Тошкентдаги кўчаларда ўзбошимчалик билан ўрнатилган йўл тўсиқлари олиб ташланмоқда
Тошкент шаҳридаги маҳалла кўчаларида ўрнатилган 100 дан ортиқ “шлагбаум”лар олиб ташланди. Йўл ҳаракати қоидаларида юридик ва жисмоний шахслар томонидан автомобил йўл қисмига рухсатсиз, ўзбошимчалик билан сунъий тўсиқлар ўрнатиш тақиқланган.
2011 йилда ҳукуматнинг тегишли қарор билан тасдиқланган автомобил йўллари минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш қоидалари қабул қилинган.
Унга кўра, автомобил йўллари ва уларнинг хавфсизлик минтақаларида йўл ва йўл иншоотларини ҳар қандай элементлар билан: аравалар, техникалар, материаллар ва бошқалар билан тўсиб қўйиш, аркалар, шлагбаумлар ва бошқа иншоотлар қуриш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, ҳар хил материалларни тахлаб қўйиш, чиқинди ва қорларни уйиб қўйиш тақиқланади.
Шунга мувофиқ, Тошкент шаҳрида маҳалла кўчаларидаги тўсиқлар олиб ташланмоқда. Бу ҳақда ИИББ ЙҲХБ ўзининг телеграм каналида хабар берди. Бошқарма матбуот хизмати ходими Қаҳрамон Худойбергановнинг Kun.uz’га маълум қилишича, шу вақтгача 100 дан ортиқ шундай тўсиқлар олиб ташланган.
Бошқарма эълон қилган видеога кўра, бундай тўсиқлар фавқулодда вазиятларда одамларга хизмат қилувчи машиналарнинг кириб чиқишига ҳалал беради.
“Буёда қўйилган йўл тўсиқларини [қўйиш учун] рухсатнома бўладими деб булар [автомобил ҳайдовчи маҳаллий аҳоли] сўраган, рухсатнома бўлиши мумкин эмас. Чунки бу ўт ўчирувчи ёки тез ёрдам машиналарининг киришига ҳалал бериши тушунтирилган.
Тезлик билан кириши керак бўлган жойларда тез ёрдам машиналари киролмай қолган бўлиши мумкин. Прокуратура, ИИО, ФВХ(фавқулодда вазиятлар хизмати) ходимлари биргаликда бу тадбирни олиб боришларини тўғри деб ўйлайман. Чунки ҳар хил тўсиқларнинг қўйилиши ҳамма учун ҳам ноқулайликларни келтириб чиқаради”,– дейди Мирзо Улуғбек тумани “Оқибат” МФЙ раиси Муяссар Йўлдошева.
Айтиш лозим, 2022 йилда ҳукумат қарори билан тасдиқланган янги шаклдаги йўл ҳаракати қоидаларининг 4-бандига кўра, йўл ҳаракати қатнашчилари йўлдаги бошқа ҳаракат қатнашчиларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслиги ва хавф туғдирмасликлари керак.
Қоида билан йўлларда ҳаракатланишга тўсқинлик қилувчи нарсаларни қолдириш, “сунъий нотекислик” қурилмаларини ўрнатиш ҳам тақиқланиши белгиланганди.
2019 йилда “Автомобил йўллари илмий-тадқиқот институти” унитар корхонаси томонидан “сунъий нотекислик”ларнинг умумий техник талабларига оид давлат стандарти ишлаб чиқилган.
Ҳужжатда сунъий нотекисликларнинг турлари ва уларнинг техник талаблари кўрсатилган, шунингдек овоз чиқарувчи бўйлама йўлак таърифи, назорат усуллари, шу билан бирга сунъий нотекисликлари бўлган йўл ҳудудларини йўл ҳаракатини ташкил этиш техник воситалари билан жиҳозлаш ва уларни қўллаш қоидалари тақдим қилинган.
Сунъий нотекисликларни қуйидаги жойларда ўрнатиш мумкин:
– болалар ва ёшлар таълим-тарбия муассасалари ёнида тартибга солинмаган ер усти пиёдалар йўлакчаларидан 10-15 метр олдинроқ;
– авариявийлик сабаблари таҳлилига кўра йўлларнинг маълум қисмларида, айниқса болалар ва ёшлар таълим-тарбия муассасалари олдидаги хавфли ҳудудлар бошида, болалар майдончаси, жамоат дам олиш жойларида, стадионлар, вокзаллар, дўкон ва пиёдалар жамланадиган бошқа обектлар олдида;
– 3.24 “Юқори тезлик чекланган”, 5.38 “Турар жой даҳаси” йўл белгилари томонидан ўрнатилган 40 км/сгача тезлик чеклови жорий қилинган йўлларнинг хавфли жойлари олдида;
– кесиб ўтиладиган йўл бўйича яқинлашаётган, транспорт воситалар кўринувчанлиги таъминланмаган тартибга солинмаган чорраҳалар олдида, 2.5 “Тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланган” белгисидан 30 метрдан 50 метргача масофада;
– 1.21 “Болалар” белгисининг амал қилиш ҳудуди бўйлаб ҳар 50 метр масофада.
Сунъий нотекисликлар ўрнатиш мумкин бўлмаган йўл ҳудудлари:
– халқаро аҳамиятга эга бўлган йўллар, йўлаклар сони 4 ва ундан ортиқ бўлган республика аҳамиятига эга бўлган йўллар (аҳоли сони 1000 кишидан ортиқ бўлган қишлоқ ва шаҳарлар бўйлаб ўтган йўллардан ташқари);
– жамоат транспорти тўхташ майдончалари ёки уларга қўшни ҳаракат йўлакларида;
– кўприклар, кўприк йўллар, осма кўприклар, тоннеллар ва кўприк ости йўлларида;
– шаҳарлардаги тезликда ҳаракатланиш магистрал йўлларида ва умумшаҳар аҳамиятига эга тўхтовсиз ҳаракат магистрал кўчаларида; шифохоналарга, тез тиббий ёрдам бекатларига, ёнғин хавфсизлиги бекатларига, автобус ва троллейбус хиёбонларига, гараж ва тураргоҳ майдончаларига кириш йўлларида.
Мавзуга оид
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024
Тошкентда метро станциясида ҳожатини чиқарган эркак бўйича маълумот берилди
13:06 / 06.11.2024