Ўзбекистон | 08:55 / 23.01.2024
3208
3 дақиқада ўқилади

Лифтларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент ишлаб чиқилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Лифтларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Лифтларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент инсон ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкини муҳофаза қилиш, шунингдек, харидорларни (фойдаланувчиларни) чалғитувчи ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда муомалага чиқариладиган лифтларнинг хавфсизлигига қўйиладиган талабларни белгилайди.

Техник регламент талаблари барча лифтлар ва лифт хавфсизлиги қурилмаларига (буферлар, тутгичлар, тезликни чеклагичлар, шахта эшиклари қулфлари, хавфсизлик гидроаппаратлари ва бошқалар) татбиқ этилади.

Техник регламент қуйидаги лифтларга татбиқ этилмайди:

  • тоғ-кон ва кўмир саноати шахталаридаги;
  • кемалар ва бошқа сузувчи воситалардаги;
  • самолётлар ва бошқа учувчи аппаратлардаги;
  • винтли ёки тишли кўтариш механизмига эга бўлган;
  • махсус ҳарбий мақсадлар учун мўлжалланган.

Лифтлар ва лифтларнинг хавфсизлик қурилмалари техник регламент талабларига мувофиқ бўлган тақдирда муомалага чиқарилади.

Лифтлар ва лифтларнинг хавфсизлик қурилмаларидан мақсадига кўра фойдаланилганда, ишлаб чиқарувчининг кузатув ҳужжатларининг талаблари бажарилганда муомалага чиқарилаётган лифтлар ва лифтларнинг хавфсизлик қурилмалари ишлаб чиқарувчи томонидан тайинланган хизмат муддати давомида техник регламентда белгиланган хавфсизлик талабларига жавоб бериши керак.

Муомалага чиқарилаётган лифтлар ва лифтларнинг хавфсизлик қурилмаларига кузатув ҳужжатлари илова қилиниши керак.

Кузатув ҳужжатлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • фойдаланиш бўйича қўлланма (йўриқнома);
  • лифт паспорти;
  • монтаж қилиш чизмаси;
  • элементларнинг рўйхатини кўрсатган ҳолда асосий электр схема;
  • асосий гидравлик схема (гидравлик лифтлар учун);
  • лифтлар ва лифтларнинг хавфсизлик қурилмаларига, ёнғинга қарши эшикларга (мавжуд бўлганда) берилган сертификат нусхаси.

Фойдаланиш бўйича қўлланма (йўриқнома) қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • йиғиш, созлаш, ростлаш, синов ва текширувларни ўтказиш тартиби бўйича кўрсатмаларни ўз ичига олувчи монтаж қилиш бўйича йўриқнома;
  • фойдаланиш, шу жумладан фойдаланишга топшириш, мақсадига кўра фойдаланиш, техник хизмат кўрсатиш, кўрикдан ўтказиш, кўздан кечириш, таъмирлаш, синовдан ўтказиш даврида фойдаланиш бўйича кўрсатмалар ва лифтлар хавфсизлигини таъминлаш чоралари;
  • тез эскирадиган (емириладиган) деталларнинг рўйхати;
  • одамларни кабинадан хавфсиз эвакуация қилиш усуллари;
  • утилизация қилишдан олдин фойдаланишдан чиқариш бўйича кўрсатмалар.

Лифтларга унинг бутун хизмат муддати давомида аниқ ўқилишини таъминлаган ҳолда ҳар қандай усулда қуйидагиларни ўз ичига олувчи маълумотлар туширилади: ишлаб чиқарувчининг номи ва (ёки) товар белгиси, лифтнинг идентификация (завод) рақами, ишлаб чиқарилган санаси.

Мавзуга оид