Спорт | 22:14 / 10.02.2024
33734
2 дақиқада ўқилади

Осиё кубоги-2023. Қатар Иорданияни мағлуб этиб, кетма-кет иккинчи марта Осиё чемпионига айланди

Турнир ва финал қаҳрамони Акром Афиф томонидан ҳал қилувчи ўйинда пеналтилардан киритилган учта гол Қатарга ўзи мезбонлик қилган Осиё кубогида бош совринни ўзида қолдириш имкониятини берди.

Фото: Tribuna.uz

Осиё кубоги-2023 финалида мезбон ва амалдаги чемпион Қатар турнир кашфиётига айланган Иорданияга қарши майдонга тушди.

«Лусаил» стадионида турнир финалларидаги мухлислар ташрифи рекорди – 86 492 томошабин қаршисида ўтган ҳал қилувчи баҳсда хитойлик ҳакам томонидан белгиланган учта пеналти бош соврин тақдирини ҳал қилди.

Финал билан бирга турнир қаҳрамонига айланган Акром Афиф 22, 73 ва 90+5-дақиқада пеналтилардан уч марта фойдаланиб, Қатарга турнирдаги кетма-кет иккинчи чемпионликни келтирди – 3:1. 

Шу билан бирга Афиф ҳет-триги эвазига тўпурарлар рўйхатида Айманни (6та гол) ортда қолдириб, 8та гол билан мусобақанинг энг яхши голеадорига айланди.

Қайд этиш жоиз, Қатар бу турнирда фақатгина Ўзбекистон миллий жамоасини чоракфинал ўйинида мағлуб эта олмади ва пеналтилар сериясидаги ғалаба эвазига яримфиналга чиққанди.

Осиё кубоги-2023. Финал
Қатар – Иордания - 3:1

Бош ҳакам: Ма Нинг (Хитой)
Захира ҳаками: Илгиз Танташев (Ўзбекистон)
Бешинчи ҳакам: Андрей Цапенко (Ўзбекистон)
Голлар: Акром Афиф 22 пеналтидан, 73 пеналтидан, 90+5 пеналтидан – Ан-Наймат 67.
Қатар: 22.Машал Баршам, 3.Ал Маҳди Али Мухтор (16.Буалем Хухи, 81), 4.Муҳаммад Ваъд Ал Баяти, 5.Тариқ Салмон, 9.Юсуф Абдуризақ (17.Исмоил Муҳаммад, 63), 10.Ҳасан Ал Ҳайдос (6.Абдул Азиз Ҳатим, 53), 11.Акрам Афиф, 12.Лукас Мендес, 19.Алмоез Али, 20.Аҳмад Фатҳи Абдулла, 24.Жассим Жобир Абдусаллам (8.Али Асад, 53).
Иордания: 1.Язид Абулайла, 3.Абдуллаҳ Насиб, 5.Язан Ал Араб, 8.Нур Ал Дин, 9.Али Олван, 10.Муса Ат-Тамари, 11.Язан Ан-Наймат, 13.Маҳмуд Ал Марди (18.Салоҳ Ратиб, 80), 17.Салим Ал Ажалин, 21.Низар Ар-Рашдан, 23.Эҳсон Ҳаддад.

Мавзуга оид