Жаҳон | 22:45 / 26.01.2024
15970
3 дақиқада ўқилади

Қизил денгизда Сомали қароқчилари ҳам фаоллашди – ОАВ

Яманлик ҳусийлар ортидан Сомали қароқчилари ҳам Қизил денгизда кемаларга ҳужум қила бошлади. 

Фото: AFP

Сомали қирғоқларида катта ва кичик кемаларга ҳужум қилган қароқчилар сони кўпайган. Бу ҳусий жангариларининг савдо кемаларига ҳужумлари туфайли Қизил денгизда хавфсизлик бузилганидан кейин содир бўлди, деб хабар берди Bloomberg. 

Ноябр ойидан бери Сомали ўз қирғоқлари яқинида тижорат кемаларига бешта ҳужумни қайд этди. Масалан, декабр ойида Малта байроғи остидаги MV Ruen кемаси қароқчилар томонидан гаровга олинди. Шундан сўнг Ҳиндистон, Япония ва Испания ҳарбий кемалари экипажнинг 18 аъзосини қутқариб олишди. Халқаро денгиз бюроси маълумотларига кўра, бу 2017 йилдан бери Сомали қирғоқлари яқинида кеманинг биринчи ўғирланиши бўлди. 

5 январ куни Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучлари Либерия байроғи остидаги MV Lila Norfolk кемасига ёрдам бериш учун ҳарбий кема ва вертолётлар юборди, бироқ қароқчилар қочишга муваффақ бўлишди. 

Crisis 24 халқаро хавфсизлик консалтинг компанияси маълумотларига кўра, йирик кемаларга ҳужумлардан ташқари, сўнгги ҳафталарда Эроннинг камида бешта кичик балиқ овлаш кемаси ҳужумга учраган. 

Қароқчиликнинг ортишига Европа ҳарбий кемаларининг Сомали қирғоқларини тарк этиши ва АҚШ кучларининг Ямандаги ҳусийлар таҳдидига эътибор қаратиши сабаб бўлмоқда. 

Шарқий Африка юк жўнатувчилар кенгаши қароқчиликнинг тикланиши юк жўнатувчилар учун харажатларни ошиши ва таъминот занжирларини бузиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. 

Ҳусийларларнинг «Ансоруллоҳ» гуруҳи 2015 йилдан бери амалда Яманни бошқариб келмоқда, БМТ эса уларнинг бошқаруви қонунийлигини тан олмайди. Ҳусий режимини Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» қўллаб-қувватлаяпти, деб ишонилади. 

Исроил ва ҲАМАС ўртасида уруш бошланганидан сўнг, ҳусийлар Исроил ширкатларига тегишли бўлган ёки Қизил денгизда Исроил байроғи остида сузадиган ҳар қандай кемага ҳужум қилишини эълон этди. 

АҚШ ва Буюк Британия ҳарбийлари Ямандаги ҳусийлар қароргоҳларига зарба бериш орқали кемаларга ҳужумларнинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.

Мавзуга оид