Жаҳон | 12:19 / 13.01.2024
2408
3 дақиқада ўқилади

Харуки Муракамининг янги романи 75 ёшга тўлиши муносабати билан чоп этилди

12 январ куни машҳур япон ёзувчиси Харуки Мураками 75 ёшга тўлди. Шу куни Германияда унинг «Шаҳар ва унинг қалтис деворлари» романи нашр этилди.

Фото: Paco Paredes / EPA / TASS

Харуки Муракамининг «Шаҳар ва унинг қалтис деворлари» романи машҳур ёзувчининг юбилейи арафасида, 12 январ, жума куни Dumont нашриёти томонидан чоп этилди. Унда эркак, аёл, уларнинг чексиз севгиси ва сирли шаҳар тасвирланган. Ҳақиқий ва хаёлий олам ўртасидаги чегаралар хиралаштирилган, бош қаҳрамонлар орзулар ва оддий ҳаёт ўртасида ҳаракатланади. Қаҳрамон енгиб бўлмас деворли шаҳарда яшовчи севгилисини яна топиш учун ўз соясидан ажралиши керак. Аммо кейинроқ у яна оддий дунёга қайтади. Бироқ, севганини дунёнинг чеккасида ҳам унута олмайди.

Роман локдаун пайтида ёзилган. 2020 йил март ойи бошида, Японияда коронавирус авж ола бошлаганида, Мураками уни ҳар куни, деярли уйдан чиқмасдан, тугатгунча ёзган. Ёзувчининг ватанида китоб 2023 йилнинг баҳорида нашр этилган. 

600 саҳифалик асар муаллифнинг 1980 йилда ёзган ва журналда чоп этилган қисқа ҳикояси асосида яратилган. Муракамининг ўзи айтганидек, бу ҳикоя уни ҳеч қачон қўйиб юбормаган - томоғидаги майда суяк каби, у уни унчалик безовта қилмайди, лекин унутишга ҳам имкон бермайди. У ҳар доим бу ҳикояга қайтишни ва ундан кўпроқ нарсани яратишни хоҳлаганини айтиб ўтди. 

Ҳаруки Муракамиянинг китоблари 50 дан ортиқ тилга таржима қилинган ва Японияда ҳам, хорижда ҳам бестселлерларга айланган. Танқидчилар ва китобхонларнинг олқиши унга кўплаб мукофотларни олиб келди. Унинг энг машҳур асарлари: «Қўй ови», «Норвегия ўрмони», «Шамол қушлари йилномаси», «Соҳилдаги Кафка», «1Q84», «Аёлларсиз эркаклар». Мураками китоблари асосан сюрреал ва меланхолик бўлиб, сюжетларида ёлғизлик ва бегоналик мавзулари бир-бирига уйғунлашиб кетган. Унинг ижоди мухлислари япон ёзувчиси адабиёт бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлишига умид қилмоқда. Кўп йиллар давомида унинг номи фаворитлар қаторида тилга олинади. 

Мавзуга оид