Иқтисодиёт | 23:13 / 30.01.2024
13477
1 дақиқада ўқилади

Давлат харидларида сунъий интеллектдан фойдаланилиши мумкин

Ўзбекистонда давлат харидларини амалга оширишда намунавий техник шартларни ишлаб чиқиш ва бу соҳага сунъий интеллектни жорий қилган ҳолда, харид комиссиялари фаолиятини тугатиш таклиф этилмоқда.

Бунда, харид иштирокчилари киритган маълумотлар бошқа интеграциялашган базалар маълумотлари асосида сунъий интеллект томонидан автоматик баҳоланади.

Бу – 2024 йилги давлат дастури лойиҳасида келтирилган. Юқорида қайд этилган тизимни 2024 йил декабргача ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

2024 йил сентябрга қадар эса:

  • харид ҳужжатларининг намунавий рақамли шаклларини ишлаб чиқиш;
  • харид ҳужжатларини электрон тарзда шакллантириш ва келишиш амалиётини босқичма-босқич жорий қилиш;
  • иштирокчиларнинг таклифларини баҳолашда инсон омилини босқичма-босқич қисқартиришни назарда тутиш таклиф этилмоқда.

Давлат харидлари соҳасида тўғридан-тўғри шартномаларни тузишдан олдин мазкур шартномаларни мажбурий тартибда жамоатчиликка очиқлаш тизимини жорий қилиш ҳам кўзда тутилган.

Ягона етказиб берувчилар реестрига киритилган субъектларни танқидий қайта кўриб чиқилиши ва уларни қисқартириш чораларини кўрилиши мумкин.

Давлат дастури лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 14 февралгача давом этади.

Мавзуга оид