БМТ: Сувайш канали орқали савдо қилиш ҳажми 42 фоизга камайди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, ҳусийчиларнинг ҳужумлари туфайли канал орқали ҳар ҳафта ўтадиган контейнер кемалари сони ўтган йилга нисбатан 67 фоизга камайди. Нефт транзити 18 фоизга қисқарди.
Яман ҳусийчиларининг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужуми Сувайш канали орқали савдога катта таъсир кўрсатди. Пайшанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг савдо ва тараққиёт конференцияси (ЮНКТАД) эксперти Ян Хоффманнинг айтишича, канал орқали савдо сўнгги икки ой ичида 42 фоизга камайди. «Биз Қизил денгиздаги кемаларга қилинган ҳужумлардан жуда хавотирдамиз», деди у.
Сувайш канали орқали ҳар ҳафта ўтадиган контейнер кемалари сони ўтган йилга нисбатан 67 фоизга, нефт транзити эса 18 фоизга камайди, дейди БМТ эксперти.
Қизил денгиз ва Сувайш канали жаҳон савдосининг марказий йўллари ҳисобланади. Ҳар йили Сувайш канали орқали 20 мингга яқин кемалар ўтади. Яманлик исёнчиларнинг ҳужумлари туфайли кўплаб йирик юк ташиш компаниялари бу йўлдан қочишга қарор қилди. Осиё ва Европа ўртасидаги йўлда контейнер кемалари Африка жанубини айланиб ўтиши керак, бу эса сезиларли даражада кўпроқ вақт ва юз минглаб евро миқдоридаги қўшимча ёнилғи харажатларини талаб қилади.
Ҳусийчилар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилмоқда
Яманнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийчилари 2023 йил октябр ойида ҲАМАС ҳаракати Исроилга ҳужум қилганидан бери Қизил денгиздаги тижорат кемаларига мунтазам равишда учувчисиз учоқлар ва ракеталар билан ҳужум қилиб келади. Ҳусийчилар Яқин Шарқдаги можарога ҲАМАС томонида кирганини эълон қилди.
АҚШ ва Буюк Британия ҳарбийлари Австралия, Баҳрайн, Канада ва Нидерландия кўмагида Ямандаги ҳусийчилар нишонларига зарба бермоқда. Аниқ бошқариладиган снарядлар ёрдамида қилинган ҳужумлар Қизил денгиздаги савдо ва ҳарбий кемаларга ҳусийчиларнинг зарбаларига жавоб бўлди, дейилади иттифоқчи давлатлар қўшма баёнотида. 17 январ куни АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Вашингтон ҳусийчиларни глобал миқёсда фаолият юритаётган террорчи ташкилотлар рўйхатига қайтарганини эълон қилди.
Мавзуга оид
07:50 / 22.11.2024
БМТ РФнинг Днипрога баллистик ракета зарбасидан хавотирда
15:22 / 21.11.2024
Бокудаги COP29: иқлим ўзгаришига мослашиш харажатларини ким тўлайди?
00:36 / 19.11.2024
Россия БМТнинг Суданда ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди
16:16 / 16.11.2024