Жаҳон | 17:07 / 24.01.2024
12016
2 дақиқада ўқилади

Мария Захарова тарихчи Смолиннинг ўзбеклар ҳақидаги гапларига муносабат билдирди

Фото: Telegram / Мария Захарова

Россиянинг НТВ телеканалидаги «Место встречи» («Учрашув жойи») кўрсатувида россиялик тарихчиси Михаил Смолин инқилобгача — 1917 йилгача ўзбек, қозоқ ва озарбойжонлар миллат сифатида мавжуд бўлмаган дея фикр билдирди. 

«Қаранг, Қозоғистон қандай пайдо бўлди. Дастлаб у РСФСР таркибида Қозоқ Республикаси деб аталган. Яъни қозоқлар умуман йўқ эди, кейин Қозоқ ССР таркибида Қирғизистон Автоном Совет Социалистик Республикаси ташкил этилди. Масалан, ўзбеклар инқилобгача бўлмаган. Бундай этник ном йўқ эди. Марказий Осиёдаги бир қанча халқларни бир қилиб, ўзбекларни [сунъий] яратишган. Озарбайжонлар кимлар? Бундай миллат бўлмаган», – деган у.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Смолиннинг баёнотига изоҳ бериб, бу тарихчининг шахсий фикри эканини айтди.

«Россия ва Марказий Осиё республикаларини умумий тарих, яқин инсоний, гуманитар алоқалар, савдо-иқтисодий ва бизнес алоқалари бирлаштиради.

Бизнинг чинакам  ҳамкорлигимиз, стратегик шериклигимиз ва аксарият ҳолларда иттифоқдошлигимиз бир-бирига ҳурмат ва маданиятлар мулоқотига асосланган бўлиб, бизни ўзининг чуқур тарихи ва бутун инсоният учун қадрли самараси билан бойитади.

Россия ва ишончимиз комилки, Марказий Осиё минтақасининг суверен, мустақил давлатлари бундай муносабатларнинг аҳамиятини тўлиқ тушунади.

Қайд этилган ғалати баёнотлар табиатан соф субъективдир, ҳозиргина айтиб ўтилган воқеликлар билан ҳеч қандай умумийлик йўқ ва бутунлай муаллифнинг виждонида қолади», – деди Захарова.

Мавзуга оид