Ўзбекистон | 18:19 / 24.01.2024
32318
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда рус пропаганда каналларини ёпиш таклиф қилинмоқда

«1917 йилгача ўзбек миллати бўлмагани» ҳақида гапирган россиялик тарихчи Михаил Смолиннинг чиқишига жавобан ўзбекистонлик расмийлар, депутатлар ва блогерлар Россиянинг пропаганда телеканалларини чеклашни таклиф қилиб, қарши чоралар кўриш лозимлигини билдирмоқда.

Россиялик тарихчи Михаил Смолиннинг шов-шувли чиқиши ортидан Республика Маънавият ва маърифат маркази директори Минҳожиддин Мирзо Ўзбекистон аҳолисини заҳарли ғоялардан сақлаш учун мамлакатдаги хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган барча радио-телевидение каналлар ҳамда уларнинг интернетдаги сайтларини зудлик билан чеклаш масаласини кўриб чиқиш таклифи билан чиқди.

Минҳожиддин Мирзо

«Империяпарастлик талвасаси яна турли кўринишларда намоён бўла бошлади. «Йўқсуллар доҳийси» Ленин вафотининг 100 йиллиги муносабати билан Россиянинг НТВ каналида уюштирилган ток-шоуда россиялик «тарихчи» Михаил Смолин 1917 йилга қадар ўзбеклар, қозоқлар ва озарбойжонлар миллат сифатида мавжуд бўлмаган, инқилобдан кейингина улар СССР номи билан пайдо бўлган, деган ниҳоятда аҳмоқона сафсатани ўртага ташлади.

Бу бир шахснинг фикрими ёки рус шовинизмининг асл башарасими? Гарчи маданиятсизларча ва калтабинларча бўлса-да, шовинизмнинг асосий башарасини кўрсатувчи ушбу «сиёсий қараш» истибдод кишанларини парчалаб, неча минг йиллик ўз миллий давлатчилигини қайтадан тиклаган эл-у юртларни мана шундай олчоқ ғоялари билан руҳан чўктиришга уринишдир. Акс ҳолда уларга бундай медиа имконият яратиб берилмаган бўларди», – деб ёзган у фейсбук саҳифасида.

У ушбу қўштирноқ ичидаги тарихчи ҳаққоний тарихни жуда яхши билиши, лекин унинг «шовинизм билан эмланган тафаккури» азалдан буюк давлат, буюк тарих, буюк маданият яратган халқнинг кимлигини тан олгиси келмаслигини таъкидлайди. 

«Боболаримиз неча асрлар мобайнида минтақада аҳил, баҳамжиҳат бўлиб, буюк қадриятлар асосида яшаб келган бўлса, бугун ҳам, таъбир жоиз бўлса, тарих ва ҳаёт гардиши, табиатнинг ўзи бизни – бутун Марказий Осиё халқларини айнан ана шундай дўстлик ва ҳамкорлик руҳида ҳаёт кечиришга даъват этмоқда. Бу – тарихий воқелик!

Минг афсуски, мана шундай тарихий ҳақиқатни англамайдиган ёки англашни истамайдиган Михаил Смолинга ўхшаганлар бундай қарашлари билан бир бутун халқларни ҳақорат қилмоқда. Бу кечирилмайдиган ва шунчаки «алаҳсираш» деб қараб бўлмайдиган ҳолдир!» – деган у.

Минҳожиддин Мирзо шовинистик пропаганда юзидаги ниқобни йиртиб, ўзининг ҳақиқий башарасини намойиш қилар экан, уларнинг хатти-ҳаракатида фашизмнинг «қўланса ҳиди» анқиётганини таъкидлаган ва шовинистларнинг жиноий ҳаракатлари ўз жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланаётганидан ташвиш билдирган.

«Аслида, Михаил Смолин ва унга ўхшаш «сиёсатдон»ларнинг оғзида айланаётган тил қора ният эгасининг тилидир.  
СССР деб номланган, аллақачон тарих ахлатхонасига итқитилган империяни тирилтириш – амалга ошириб бўлмайдиган хомхаёлдан бошқа нарса эмас. Тарихдан яхши биламиз: фақат олчоқлик ва зўравонлик билан кун кўрган бу империя зулук сингари бошқа халқларнинг меҳнати орқали яшаб келган. Бугун прилепинлар, смолинлар яна ўша советнинг истибдод асосига қурилган тузумини қўмсаб айюҳаннос солишмоқда. 

Жамиятимизни бундай хуружлардан, заҳарли ғоялардан сақлаш учун мамлакатимиздаги хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган барча радио-телевидение каналлари ҳамда интернетдаги сайтларини зудлик билан чеклаш масаласини кўриб чиқишни вазиятнинг ўзи тақозо этаётир», – деган Минҳожиддин Мирзо.

Нима бўлганди?

 

Михаил Смолин. Фото: «Место встречи» кўрсатувидан кадр.

НТВ телеканалидаги ток-шоуда Михаил Смолин 1917 йилги инқилобгача ўзбеклар халқ сифатида мавжуд бўлмагани ҳақида гапирганди.

«Қаранг, Қозоғистон қандай пайдо бўлди. Дастлаб у РСФСР таркибида Қозоқ Республикаси деб аталган. Яъни қозоқлар умуман йўқ эди, кейин Қозоғистон ССР таркибида Қирғизистон автоном совет социалистик республикаси ташкил этилди. Масалан, ўзбеклар инқилобгача бўлмаган. Бундай этник ном йўқ эди. Марказий Осиёдаги бир қанча халқларни бир қилиб, ўзбекларни [сунъий] яратишган. Озарбойжонлар кимлар? Бундай миллат бўлмаган», – деганди Михаил Смолин теледастур чоғида.

Ўзбекистон томонидан реакциялар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров «илмсиз тарихчини эътиборсиз қолдириш керак»лигини ёзди.

«Қадимги туркий миллатлар, жумладан, уларнинг энг мустаҳкам қўлларидан бири қарлуқнинг боши — ўзбекларнинг 3 минг йиллик давлатчилигини оддий инсон билмаслиги мумкин, лекин тарихчиман дегани билмаса, бундай илмсиз тарихчини эътиборсиз қолдириш керак.

Давлатчилик тажрибамизнинг муҳим хулосаси — эл бўлмасдан ўзимиз билан ўзимиз тортишаверсак, яна зўравонга қул бўламиз!» – деди депутат.

«Юксалиш» ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов «Россиялик пропагандачилар жазавага тушмоқда. Уларга ақлдан озишга халақит берманг», – дея пост қолдирган.

Собиқ депутат Расул Кушербаев ҳам рус каналларини Ўзбекистонда чеклаш кераклигини билдирган.

«Кўриниб турибдики, катта эҳтимол билан Кремль буюртмаси асосида рус зиёлилари секин-аста Марказий Осиё мамлакатларини босиб олишга ўз жамиятини руҳан тайёрламоқда. Бу сценарий Украинага уюштирилиши кутилган босқиндан олдин ҳам қўлланган. Бундай ҳаракатлар фонида биз ҳеч бўлмаса биринчи галда ўз жамиятимизни хуружлардан сақлаш учун рус пропагандаси билан шуғулланаётган барча каналларни чеклаш ҳақида тўхтамга келишимиз керак. Буниси энди ошиб тушди», – деди у ўз Telegram-каналида.

Смолин фикрларига муносабат билдирар экан, ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев бунинг Россиянинг пропагандаси Марказий Осиё халқларига, жумладан, ўзбекларга очиқдан очиқ таҳдиди эканини таъкидлади.

«Россиянинг босқинчи пропагандаси Марказий Осиё халқларига, жумладан, ўзбекларга очиқдан-очиқ таҳдид қилмоқда. Яқиндагина Захар Прилепин исмли аҳмоқ Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш ҳақида гапирганди. Ва буни залдаги бошқа руслар қарсак чалиб қўллаб-қувватлаганди. Энди эса аудиторияси катта бўлган НТВ телеканалида Михаил Смолин деган товуқмия «1917 йилгача ўзбек ва қозоқ миллат сифатида мавжуд бўлмаган (озарбойжонлар ҳам), рус инқилобидан кейин бу миллатлар сунъий яратилган» дебди.

Бу каби ҳолатлар шунчаки тасодиф эканлигига ишониш учун ақли норасо бўлиш керак. Соғлом одам буларнинг барчаси нима учун қилинаётганини яхши билади. Чунки Украинага босқин ҳам айнан мана шу каби умумий тезислар асосида бошланган. Яъни узоқ йиллар шовинистик пропаганда машинаси томонидан Украинанинг давлатчилик тарихи йўқлиги, миллат сифатида мавжуд эмаслиги, Ленин яратган сунъий давлат эканлиги ҳақидаги чўпчаклар рус халқи онгига сингдирилган ва бугун бунинг оқибатини ҳаммамиз кўриб турибмиз.

Нега биз мана шунақа исқиртларга қарши бирор чора кўра олмаймиз? Нега доим рус шовинистларига қарши мулойим ва бағрикенг муносабатда бўламиз? Нега Россия элчисини «чақиртирмаймизу», шунчаки «таклиф этамиз«? Нега бутун бошли Ўзбекистонни босиб олиш ҳақида гапирганларга қарши жиноят иши қўзғатмаймиз? Нега ўзбек халқини ерга урганларни Ўзбекистонга киришини тақиқлаш ҳақида қарорлар қабул қилмаймиз? Нега доим қўрқиб яшашимиз, «катта оға» нима дер экан деб, оғзини пойлаб туришимиз керак?» – дея қайд этди ҳуқуқшунос.

Россия томонидан расмий муносабат

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Смолиннинг баёнотига изоҳ бериб, бу тарихчининг шахсий фикри эканини айтди.

«Россия ва Марказий Осиё республикаларини умумий тарих, яқин инсоний, гуманитар алоқалар, савдо-иқтисодий ва бизнес алоқалари бирлаштиради.

Бизнинг чинакам  ҳамкорлигимиз, стратегик шериклигимиз ва аксарият ҳолларда иттифоқдошлигимиз бир-бирига ҳурмат ва маданиятлар мулоқотига асосланган бўлиб, бизни ўзининг чуқур тарихи ва бутун инсоният учун қадрли самараси билан бойитади.

Россия ва ишончимиз комилки, Марказий Осиё минтақасининг суверен, мустақил давлатлари бундай муносабатларнинг аҳамиятини тўлиқ тушунади.

Қайд этилган ғалати баёнотлар табиатан соф субъективдир, ҳозиргина айтиб ўтилган воқеликлар билан ҳеч қандай умумийлик йўқ ва бутунлай муаллифнинг виждонида қолади», – деди Захарова.

Мавзуга оид