Жаҳон | 15:34 / 27.01.2024
10021
3 дақиқада ўқилади

The Telegraph: АҚШ Британияга ядро қуролини қайтаради

АҚШ Мудофаа вазирлиги материалларига кўра, Америка ядро қуроллари Саффолкдаги Лейкенхит авиабазасига жойлаштирилади. Вашингтон у ерда F-35 қирувчилари иккита эскадрилясини сақлаб қолиш нияти ҳақида эълон қилган. 

Фото: AP

АҚШ 15 йил ичида биринчи марта Британия ҳудудида Россия таҳдиди кучайиб бораётгани муносабати билан ядро қуролини жойлаштиради. Бу ҳақда Британиянинг The Telegraph газетаси 26 январ, жума куни АҚШ мудофаа вазирлиги ҳужжатларига таяниб хабар берди

Пентагон материалларига кўра, ядровий қуроллар Саффолкдаги Лейкенхит авиабазасида жойлаштирилади. Гап B61-12 бомбалари ҳақида кетмоқда, уларнинг кучи 50 килотоннага етиши мумкин, дея тушунтиради нашр. Бу 1945 йилнинг августида Япониянинг Хиросима шаҳрига ташланган атом бомбаси кучидан уч баравар юқори, дея аниқлик киритган газета. 

Пентагон нашр маълумотларини на тасдиқлади, на инкор қилди. «Қўшма Штатлар иттифоқчи мамлакатлардаги ҳарбий объектларини мунтазам равишда модернизация қилади», деди АҚШ мудофаа вазирлиги вакили The Telegraph’га. Унинг сўзларига кўра, газета томонидан ўрганилган ҳужжатларда «прогнозлар мавжуд эмас ва улар бирон-бир аниқ позиция ёки асосли тафсилотларни ошкор қилиш учун мўлжалланмаган».

НАТОнинг ядровий модернизация дастури элементи 

Америка оммавий қирғин қуролларининг Британияга қайтарилиши НАТОнинг Украинага ҳужум туфайли Россия билан муносабатлар ёмонлашувига жавобан ядровий иншоотларни модернизация қилиш дастури бир қисмидир, деб ёзади The Telegraph. Москва 2023 йил сентябрида АҚШ ядро қуролининг Британия ҳудудига қайтарилишини «кескинлашув сари қадам» сифатида кўришини очиқ айтди. 

Газетанинг таъкидлашича, ядровий қурол илгари совуқ уруш даврида Лейкенхит авиабазасида жойлаштирилган эди. Бироқ, 2008 йилда Қўшма Штатлар уни Британиядан олиб чиқиб кетди, чунки совуқ уруш давридан бери Москва таҳдиди пасайганди, деб қўшимча қилади нашр.

Аввалроқ Вашингтон Британия қироллик ҳарбий-ҳаво кучларининг ушбу базасида ядровий қурол олиб юришга қодир бўлган F-35 кўп функцияли қирувчи самолётларининг иккита эскадрилясини жойлаштириш нияти борлигини маълум қилган эди. АҚШ президенти Жозеф Байден 2022 йил июн ойида Вашингтон «хавфсизлик муҳитидаги ўзгаришларга жавобан Европадаги кучлар мувозанатини» кенгайтиришини айтди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид