Ўзбекистон | 18:16 / 18.01.2024
16287
2 дақиқада ўқилади

Автомобилни нотариусга бормасдан сотиш имконияти жорий қилинди

Бунинг учун ҳайдовчи E-notarius.uz сайтига тегишли маълумотларни киритади. Шундан кейин нотариус масофадан туриб, видео-алоқа орқали олди-сотди шартномасини тасдиқлайди.

Фото: Kun.uz

Автомобил ва мототранспорт воситалари савдосини нотариусга бормасдан, онлайн тарзда расмийлаштириш имконияти жорий қилинди. Бу ҳақда Адлия вазири матбуот котиби Севара Ўринбоева хабар берди. 

Қайд қилинишича, бунинг учун E-notarius.uz ахборот порталидан фойдаланилади. Унда «Нотариал ҳаракатни расмийлаштириш» танланади ва шахсга оид маълумотлар киритилиб, нотариал ҳаракат яратилади. 

Сотувчи сотилаётган авто-мототранспорт воситасини танлайди ва нархини, шунингдек, харидорнинг маълумотларини киритади. Сотиб олувчининг телефонига бу ҳақда SMS хабарнома юборилади. Сотиб олувчи ҳаволага кириб Face-ID орқали верификациядан ўтади ва розилигини тасдиқлайди. 

Шундан сўнг, автоматик тарзда ёки ихтиёрий нотариус танланади. Нотариус нотариал ҳаракатни расмийлаштиришга қабул қилиб, вақтни белгилайди ва тарафларнинг мобил телефонига SMS хабарнома юборилади. Белгиланган вақтда нотариус тарафлар иштирокида видео-алоқа орқали нотариал ҳаракатни расмийлаштиради. 

Битимнинг асл нусхалари тарафларга курерлик (почта) хизмати орқали юборилади.

Мавзуга оид