«Турон ҳудудида давлатчилик юзага келганда рус миллатининг ўзи йўқ эди» – ўзбек тарихчилари билан суҳбат
Давлатни аташда ҳудудий ном устунлик қилади, худди Қўқон, Хоразм хонликлари ёки Бухоро амирлиги каби. Бу ўзбеклар йўқ эди деганини англатмайди, балки давлат асосан сулолавий, ҳудудий жиҳатдан номланган. Турон заминида мавжуд бўлган жамики давлатлар асосида ўзбеклар яшаган.
Ўзбек тарихчилари Михаил Смолиннинг ўзбеклар ҳақидаги фикрларини рус миллатчиси сифатида империячилик сиёсатини тарғиб қилиш, ҳозирги Россия қилаётган ишларни оқлашдан иборат эканини очиб беришди.
Россиянинг пропаганда каналлари орқали Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистонга империализмни қўлловчи у ёки бу шаклдаги ахборий ҳужумлар такрорланиб турибди.
Аввалроқ россиялик сиёсатчи Захар Прилепин "Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатларни Россия таркибига қўшиб олиш"ни таклиф қилган бўлса, энди рус тарихчиси Михаил Смолин “1917 йилдаги Инқилобгача ўзбеклар умуман бўлмаган", деган фикрни айтди.
Хўш, ўзбеклар миллат сифатида қачон шаклланган? Мамлакатнинг ўтмиши ва келажагига очиқдан очиқ таҳдидни ифодаловчи бу каби ахборот хуружлари ортида қандай мақсадлар ётибди? Kun.uz шу каби саволлар атрофида Тарих институти олимлари билан суҳбатлашди.
Суҳбатдошларимиз тарихчилар Тўлқин Аҳмедов, Одил Зарипов, Дилноза Жамолова ва Воҳид Холовлар бўлишди.
Воҳид Холов: — Россия сўнгги йилларда, яъни 2008, 2014, 2022 йилги воқеаларни оладиган бўлсак, унда ҳалигача империячилик қарашлари борлигини кўриш мумкин. Бу нарсани россиянинг турли доира вакиллари баралла айтяпти. Юқори доирада ҳам янграяпти, хусусан, Медведев Қозоғистон ерларини Россия тортиқ қилган, деган мазмундаги гапларни айтганди, телеграм каналига ҳам жойлаган эди. Бу биз бошқа давлат ҳудудига ҳам даъво қила оламиз, дегани. Бу нарса сиёсий низо қўзғаш учун дастак бўлади. Биринчи Украина ҳақида шундай дейишди, кейин Қозоғистон ва энди бу ҳудудни яна кенгайтириб гапиришяпти. Мақсад — ўзларининг империячилик ғояларини бошқаларга уқтириш, халқларда беқарорликни келтириб чиқариш.
Тўлқин Аҳмедов: — Бу чиқишдан мақсад империячилик ғояларни тарғиб қилиш. Путин ҳокимиятга келгач, Россияда империячилик ғоялари яна хуруж қила бошлади, оқибатда Украинага қарши шундай кенг кўламли урушга олиб келди.
Михаил Смолин ўзи консерватор тарихчи, яъни рус консерватив фикрини ифода этади, рус консерватив фикри эса империя ва черковга асосланган. 1917 йилгача Россия империяси бўлган ва рус православ черкови асосий таянчларидан бири бўлган. Смолин шу нарсанинг асосий тарғиботчиларидан. Унинг илмий ишлари ҳам рус империяси, черков ҳақида. Смолиннинг иши консерватив рус миллатчиси сифатида империячилик сиёсатини тарғиб қилиш, ҳозирги Россия қилаётган ишларни оқлашдан иборат.
Одил Зарипов: — Ҳозирги дунёда бўлаётган геосиёсий жараёнларда кураш фақат жанг майдонида эмас, ахборот майдонларида ҳам бўляпти. Катта урушларнинг бошланиши сифатида ҳам ахборот урушларини, провокацияларни келтириш мумкин, бу нарса давлатлар ўртасида низолар келиб чиқишига сабаб бўляпти.
Смолин масаласига келсак. Провокация ниятида бўлган, бу гаплар ортида қандайдир ғояларни илгари сураётган, тушунтирса ҳам тушунмайдиган одамга жавоб беришга, тушунтиришга эҳтиёж йўқ илмий жамоатчилигимизда.
Дилноза Жамолова: — Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда бундай хабарлар кўп тарқаяпти. Ўзидан зўр тарихчи ясаб олган рус тарихчилари чиқишлар қиляпти. 1924 йилда Ленин бизнинг Туронни миллатига қараб бўлиб ташлади, худди Британия Ҳиндистонни динига қараб бўлиб ташлагандек. Шу пайтгача ўзбек ёки қозоқ, қирғиз деган номлар бўлмаган, деган гапларнинг айтилиши хато фикр. Турон ҳудудида давлатчилик юзага келганда рус миллатининг ўзи йўқ эди. Буни уларнинг ўзи ҳам яхши билади, Пётр I давридаёқ бизнинг тарихни ўрганишган улар. Совет даврида ҳам бизнинг тарихни сохталаштиришди. 20 асрнинг 20-30 йилларида фашизм ғоялари фақат Германияда эмас, Россияда ҳам вужудга келди. Буюк рус оғамиз, дея бир миллатни юқорига кўтариш фашизмдан бошқа нарса эмас. Мана шундай ғоялар билан суғорилган тарихчилардан нимани ҳам кутиш мумкин?
— Ўзбеклар инқилобдан кейин СССР билан бирга пайдо бўлган, деган фикрни айтди Смолин, бу қанчалик асосли, қандай фактлар билан жавоб қайтарасиз?
Воҳид Холов: — Бу ўринда жуда катта хато фикр айтган. Биламизки давлатлар қурилиши 2 та асосга эга бўлади. Биринчиси, ҳудудда устун бўлган миллат асосида юзага келиш (Франция, Германия каби) — бу европача усул. СССР тузилганда ҳам шу усулни асос қилиб олишди. Иккинчи усул эса давлатни аташда ҳудудий ном устунлик қилади, худди Қўқон, Бухоро, Хоразм кабилар. Бу дегани ўзбеклар йўқ дегани эмас, балки давлат номланишида бошқача усул қўлланган, асосан сулолавий, ҳудудий жиҳатдан номлаганмиз. Бу давлатлар асосида ҳам ўзбеклар яшаган.
Тўлқин Аҳмедов: — Жуда кўп ҳужжатли мисоллар келтиришимиз мумкин. Бизнинг манбалардан ташқари Европа манбаларида ҳам Марказий Осиё марказида истиқомат қилувчи халқ ўзбеклар деб аталган. Смолин кўпроқ 1924-1925 йиллардаги миллий ҳудудий чегараланишни назарда тутиб гапирган бўлиши мумкин.
Одил Зарипов: — Бир нарса эсимга тушяпти бу вазиятда. Туркистонга юриш қилиш олдидан рус газеталарида чиқишлар бўлган. Унда Туркистондаги ҳолатни ёмон қилиб кўрсатиш, халқаро ҳамжамиятда босқинчиликни оқлаш учун материаллар чиққан. Тарих такрорланаверади, улардаги босқинчилик руҳи доимий такрорланиб туради.
Дилноза Жамолова: — Ўзбек деган атама узоқ йиллардан бери мавжуд. Биринчи навбатда туркий миллат сифатида эътироф этиламиз. 15 асрдаёқ ўзбек тушунчаси шаклланиб бўлган, 20 асрда пайдо бўлмаган бу. Бизнинг 3 минг йилдан ортиқ тарихимиз бор, ўзбеклар ўз маданиятимизга, эътиқодимизга, тарихимизга эгамиз. Жадидларимиз ҳам Турон ҳудуди озодлиги учун ғоявий курашган эди. Пароканда вазият туфайли рус босқинини ўзлари истаган деган фикр берилади, ундай бўлса, нега миллий озодлик ҳаракатлари бўлди? Туркистоннинг барча ҳудудларида русларга қарши ҳаракатлар бўлган.
Айтиб ўтиш керакки, 100 йил олдин ҳам украин халқи рус империячиларига қарши курашган эди, уларни қонга ботирган эса Россия империяси бўлди. Озарбойжонда, Бошқирдистонда, Туркистон мухториятида ҳам шу ишларини қилишди. Украина ҳам, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам юз йил олдинги эмас, биз давлат бўлиб шаклланганмиз. Суверенитетга дахл қилишга Россиянинг ҳаққи йўқ. Бир вақтлар Британия, Германия, Франциянинг ҳам мустамлакалари бўлган, лекин улар даъво қилаётгани йўқ, Россиянинг бу ҳаракатлари эса чўкаётган одамнинг тирик қолишга уринишига ўхшайди.
— Ўзбекистон бундай ахборот хуружларидан қандай ҳимояланиши керак?
Воҳид Холов: — Турли йўллар бор. Биринчи навбатда ҳукумат иродаси бўлиши керак. Мана шундай давлат даражасида норозиликлар келтириб чиқарадиган вазиятларда ТИВ, элчихоналар жавоб қайтариши керак. Бундай шахсларни эса қора рўйхатга тушириш керак. Ўша давлатнинг элчиси чақирилиб, норозилик нотаси топширилиши лозим. Бундай гап айтаётган ҳар бир одам учун бундай қилинмайди, лекин бутун бошли катта телеведениеда чиқарилиб, тақдим этилаётган бундай вазиятда кескин чоралар кўрилиши керак. Бундай эфирлар такрорланса, ўша телеведениега чеклов қўйиш, санкциялар киритиш керак, бундан қўрқиб ўтириш, юзхотир қилиш керак эмас.
Илмий жамоатчилигимиз, мутахассисларимиз, дипломатларимиз ОАВ билан ҳамкорликда мана шундай вазиятдаги саволларни таҳлил қилиши, керак бўлса, келажакда келиб чиқадиган шунга ўхшаш эҳтимолий вазиятларга ҳам жавоб бериб, халқнинг тафаккурини, билимини кучайтириб бориш керак.
Тўлқин Аҳмедов: — Ахборот асрида бундай ахборот хуружлари бўлиши табиий. Лекин бунга тайёр бўлиш, иммунитет шакллантириш керак бўлади. Биринчи навбатда илмни ривожлантириш ва уни кенг оммага, жамиятга ёйиш лозим. Ўзбек тилидаги контентларни, олимларнинг, соҳа мутахассисларининг чиқишларини, таҳлилларини кўпроқ ёритиш орқали иммунитет шакллантириш мумкин бўлади.
Одил Зарипов: — Украинага киришдан олдин ҳам деярли 5 йил давомида ахборот кураши бўлди, ОАВ орқали одамларни урушга тайёрлашга ҳаракат қилинди. Бу нарса олдиндан ўйланган ва тажрибадан ўтган империячи давлатларнинг тактикаси. Шунинг учун ҳам бундай чиқишлар бўлганда қўрқмасдан, ҳар бир нарсага илмий ёндашган ҳолда хулоса қилиш керак. Бундай кучлар ўша ҳудудда низолар келиб чиқишини, бунинг ортидан ўша ерга кириб бориб мустамлакага айлантиришни истайди. Халқимиз шу нарсага эътиборли бўлган ҳолда ҳушёр бўлиши лозим.
Дилноза Жамолова: — Президентимиз ҳам ОАВ, журналистларни бекорга тўртинчи ҳокимият деб атамаган. 21 асрда ахборот уруши даврида яшаяпмиз, шундай бир пайтда бизга миллатпарвар журналистлар, блогерлар керак бўлади. Четдан бўлаётган ахборот хуружларига қарши туриш учун халқимиз тарихини яхши биладиган журналистларга эҳтиёжимиз бор, шу билан бирга тарихчиларга ҳам. Фақат Россия эмас, бошқа давлатлар томонидан шундай хуружлар бўлиши мумкин, шундай пайтда бизга билимли ёшлар керак бўлади.
Россиянинг мана шундай ғоялари бўлаётгани учун Қозоғистон баъзи россияликларга тақиқ қўйяпти, каналларига цензура қўйяпти, бизда ҳам шундай қилиш керак. Етишиб келаётган ёшлар онгига буюк россиячилик ғоясини сингдиришга ҳаракат бўлаётган пайтда нега биз Буюк Турон ғоясини сингдирмаслигимиз керак. Шунинг учун ҳам цензурага эътибор бериш керак, телевизорга чиқиб тарихчиман деганнинг ҳаммаси ҳам чин тарихчи эмас, улар ўз обрўйи, ҳукуматига ёқиш учун шу ишни қилади, сохта маълумотлар тарқатади. Тарихдан маълум бу, совет даврида ёзилган Ўзбекистон тарихини ўқисангиз, ҳайрон қоласиз, умуман бошқа нарсалар. Нега энди шуларни бошдан ўтказиб туриб, кўриб туриб ҳам, яна уларга йўл очиб беришимиз керак? Шу сабабли бундай ёлғон ахборотлар тарқатилганда муносабат билдириш, ТИВ, масъул мутасаддилар ўз фикрини айтиши керак. Фақатгина ОАВ, жамоатчилик фаоллари, тарихчиларнинг кучи етмайди, ҳукумат доирасида ҳам бўлиши керак.
Сардор Вулқон тайёрлади.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
15:10 / 09.11.2024
Россияда картошка ва сариёғ нархи кўтарилишда давом этмоқда
14:30 / 09.11.2024
Зеленский РФ билан хавфсизлик кафолатларисиз сулҳ тузишни рад этди
13:49 / 09.11.2024