроғ ташишни тўхтатган.

Илҳом Алиев Франция ҳам Арманистонни янги урушга тайёрлаётганликда айблаган.

Париж Ереванни қуроллантириб ва арман аскарларини машқ қилдириб, Арманистонни «навбатдаги уруш»га тайёрлаётганини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, бундай хатти-ҳаракатлар Озарбойжонни «доимий босим остида ушлаб туриш учун» қилинмоқда. 

Эквадорда нима гап?

Эквадордаги вазият секин-аста ўз ўзанига қайтмоқда. Мамлакат хавфсизлик кучлари қуролли тартибсизликлар бошланганидан буён жиноий гуруҳларнинг 329 аъзосини қўлга олган.

Эслатиб ўтамиз, бу мамлакатда Мексика наркокартелларининг молиялаштириши туфайли мамлакатдаги қамоқхоналарда исён кўтарилиб, энг ашаддий жиноий гуруҳ етакчилари қамоқхоналардан қочиб чиқишга муваффақ бўлган ва қуролли тартибсизликлар келтириб чиқарган эди.

Мавзуга оид