Жаҳон | 22:49 / 17.01.2024
9855
2 дақиқада ўқилади

Шварценеггер божхона қоидасини бузгани учун Мюнхен аэропортида ушланди 

У қимматбаҳо Швейцария соатини декларацияга киритмагани учун божхоначилар томонидан тўхтатилди. 

Фото: Мюнхен божхона бошқармаси

АҚШ Калифорния штатининг собиқ губернатори, актёр Арнолд Шварценеггер аукционга қўймоқчи бўлган қимматбаҳо соати учун солиқ декларацияси йўқлиги сабабли Мюнхен аэропортида немис божхоначилари томонидан ушланди. Бу ҳақда Мюнхен божхона бошқармаси раҳбари Томас Майерга таяниб Bild ёзди. 

«Биз Арнолд Шварценеггернинг солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларини текширмоқдамиз. У соатни декларацияга киритиши керак эди, чунки у импорт қилинган», деди Майер нашрга. 

Bild нашрининг ёзишича, Шварценеггер Жаҳон иқлим саммитида қатнашиш учун Мюнхендан Австриянинг Кицбюэл шаҳрига боришни режалаштирган. 18 январ куни актёр саммит олдидан ўзининг Audemars Piguet қимматбаҳо соатини ким ошди савдосида сотмоқчи эди. Аммо соат божхоначиларнинг эътиборини тортди, деб таъкидламоқда нашр. Bild нашрининг ёзишича, Шварценеггер божхоначилар томонидан ушланганини «жуда хотиржам» қабул қилади, бироқ у Мюнхен-Кицбюэл рейсини аллақачон ўтказиб юборди. 

Швейцариянинг Audemars Piguet соатлари бозордаги энг қиммат соатлардан ҳисобланади. Уларнинг нархи модели, ясалган материаллари ва мураккаблигидан келиб чиқади. Мисол учун Royal Oak моделининг нархи 9 мингдан 200 минг АҚШ долларигача бориши мумкин. Платинадан ясалган Royal Oak Offshore модели нархи 700 минг долларгача боради.

Мавзуга оид