Ўзбекистон | 12:25 / 17.01.2024
2519
2 дақиқада ўқилади

Корея Ўзбекистонда ГЭСларни модернизация қилишда иштирок этиши мумкин

Ўзбекистон элчихонасида Жанубий Кореянинг Tae-Chang NET Co., Ltd. компанияси раҳбари Жи Ин Хо билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Дунё АА

«Дунё» хабарига кўра, учрашувда Жанубий Корея компаниясининг Тошкент ва Самарқанд вилоятларида жойлашган, умумий қуввати қарийб 30 МВт бўлган бешта гидроэлектр станциясини модернизация қилишда иштирок этиш масаласи муҳокама қилинди.

Жи Ин Хо «Ўзбекгидроэнерго» билан ҳамкорликда мавжуд ГЭСлар бугунги ҳолатини ўрганиш, шунингдек, энергетика соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берди. 2023 йил сентябр ойида томонлар ўртасида бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Tae-Chang NET Co., Ltd. томонидан ушбу ҳужжат асосида Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги бешта гидроэлектр станциясини модернизация қилишнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ишлари бошланди.

Кореялик мутахассислар лойиҳанинг асосий параметрларини аниқлаш мақсадида 2023 йил октябр ва декабр ойларида Ўзбекистонга ташриф буюрди. Улар ГЭСлар самарадорлигини ошириш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш учун энергия блокларини тўлиқ алмаштириш масаласини кўриб чиқмоқда. Ўзбекистон энергетиклари ва муҳандисларининг малакасини ошириш учун махсус ўқув курслари ташкил этиш кўзда тутилган.

Жи Ин Хо Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги грант маблағлари ҳисобидан Ўзбекистонда битта гидроэлектростанцияни модернизация қилиш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш режасини маълум қилди. Айни пайтда «Ўзбекгидроэнерго» билан биргаликда кейинчалик расмий ариза бериш учун лойиҳа концепциясини тайёрлаш ишлари бошланган.

Мавзуга оид