Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Korean Air Сеул ва Тошкент ўртасидаги авиарейсларни тўхтатади
Март ойидан авиакомпания Сеул-Тошкент-Сеул йўналишидаги рейсларни тўхтатишга қарор қилди. Таъкидланишича, бу қарор авиакомпаниянинг пойтахтдаги ваколатхонаси ёпилиши билан боғлиқ. Баҳордан бу қатновларни Uzbekistan Airways амалга ошириши кутилмоқда.
1 мартдан бошлаб Кореянинг энг катта авиакомпанияси Korean Air’нинг пойтахтдаги ваколатхонаси ёпилиши муносабати билан Сеул-Тошкент-Сеул йўналишидаги авиарейслар тўхтатилади. Бу ҳақда Kun.uz’га Uzbekistan Airways матбуот хизмати ходими Аҳмаджон Орифжонов маълум қилди.
Унинг айтишича, баҳор мавсумидан бу авиақатновларни фақат Asiana Airlines билан Uzbekistan Airways амалга оширади.
“Ўзбекистон ҳаво йўлларининг авиaчипталари Korean Air’никига қараганда нисбатан анча арзонроқ, шу сабабли ҳам Корея авиакомпанияси рақобатга кириша олмаган бўлиши мумкин. Уларнинг чипталари қимматроқ”, – деди Орифжонов.
Компания вакилларидан бири эса Gazeta.uz нашрига рейслар ротацияси йўқлиги, йўловчилар камлиги сабаб Тошкентдаги ваколатхона ёпилаётганини маълум қилган.
Korean Air’нинг расмий сайтига қаралса, чиндан март ойидан бошлаб рейслар ва авиачипталар мавжуд эмаслигини кўриш мумкин.
Маълумот учун, дунёнинг ТОП авиаташувчи компаниялари қаторида турувчи Korean Air 2020 йилда Жанубий Кореядаги асосий рақобатчиси Asiana Airlines’нинг назорат пакетини қўлга киритганди.
Korean Air компаниясининг икки давлат пойтахтлари ўртасидаги парвозлари 2008 йилдан бошланган. Ўшанда Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Korean Air авиакомпанияси раиси Янг Хо Чойни қабул қилганди.
Бу авиаташувчи компания Навоий аэропорти базасида халқаро логистика марказини яратиш ҳақидаги битим иштирокчиларидан ҳисобланиб, ушбу марказни бошқара бошлаган.
Мавзуга оид
17:25 / 07.05.2025
T'way Air Сеулдан Тошкентга парвозларни йўлга қўяди
12:37 / 10.03.2025
Ўзбекистон фуқароси қарийб 5,1 млн долларга Сеулдан квартира сотиб олди
17:28 / 27.11.2024
Сеулдан Тошкентга учиши керак бўлган рейс ноқулай об-ҳаво сабаб кечиктирилди
14:40 / 30.10.2024