Жаҳон | 12:48 / 22.01.2024
3431
3 дақиқада ўқилади

Россия мухолифати Надеждин учун имзо қўйишга чақирди

Россиянинг айрим мухолифат етакчилари ўз тарафдорларини урушга қарши номзод сифатида Россия Федерацияси президентлигига Борис Надеждинни илгари суриш учун имзо қўйишга чақирди.

Фото: Андрей Стенин / РИА Новости

Украинадаги урушга қарши чиққан россияликлар Борис Надеждинни президентликка номзод сифатида кўрсатиш учун имзо қўйиши мумкин, ҳатто уни ўз номзоди деб ҳисобламаса ҳам, дея маълум қилди сиёсатчи Михаил Ходорковский 21 январ, якшанба куни. Илгари Алексей Навалнийнинг тарафдорлари ва Россия мухолифати бошқа вакиллари ҳам шундай чақириқлар билан чиққан.

«Надеждин учун имзо - ҳокимиятдагиларга қарши, ўзгариш учун баёнотдир», деб ёзган Ходорковский. У имзо қўйиш орқали урушга қарши позициясини ифодалаш мумкинлигини таъкидлади.

Аввалроқ Надеждин номзоди учун имзо қўйиш таклифини Алексей Навалнийнинг тарафдорлари Георгий Албуров, Руслан Шаведдинов ва Любов Собол қўллаб-қувватлаган эди. «Номзодлар қанча кўп бўлса, амалдаги раҳбарият шунчалик кам тўплайди. Агар шаҳрингизда имзо тўплаш пункти бўлса, дам олиш кунлари у ерга бориб келинг», деб ёзган Албуров.

Навалний тарафдорларининг сайловолди кампанияси тўғридан тўғри Надеждин учун имзо қўйишга чақирмайди, балки амалдаги раҳбариятдан бошқа ҳар қандай номзодга овоз беришни қўллаб-қувватлайди. «Амалдаги ҳокимият учун 2024 йилги сайловлар - ҳаракатларни маъқуллаш, урушни маъқуллаш бўйича референдум. 17 март куни Россия кўпчилик уларни мамлакат бошида кўришни истамаслигини тушуниши керак. Овоз бериш натижалари сохталаштирилиши мумкин, аммо бизнинг вазифамиз энди амалдаги ҳокимият керак эмаслиги бўйича аниқ сигнал беришдир», дейилади ФБК тарғибот кампанияси сайтида. Сиёсатчи Максим Кац ҳам Надеждин учун имзо чекишга чақирди.

Борис Надеждиннинг илгари сурилиши

Надеждин 23 декабр куни бўлиб ўтган «Гражданская инициатива» партиясининг қурултойида Россия Федерацияси президентлигига номзод сифатида кўрсатилган эди. Сайловда номзоди рўйхатга олиниши учун у 100 минг сайловчи имзосини тўплаши керак.

Борис Надеждин 60 ёшда. Физика-математика фанлари номзоди. У Москва физика-техника институтида (МФТИ) ҳуқуқ факултетига асос солган ва 2016 йилгача унга раҳбарлик қилган. 1999-2003 йилларда Надеждин СПСдан давлат думаси депутати, 2008-2011 йилларда миллиардер Михаил Прохоровнинг «Правое дело» партияси аъзоси, 2012 йилда эса «Справедливая Россия» партиясидан Сергей Мироновнинг ишончли вакили, шунингдек, Владимир Путин жамоасидан кузатувчи бўлган. 2016 йилги давлат думасига сайловлар олдидан Надеждин «Единая Россия»нинг праймеризларида муваффақиятсиз иштирок этди. Надеждиннинг сайтида бўлажак президентлик сайловлари манифестида «тинчлик», «сўз эркинлиги», «ҳамкорлик», «фуқаролик жамияти» ва «адолатли сайловлар» шиорлари мавжуд. 

21 январ ҳолатига кўра, Надеждин штаби 54 740 та имзо тўплаганини маълум қилди - бу талаб қилинганининг ярми. Шу билан бирга, штаб Москвада етарли миқдордаги имзо тўпланганини таъкидлади, аммо «ҳозир минтақавий рўйхатга олинган фуқаролардан имзолар кутилмоқда». 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид