Ўзбекистон | 17:34 / 19.01.2024
28496
5 дақиқада ўқилади

“Битта самолёт чиптасининг пулига 2 киши автомобилда кетамиз” — Россияга қатновчи ўзбеклар

Охирги вақтларда Россия йўлларида ўзбекистонликлар иштирокидаги бир нечта автоҳалокатлар рўй берди. Kun.uz билан гаплашган ҳайдовчилар ЙТҲларга асосан мавсумий музламалар ва тезликни ошириш сабаб бўлаётганини айтишмоқда. Йўловчилар эса ҳаво ва темирйўл чипта нархлари қимматлиги учун автотранспорт орқали РФ областларига чиқиш қулайлигини билдиришди. 

11 январ куни Россиянинг Пенза вилоятида, 16 январ куни эса Самара вилоятида ичида ҳамюртларимиз бўлган енгил автомобил иштирокида дахшатли авариялар содир бўлди. 10 нафар ўзбекистонлик вафот этди, яна 6 нафари турли даражада жароҳатлари олди. 

Ўтган 2023 йил йилда ҳам Россия ҳудудларида ўзбекистонлик йўловчилари бўлган енгил автомобил минивен ёки автобуслар ишитрокида аянчли оқибатларга олиб келган йўл транспорт ҳодисалари кузатилди. 

Жабрланаётганларнинг аксарияти ишлаш ва пул топиш учун Россия шаҳарларига йўл олган ҳамюртларимиздир. Хўш, нега улар бир мунча хавфсиз бўлган самолёт ёки поезд каби транспорт хизматлари бўла туриб, хатарли, ҳамда машаққатларга бой йўл усти транспортларини танлашмоқда? 

Енгил автомобилларга миниб, насиба излаганча ўзга юртларга отланган ҳамюртларимиз билан суҳбатлашдик. Манзилимиз эса “Ғишткўприк” Ўзбекистон-Қозоғистон чегара ўтказиш пункти бўлди. 

“2 нафар ҳайдовчи алмашиб 3 кун юрамиз. Кўп ҳайдовчилар қишки балонни тақмай чиқяпти, [йўлларда қор кўп, муз бор, шунинг эвазига яҳмалак бўлиб автоҳалокат бўляпти”, – дейди Қашқадарёдан Москвага кетаётган ҳайдовчи. 

“Йўлдаги энг катта қийинчилик бу – тирбандликлар. Кейин йўлларда музламалар учраб туради. [Йўлларда] автоҳалокат бўладиган жараённи кузатолмаймиз-у, лекин йўлда музламалардан чиқиб кетган автомобиллар учраб туради, кўп бўлади. Ухлаб қолиш ҳам сабаб бўлади, лекин асосан шу музламалардан-да”,– деди Исфарадан Ростовга йўл олган тожикистонлик фуқаро. 

Москвага қатновчи андижонлик ҳамюртимиз бу йўллардаги музламаларни тузлар орқали эритиш кераклиги ёки махсус машиналар билан тозаланишини таклиф қилди. 

“[Йўлларга] қор курайдиган машина қўйиш керак. Бу автоҳалокатларнинг олдини олади-да. ЙТҲларига асосан тезлик, ухлаб қолиш сабаб бўлади”,– деди у. 

“Йўл яхши бўлса, 2 кун юрамиз. Агар йўл ёмон бўлса, 3 кун бўлади. [Россияга] Тез-тез қатнаб тураман. Йўкира нархлари 100 доллар, энг арзони 1 млн – 1 млн 300 минг сўм.

Йўлда бўладиган қийинчилик шу: об-ҳаво ёмон бўлса, бўрон ёки “гололед” бўлса, қийинчилик бўлади. Овқатланиш, дам олиш томонидан ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳамма кафеларнинг ётоқхонаси бор, ҳайдовчилар учун шароитлари бор”,– деди яна бир ўзбекистонлик. 

Умуман олганда, аксарият ҳайдовчилар чегара йўлларидаги ЙТҲлар сабабларини йўлларнинг музлаши, транспортга мавсумий баллонлар тақилмагани, тезликни ошириш ҳамда уйқусизлик билан боғлашди. 

Шунингдек, таҳририят мухбирларининг саволларига Россияга кетаётган йўловчилар ҳам жавоб беришди. Уларнинг айтишича, самолёт ёки поезддан кўра, автомобилда сафарга чиқиш арзонроқ тушгани учун ҳам айнан шу транспорт воситаси танланган. 

“Нексияда кетяпман, 1 млн 400 минг сўмга гаплашдим. Самолётларнинг нарх-навоси қимматроқ, 3 млн – 3 млн 800 минг сўм бўляпти”,– деди Самарага кетаётган сурхондарёлик йўловчи. 

“Автомобилда кетиш – азоб. Яхшиси, самолёт ёки поездда кетиш керак. Божхонани қаранг [тирбандлик назарда тутиляпти], 1 суткадан бери турибмиз. 2 суткада Ростовга етган бўлардик”,– деди яна бир йўловчи. 

“Россия Федерацияси Қозон шаҳрига кетяпман. Доим қатнайман. Самолётнинг бир киши учу кетадиган пулига 2 киши автомобилда кетса бўлади”, – деди андижонлик ҳамюртимиз. 

Асли Тюмен шаҳрига ишлагани кетаётган асли наманганлик фуқаро ҳам йўлкира нархлари арзонлигини, 1 млн сўмдан 100 долларгача эканини айтди. 

“Ўзи 2 йилдан бери [Россияга] чиқаман, автомобилда қатнайман. Ҳам арзон, ҳам қулай”,– дейди у. 

Хўш, автомобилда қатнаш харажатлари самолёт ёки поезд чипта нархларидан қанчалик фарқ қилади? Шу саволга жавоб излаб кўрамиз. Айни вақт Тошкентдан Россиянинг 2 та вилояти: Самара ва Волгоградгача поезд қатнови йўлга қўйилган. 

“Ўзбекистон темир йўллари” сайтидаги маълумотларга кўра, Тошкент-Самара йўналишидаги поезднинг пласткарт чипта нархи 1 млн 794 минг 220 сўм, купе эса 2 млн 774 минг 560 сўмни ташкил этади.  

Ҳаво йўлларида ҳам нархлар енгил автомобил ёки автобусникига нисбатан қимматроқ. Самарага бориб-қайтиш нархлари 3 млн 800 мингдан 4,5 млн сўмгача, Оренбургга икки томонлама рейс эса 4 млн 800 минг сўмдан, 6 млн 600 минг сўмгача деб кўрсатмоқда. 

Нима деб ўйлайсиз: одамлар жонини хатарга қўйиб кетиши фақат чипта нархлари қимматлиги билан боғлиқми? Ёки биз билмаган яна бошқа сабаблар ҳам борми? Тез кунларда экспертлар билан шу мавзуни муҳокама қиламиз. 

Дилшода Шомирзаева, Бахтиёр Тўхтаев тайёрлади,
Тасвирчилар Абдуқодир Тўлқинов, Асрор Алмуродов,
Монтаж устаси Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид