Ўзбекистон | 20:30 / 16.01.2024
6814
2 дақиқада ўқилади

Россиядаги ЙТҲда ҳалок бўлган ва жабрланганларни олиб келиш чоралари кўрилмоқда — Ўзбекистон ФВВ

Фото: ЧП и ДТП | Тольятти / Telegram

Ўзбекистон ФВВ Россиянинг Самара областида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида уч нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлиб, яна тўрт киши яраланганини тасдиқлади.

«Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги навбатчилик қисмидан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг 16 январ куни (Москва вақти билан) соат 13:00 ларда Россия Федерацияси, Самара вилояти, Ставрополск райони М-5 автомобил йўлининг 947 километрида ҳаракатланган Lada Largus русумли  автомобил ва «Газел» русумли юк автомобили тўқнашиши оқибатида Lada Largus русумли автомобилда бўлган жами 7 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан 3 нафари воқеа жойида вафот этган, 4 нафар йўловчи турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган ва тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.

Айни вақтда Фавқулодда вазиятлар, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда вафот этган ва жабрланган фуқароларимизни ватанга олиб келиш юзасидан керакли барча зарур чоралар кўрилмоқда», дейилади хабарда.

  • Эслатиб ўтамиз, 11 январ куни ҳам Россиянинг Пенза областида ичида Ўзбекистон фуқаролари бўлган JAC минивэни қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, Volvo русумли юк машинасига урилганди. ЙТҲ оқибатида минивэндаги етти киши, жумладан ҳайдовчи воқеа ҳалок бўлган, шифохонада яна бир кишининг жони узилганди. Жароҳатланган яна бир киши шифохонада қолмоқда. Қурбонларнинг жасадлари ўтган ҳафтанинг шанба куни Ўзбекистон мудофаа вазирлиги ҳарбий-транспорт самолёти орқали ватанга қайтарилганди.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид