Ўзбекистон | 12:33 / 23.01.2024
17917
2 дақиқада ўқилади

Маиший техника импортига оид чеклов ССП ва Президент ҳузуридаги кенгаш билан ҳам келишилмагани маълум бўлди

1 февралдан бошлаб Ўзбекистонда расмий дилери ва сервис маркази бўлмаган хорижий брендларнинг маиший техникаларини олиб кириб бўлмайди. Маълум бўлишича, тегишли ҳужжатнинг нафақат Адлия вазирлигига, балки Савдо-саноат палатасига киритилган лойиҳасида ҳам бу чеклов ҳақидаги банд бўлмаган. Лойиҳа Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши муҳокамасига ҳам киритилмаган.

Фото: Северный полюс

Электротехника саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чоралар ҳақидаги президент қарорининг Савдо-саноат палатасига киритилган лойиҳасида маиший техника импортига оид банд мавжуд бўлмаган.

Kun.uz'га маълум бўлишича, 18 турдаги маиший техника товарларини импорт қилишда ишлаб чиқарувчининг Ўзбекистонда расмий дилери ва сервис хизмати мавжуд бўлиши ҳақидаги талаб қарорга кейинроқ қўшиб юборилган.

  • “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасига биноан, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга бевосита ёки билвосита таъсир қиладиган масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари мажбурий тартибда ССП билан келишилиши лозим.

Бундан ташқари, юқоридаги қарор лойиҳаси Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгашига киритилмаган.

  • Президентнинг 2023 йилдаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифалар ижросига доир қарорига асосан, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказишдан олдин Жамоатчилик кенгаши муҳокамасидан ўтказиш белгиланган эди.

Kun.uz аввалроқ маиший техника импортига доир янги норма қарорнинг Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертиза учун киритилган лойиҳасида ҳам мавжуд бўлмагани ҳақида хабар берганди.

Адлия вазирлиги, шунга кўра, ташаббускор (Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги) томонидан бу норма тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилганми-йўқми, бундан бехабар эканини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда дилерлик ва сервис марказларини очмаган хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг товарларини импорт қилиш чеклови телевизор, кир ювиш машинаси, кондиционер, дазмол каби жами 18 турдаги маиший техникаларга тааллуқли.

Бу маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи маҳаллий компанияларга эса навбатдаги имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилди.

Кеча, 22 январ куни Kun.uz студиясида бу қарор юзасидан иқтисодчи Отабек Бакиров ҳамда Artel компанияси раҳбари Шоҳрух Рўзиқулов ва бошқалар иштирокида жонли эфирдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Мавзуга оид