Ўзбекистон | 16:44 / 10.02.2024
10420
2 дақиқада ўқилади

Тошкент аэропортида йўловчилар учун алоҳида йўлак ажратилди

Халқаро аэропорт кенгайиши муносабати билан транспорт воситаларининг кириши ҳамда йўловчиларни тушириш ва олиш учун алоҳида йўлак қилинди. Бу йўлаклардан фойдаланиш бепул, аммо транспорт воситалари 10 дақиқадан узоқ қолиши мумкин эмас. Аввалроқ аэропортнинг эстакада қисми бинонинг бир қисмига айлантирилиши маълум қилинганди.

Фото: Uzbekistan Airports

Тошкент аэропорти ҳудудида мавжуд терминални кенгайтириш мақсадида қурилиш ишлари бошланган. Шу муносабат билан аэропорт ҳудудида айрим чекловлар жорий этилган.

“Uzbekistan Airports”нинг хабар беришича, автотранспорт воситалари, жумладан, таксилар ва сайёҳлик автобуслари кириши учун халқаро терминал автотураргоҳи ёнида йўловчиларни тушириш ва олиш учун алоҳида йўлак ажратилган.

Ушбу йўлакдан фойдаланиш бепул, аммо йўловчиларни тушириш ва олиш муддати 10 дақиқадан ошмаслиги лозим. Аэропорт хизматининг Kun.uzʼга маълум қилишича, агарда транспорт воситалари бу вақтдан кўпроқ қолса, жаримага тортилади. Узоқроқ вақтга тўхташ керак бўлса, автотураргоҳдан фойдаланиш лозим.

Шунингдек, терминалда реконструкция ишлари туфайли Тошкент халқаро аэропортининг жўнаб кетиш залига кузатувчиларнинг кириши вақтинча чекланган. Истисно тариқасида, ҳомиладор ва болали аёллар, қариялар ва ногиронларга ҳамроҳлик қилувчи шахсларга жўнаб кетиш залига киришга рухсат этилади. Кузатувчилар ўзлари билан шахсни тасдиқловчи ҳужжат олиб келишлари керак.

“Uzbekistan Airports” компанияси раҳбарияти ва Тошкент халқаро аэропорти маъмурияти вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 8 декабрда Тошкент халқаро аэропортида реконструкция ишлари бошлангани, эстакадага чиқиш чекланиши маълум қилинганди.

Кейинроқ қурилиш ишлари 2025 йилгача давом этиши, аэропорт қандай кўринишга келиши хабар қилинган. Аммо асосий саволлар очиқ қолганди.

Kun.uz 2023 йил 10 декабр санасида қурилиш-таъмирлаш лойиҳасига оид бир қанча саволлар билан “Uzbekistan Airports”га юзланган эди. Аммо шу вақтгача бу борада жавоб берилгани йўқ. Компания реконструкция ҳудудида ОАВ учун очиқ пресс-тур ташкил қилишни, тегишли саволларга шу турда жавоб берилишини маълум қилганди.

Мавзуга оид