Ўзбекистон | 20:54 / 18.01.2024
10594
4 дақиқада ўқилади

Инвестиция ва экспорт: Президент кимларни огоҳлантирди, кимлар ишдан олинди?

Шавкат Мирзиёев уч нафар ҳукумат аъзосини огоҳлантирди, республика даражасидаги яна уч нафар мансабдор ишдан олинди. 26 та туман-шаҳар ҳокимининг лавозимда қолиш-қолмаслиги сўроқ остида.

Офшорлардаги компаниялар ва хитойлик инвесторларнинг Ўзбекистондаги цемент заводлари мамлакат экологиясига ва аҳоли саломатлигига жиддий таҳдид солаётгани – охирги вақтларда жамоатчилик муҳокамасида бўлиб турган мавзулардан бири эди. Бугун, 18 январ кунги селекторда президент Шавкат Мирзиёев ҳам бу масалага тўхталиб, цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарни янада кўпайтиришни таклиф қилаётган мутасаддиларни танқид қилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳозир мавжуд цемент ишлаб чиқариш заводларининг қувватлари ички эҳтиёжни ортиғи билан қондира олади.

“Лекин, мутасаддилар цементдан юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни кўпайтириш, экологияга зарарли таъсирни камайтирувчи технологияларни жорий қилиш ўрнига яна 22 та цемент заводи қуриш таклифини бераётгани ажабланарли”, – деди Шавкат Мирзиёев.

3-4 та ёки 5-6 та эмас, нақ 22 та цемент заводи қуришни таклиф қилаётганлар кимлар экани номаълум. Йиғилишда бундай фикрни бераётган расмий шахслар кимлиги очиқланмади. Лекин бошқа масалалар юзасидан баъзи мансабдорларнинг исмлари янгради: уларнинг айримлари ишдан олинган бўлса, айримларига синов муддати берилди.

Хусусан, инвестициялар ва экспортга оид масалаларга бағишланган йиғилишда бош вазирнинг бу йўналишдаги ўринбосари Жамшид Хўжаевга огоҳлантириш берилди. У экспортни кўпайтиришга доир бир қатор масалалар юзасидан 2,5 ой ичида ўзгариш қилмаса, эгаллаб турган лавозимига лойиқми-йўқми деган масала кўриб чиқилади.

Президент икки нафар вазирга огоҳлантириш берди. Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Ўзбекистон маҳсулотларини ташқи бозорларга етказишдаги муаммоларни ҳал этиш билан етарлича шуғулланмаётгани учун огоҳлантириш олди. Адлия вазири Акбар Тошқулов эса техник жиҳатдан тартибга солишга оид барча ҳуқуқий жараёнларни талаб даражасига келтириш учун масъул деб белгиланди. Агар у 2 ойда соҳани тартибга солмаса, вазир лавозимидан озод этилиб, Техник тартибга солиш агентлиги директори лавозимига туширилиши ҳақида огоҳлантирилди. Шунингдек, бу агентлик Инвестициялар вазирлиги таркибидан чиқарилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурига қайтариладиган бўлди.

Йиғилишда уч нафар мансабдор ишдан олинди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов ва Техник тартибга солиш агентлиги директори Дилшод Сатторов ўз тизимидаги камчиликлар ва сусткашлик учун, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори Мурод Мирзаев эса туманлар кесимида инвестиция хариталари тузмагани, фақат форумлар ўтказиш билан чекланиб қолгани сабаб лавозимидан озод этилди.

Шавкат Мирзиёев бир қатор ҳудудий мансабдорларнинг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича бош вазир Абдулла Ариповга топшириқ берди. Жумладан, Нукус, Жиззах, Бекобод шаҳарлари, Шароф Рашидов, Деҳқонобод, Учқўрғон, Урганч туманларининг ҳокимлари саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмида ўсиш бўлмагани учун ишдан олиниши мумкин. Яна 18 та туман-шаҳар ҳокимининг лавозимига лойиқлиги сўроқ остида, чунки улар 241 та тайёр инвестицион лойиҳалар учун инвестор топмаган. Бундан ташқари, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосарлари ҳамда 10 та туман-шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий чора кўрилади.

Мавзуга оид