Жаҳон | 19:10 / 04.07.2024
6766
2 дақиқада ўқилади

Захар Прилепин Кремлда мукофотланди

Ушбу пропагандачи ёзувчи учрашувлардан бирида Ўзбекистонни босиб олишни таклиф қилганди.

Фото: Дмитрий Дубинский / Абзац

Россиялик пропагандачи, уруш тарғиботчиси бўлган ёзувчи Захар Прилепин Кремлда ўтган маросимда «Жасорат» ордени билан тақдирланди. Россгвардия подполковниги бўлган Прилепиннинг матбуот хизматига кўра, маросим 3 июл куни ўтказилган.

«Жасорат» орденидан ташқари Прилепинга Мудофаа вазирлигининг «Жанговар ҳамдўстликни мустаҳкамлагани учун» медали ҳам топширилган. Пропагандачи ёзувчидан ташқари турли сиёсатчилар, хусусан, Италия бош вазири Жоржия Мелони билан африкалик сиёсатчилар номидан гаплашиб, уни мазах қилган пранкерлар Вован (Владимир Кузнецов) ва Лексус (Алексей Столяров) ҳам Кремлда давлат мукофоти билан тақдирланган.

Маълумот учун, Захар Прилепин 2023 йил декабр ойида ўтказилган учрашувлардан бирида миграцияга қарши курашиш учун собиқ иттифоқ давлатларини Россия таркибига қўшиб олиш кераклигини айтган, хусусан, Ўзбекистонни босиб олиб, ўзбекларга рус тилини мажбурий ўргатишни таклиф қилганди.

«Киевдаги параддан кейин Евросиё ҳудудида бизга нимадир қилишни ким тақиқлайди? Ҳеч ким», деганди ўшанда Прилепин. Уруш тарғиботчисининг бу гапидан кейин Россия томони ўзини оқлаб чиққан ва бу унинг шахсий фикри экани, Кремл позициясини англатмаслигини билдирганди.

Захар Прилепинга 2023 йил май ойида Нижний Новгород шаҳрида суиқасд уюштирилганди. Ўшанда унинг бошқарувидаги Audi автомобилининг капоти остига жойлаштирилган портловчи қурилма ишга тушганди. Портлаш оқибатида ёзувчининг тансоқчиси ҳалок бўлган, ўзи эса рулда бўлгани туфайли омон қолган.

Россия томони суиқасдда Украина, АҚШ, Буюк Британия ва НАТОни айблаган. Кейинчалик суиқасд учун жавобгарликни «Атеш» партизанлик ҳаракати ўз зиммасига олган.

Мавзуга оид