Иқтисодиёт | 07:40 / 16.01.2024
6411
3 дақиқада ўқилади

Хорижий товарларнинг давлат харидларидаги иштирокига чеклов кучайтирилиши мумкин

Ўзбекистонда хорижий товарларнинг (ҳозирда 520 дан ортиқ товарга тақиқ қўйилган) давлат харидларида иштирок этишига чекловларни кучайтириш ва маҳаллий компанияларга кўпроқ имтиёзлар бериш режалаштирилмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ўзбекистонда хорижий товарларнинг давлат харидларида иштирок этишига чекловларни кучайтириш ва маҳаллий компанияларга кўпроқ имтиёзлар бериш режалаштирилмоқда. Бу бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги ҳукумат комиссиясининг баённомасида назарда тутилган, деб ёзмоқда Gazeta.uz.

2021 йил январ ойи охирида ҳукумат 520 дан ортиқ хорижий товарларнинг давлат харидларида иштирок этишини тақиқлаган. Уларнинг орасида озиқ-овқат маҳсулотлари, мебел, қурилиш материаллари, маиший техника, автомобиллар, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқалар бор.

Адлия вазирлиги мазкур тақиқни маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини жонлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш зарурияти билан изоҳлаган. Тақиқ ва чекловлар фақат давлат харидларига тааллуқли — хусусий тадбиркорлар ўз эҳтиёжлари учун исталган товар ва хизматларни харид қилиши мумкин.

Кейинчалик ҳукумат чекловларни юмшатди ва 2025 йил 1 январгача импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларига давлат харидларида иштирок этишга рухсат берди.

Янги протоколда маҳсулот етказиб бериш, хизмат кўрсатиш (шу жумладан, тайёр ҳолда) учун давлат харидлари доирасида ёлланган бош пудратчи, пудратчи ва ёрдамчи пудратчини (мулкчилик шаклидан қатъи назар) давлат харидларидаги тўлақонли иштирокчи сифатида тан олиниши режалаштирилмоқда. Кейинчалик эса уларга давлат харидлари доирасидаги тендерларда иштирок этишни вақтинча тақиқлаш ва чеклаш билан боғлиқ чекловларни қўллаш таклиф этилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бир ой муддатда тегишли ҳукумат лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилган.

Худди шу муддат ичида қуйидаги мазмундаги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топшириғи берилди: агар товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича давлат харидларида хорижий етказиб берувчилар билан бир қаторда битта маҳаллий ишлаб чиқарувчи (ҳозирда камида учта) иштирок этса, у ҳолда маҳаллий ишлаб чиқарувчига нарх бўйича имтиёз берилади (импорт қилинадиган товарлар учун Ўзбекистонга CIP нархининг 15 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда).

Бундан ташқари, халқаро молия институтлари ва хорижий молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан давлат бюджети ёки давлат дастурлари доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларда, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳаларда маҳаллий электротехника маҳсулотларидан фойдаланишни кўпайтириш режалаштирилмоқда.

Бунинг учун мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун танлов (тендер) эълон қилинганда маҳаллийлаштирилган электротехника қурилмалари, ускуналар, маҳсулотлар ва хизматлардан келиб чиқиб «лотлар» тақдим этилади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун квалификацион талабларни енгиллаштирувчи механизм жорий этилади.

Мавзуга оид