Ўзбекистон | 15:50 / 20.01.2024
4476
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов Брюсселда ЕК раҳбарининг бош маслаҳатчиси билан учрашди

Европа кенгаши президенти бош маслаҳатчиси билан бўлажак икки томонлама қўшма тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.

Фото: Дунё

Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов Брюссел шаҳрига ташрифи чоғида Европа кенгаши президентининг дипломатия бўйича бош маслаҳатчиси Саймон Мордю билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Томонлар Ўзбекистон–Европа муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини, шунингдек, бўлажак қўшма тадбирлар жадвалини муҳокама қилди.

Сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Барқарор минтақалараро ўзаро боғлиқликни шакллантириш зарурлиги таъкидланди. 2024 йил 29-30 январ кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт алоқалари бўйича Инвесторлар форуми шу мавзуга бағишланади.

Экология соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Европа томони Ўзбекистоннинг жорий йилда Самарқандда Халқаро иқлим форумини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон томонининг Афғонистонга нисбатан прагматик сиёсати, жумладан, афғон халқига ёрдам кўрсатиш ва ушбу мамлакатда гуманитар инқирознинг олдини олиш борасидаги сиёсати юқори баҳоланди.

Мавзуга оид