Қатардаги олтин турнир: футбол бўйича қитъа чемпионатига ичкаридан назар
Қитъамизнинг энг йирик футбол мусобақаси тугади. Мезбон Қатар кетма-кет иккинчи бор кубокни боши узра кўтарди. Томоша-ку майли, аммо шундай нуфузли мусобақани директор сифатида ўзбекистонлик йигит бошқарганидан хабарингиз борми?
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг қандай иштирок этганини четга суриб турамиз, бунга спорт журналистларимиз етарлича баҳо бериб бўлишди. Мусобақага бошқа ракурсдан назар ташлаш учун бугун сизларга парда ортида мусобақанинг қандай ташкиллаштирилгани ҳақида ҳикоя қилиб бермоқчиман.
Кўпчилик билмаса керак, бу мусобақа ўзи 2023 йилнинг ёзида Хитойда ташкиллаштирилиши керак эди. Аммо ковид чекловлари ва карантин туфайли мусобақага тайёргарлик кўриш, ареналарни кўздан кечириш билан боғлиқ қийинчиликлар вужудга кела бошлагач, Осиё футбол конфедерацияси мусобақани Қатарга кўчиришга қарор қилди.
Қатарда ёзда футбол ўйнаб бўлмайди. 2022 йилнинг декабрида Жаҳон чемпионатини қабул қилган Қатар ўтган йилнинг январида, бир ой ичида Осиё чемпионатини ташкил қилиб бера олмасди — тайёргарликка вақт етмаслиги аниқ эди. Шу боис 2023 йилги қитъа кубоги 2024 йилнинг январида ўтказишга қарор қилинган.
2019 йилдан буён Қитъа кубогида иштирок этувчи миллий жамоалар сони 24 тага етказилди. Бунинг шарофати билан қўшниларимиз аввал Қирғизистон, энди эса Тожикистонда Осиё кубогида дебют қилиш имконияти пайдо бўлди. Тожикистон кутилганидан ҳам бир бош юқори иштирок этгани, турнирнинг янгилиги бўлгани алоҳида масала.
Демак, ОФК тобора кўпроқ давлатларни қамраб олиш борасида тўғри йўлдан бормоқда.
Стадионлар ва логистика
Қайд этиб ўтиш керак, Қатар ЖЧ-2022 да фойдаланилган 8 та стадиондан 7 тасини турнир учун тақдим этди. Фақат ўша машҳур контейнерлардан қурилган «974» стадионида ўйин бўлмади холос. 45 минг ўринли 5 та, очилиш ва финал учун 90 минг ўринли «Лусайл» ҳамда айрим ўйинлар 70 минг ўринли «Ал-Байт» стадионида бўлиб ўтди (жумладан, биз пеналтилар сериясида Қатарга бой берган ўйин ҳам).
Буларга қўшимча равишда «Ас-Садд» клубининг 15 минг ўринли Жассим бин Ҳамад стадиони, «Ад-Дуҳайл» клубининг 10 минг ўринли Абдуллоҳ ибн Халифа стадионлари ҳам гуруҳ ва нимчорак финал учрашувларини қабул қилди.
Қарийб барча стадионларнинг олдигача ёки бевосита яқинигача метро бекатлари тортилганини айтмай қўя қолайлик. Ўша энг кичик Абдуллоҳ ибн Халифа, «Ал-Жануб» ва «Ал-Байт» стадионларигача метро бормаган. Бу стадионларга олиб бориш учун метро бекатлари олдидан текин автобуслар қатнови йўлга қўйилган.
Тўғри, стадионлар идеал ҳолатда, чим, хавфсизлик масалаларига асло савол бўлиши мумкин эмас. Аммо кўпчиликда Жаҳон чемпионатини ўтказган Қатар шундоқлигича стадионларни тақдим этган, деган тушунча бўлиши мумкин.
Йўқ, бундай эмас. Стадионлар белгилангач, ОФКдан катта бир гуруҳ келиб ҳар бир стадионни пухта ўрганган, чизмалар қилган, медиасектор учун жойлар тайёрлаган, айрим жойларда ўриндиқларни кўчирган. Кириш-чиқиш жойларини белгилаган. Ҳар бир стадион учун 250-300 саҳифали ҳужжат тайёрланган. Техник талабларда стадионнинг ҳар бир хонаси, ҳар бир қаватида нималар қилиниши кераклиги архитекторлар томонидан чизиб чиқилган (электрон кўринишда) ва турнир мезбонлари берилган кўрсатмаларни бекаму-кўст бажаришган.
Стадионда оддий мухлислар учун ҳам барча шароит муҳайё қилинган: фуд-зона (овқатланиш учун), ибодат хоналари, идеал тозаликдаги ҳожатхоналар... Айрим стадионларда ташқарида ҳам вақтинчалик биотуалетлар ҳам қилинган. 40 мингдан зиёд мухлисни овқатлантириш, гигиена хоналари билан таъминлашнинг барчаси олдидан ҳисоб-китоб қилиб чиқилиб, белгилаб берилган.
Стадионга кириш учун чипталарнинг барчаси онлайн сотилган. Киришда турникетлар олдидан QR код билан кирилади. Стадиондаги зоналар тоифаларга бўлинган. Энг олий тоифа VVIP, ундан сўнг VIP, сўнгра 1-2-3 тоифага қараб чипталар сотилган. Албатта, тоифасига кўра чипталар нархи фарқланади.
Иккита кичик стадионни қўя турайлик, 45 минг мухлисни сиғдира оладиган стадионларга киришда ҳам хавфсизликка жуда катта эътибор қаратилган: мухлислар майдонга улоқтириши мумкин бўлган ҳеч нарсани олиб кира олмайди, ҳаттоки егулик ҳам. Фақат уяли телефон ва повербанк каби гаджетлар мумкин. Сумкаларни ҳам стадиондан ташқаридаги махсус сақлаш хонасида қолдириш керак бўлади.
Умуман олганда, ОФК мусобақанинг фақат ташкилий қисмига жавобгарликни ўз зиммасига олган. Хавфсизлик масалаларини Қатар давлати ўзи мустақил ҳал қилди.
Терма жамоаларнинг машғулот олиб боришлари учун Доҳадаги кўплаб машғулот майдонлари ажратилган. ОФК ташкилий қўмитаси томонидан машғулот майдонларининг тақсимланишида жамоа рақиблари бир-бирининг ўйинини кўра олмайдиган қилиб олдиндан локация ва вақт белгилаб қўйилганини алоҳида эътироф этиш керак. Масалан, Ўзбекистон терма жамоаси барча машғулотларини Қатар университети майдонларида ташкил этди.
Медиа ва трансляция
Оммавий ахборот воситаларининг ишлаши ва трансляция масалаларига Қатарда ўтган чемпионат жуда катта эътибор берган.
Учта метро линияси бирлашган Мшейреб бекати олдигинасида Бош медиа марказ барпо этилган. Шунчалик қулайки, Доҳанинг исталган нуқтасидан метрода осонгина етиб кела оласиз. Аккредитациядан ўтган журналистларга метрода текин юриш учун мусобақа тугагунича текин транспорт картаси берилади. Журналистлар учун медиа марказда ва стадионларда текин иссиқ овқатлар ҳам берилади.
Бош мураббий ва сардор иштирокидаги ўйиндан аввалги матбуот анжуманлари айнан Бош медиа марказда ташкил этилди.
Аккредитациядан ўтиш учун ОФК расмий сайтида ариза тўлдириш билан бирга Қатарнинг Hayya визасини олиш учун ҳам алоҳида ариза тўлдирилар экан. Мен Hayya визасини олдироқдан тўлдириш лозимлигини тушунмабман: Қатарга етиб борган куним — 22 январда бу аризани тўлдирдим ва аккредитацияни 7 кундан кейин қўлга киритдим.
Ҳар бир стадионларда трансляция қилиш учун 26 та трансляция камералари ўрнатилган. Булар сирасида дарвоза ортида ўрнатилган камералар ва ўргимчак камера ҳам киради. Бундан ташқари VAR технологияси учун хизмат қиладиган ОФК камералари ҳам бор. Умуман, VAR учун трансляция камералари ҳам сафарбар қилинар экан.
Фақат финал ўтган «Лусайл» стадионида камералар сони бироз кўпроқ — 33 та қилинган экан.
Камераларнинг жойлашиш ўрни, тасвирга олиш ракурсигача ҳисоб-китоб қилиниб, юқорида сўзлаб берганимиз техник талаблар чизмасида олдиндан режада чизиб кўрсатилган. Камераларнинг олдида мухлислар келиб халақит бермаслиги учун неча нафар хавфсизлик ходими туришигача олдиндан белгилаб қўйилган, қойилмисиз?
Шуниси эътиборлики, мусобақанинг расмий ҳомийлари ва ҳамкорларининг номидан бошқа бирор бренд тасвирга тушмаслигига қаттиқ эътибор қаратилади. Ўзбекистонлик мухлислар турфирмани футболкаларда реклама қилишгани учун ЎФАга 5 минг доллар жарима солингани ҳам шундан.
Шарҳловчилар ва медиа ходимлари учун ўриндиқлар ҳам аввалдан белгилаб, рақамлаб чиқилган. Футбол майдонидаги фотомухбирлар учун жой ҳам белгилаб қўйилган. Айрим телекомпаниялар майдоннинг ўзидан шарҳлаш истагини билдиради. Уларга ҳам майдон четидан жой ажратилади ва у жойлар фотосуратчиларга берилмайди. Аккредитацияга эга журналистлар ОФК расмий сайтидан ўйиндан бир кун аввал ўзига маъқул жойни танлаши мумкин. Барчаси текин.
Стадионларда студиялар учун ҳам жойлар қилинган. Айрим араб телекомпаниялар презентация студияларида стадионнинг ўзидан туриб жонли эфир ташкиллаштиришган.
Стадионлардаги матбуот анжумани хоналари ва микст зоналарнинг жойлашуви, ёритилиши ва жиҳозланиши ҳам аввалдан белгиланиб қўйилган.
Стадионда энг яхши ўйинчини аниқловчи техник ходимлар, скаутлар ва кузатувчилар учун ҳам жой ажратилган.
Медиа вакиллари учун ҳотеллар рўйхати ҳам аввалдан тасдиқланган. Истаганлар ўша ҳотелларда ўзи пул тўлаб туришлари мумкин.
Ташкилотчилик
Юқорида қайд этиб ўтганимдек, мазкур турнирга ОФКнинг мусобақаларни ўтказиш бўлими раҳбари, ўзбекистонлик Авазбек Бердиқулов директорлик қилди.
Авазбек мени Doha Exhibition Center’да жойлашган мусобақанинг бош қароргоҳига меҳмонга таклиф этди. Ал-Қассар метро станциясидан чиқишда жойлашган муҳташам кўргазмалар зали open space услубида хоналарга бўлинган экан.
У ерда 300 нафарга яқин ОФК ходимлари ва улар томонидан ёлланган ишчилар ишлашар экан. Умуман, мусобақани ўтказиш учун ёлланган волонтёрлар сони 8 мингдан ортиқ экани гап орасида айтиб ўтилди.
Турли мажлис ва брифинг ўтказадиган хоналар, техник бўлим, мусобақа масъул шахсларининг кабинетлари, овқатланадиган зона, волотёрлар ва медиа вакилларига аккредитация ва кийим-кечаклар тарқатиш бўлими, омборхоналар — ҳаммаси битта манзилда қилинган. Бу ишни ташкил қилиш учун жуда қулай, албатта.
Ҳа, ташкилотчилик юқори даражада. Ҳаттоки ҳар бир жамоанинг байроқлари, мадҳиялари жамланган медиа вакилларига тарқатилган. Шу ўринда битта қизиқ воқеа: хабарингиз бўлса, яқинда байроғини алмаштирган Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги бош майдонда якуний тасдиқланган эмас, парламентда кўрилган вариантлардан бири кўтарилди ва ОФКга ҳам ўша байроқ варианти юборилган. Якуний тасдиқланган вариант бу эмаслиги аниқ бўлгач, зудлик билан Қирғизистоннинг янги байроғи Швейцариядаги фирмалардан бирида тайёрланиб келтирилган.
Ҳаттоки, турли чалкашликлар рўй бермаслиги терма жамоалар ўйинчиларининг номлари ўзларида қандай ўқилишигача аудио тайёрланган (бизда бунга шарҳловчиларимиз файллар қўлларига етиб келгани билан амал қилишмади, албатта. Масалан, эронлик Сомон Қуддусни қайта-қайта Саман Гаддос деб айтаверишди).
Аваз Бердиқуловнинг ҳикоя қилишича, терма жамоаларнинг майдонга кийиб тушадиган либослари бўйича ҳам қатъий тартиб ўрнатилди. Ҳар бир миллий жамоа ўзининг асосий либосида ўйнаши турнир бошланмасдан аввал белгилаб қўйилган экан. Дарвозабонлар ва ҳакамлар қандай либосларда тушишигача. Накидкаларнинг рангларигача. Яъни гуруҳ босқичида учрашувлар қандай либосларда ўтиши аниқ бўлган. Агар терма жамоаларнинг биринчи либослари ўхшаш бўлса, ўша ҳолда иккинчи либосда ўйнашга рухсат берилиши белгиланган.
Ҳиндистон билан ўйинимизда ҳиндлар бу қоидадан қочишга уринишган. Уларнинг асосий кийими кўк ранг бўла туриб, номи учрашувда биринчи ёзилганига қарамасдан, бир кун аввал иккинчи жамоа бўла туриб оқ либосда ўйновчи Ўзбекистонга қарши захирадаги либоси — тўқ зарғалдоқ рангли кийимда майдонга тушишини презентация қилишди (нима сабабдан экани ўзларига аён). Лекин барибир майдонга қоидада белгиланган кўк либосда тушишга мажбур бўлишган (бунгача анча тўполон ҳам қилишибди). Зеро, катта мусобқаларнинг қоидалари уларни бузиш учун яратилмаган.
Кубок 2019 йилги мусобақада алмашди ва ОФК янги кубок тасвирини кўпроқ реклама қилмоқда. Эътибор берган бўлсангиз ўйинлар бошланишида марказдаги айланада кубок тасвири туширилган доира ҳилпиратилди.
1/4 финалдан бошлаб эса кубокнинг шиширилган улкан шакли майдон марказига олиб чиқилди. Финал ўйинида эса янада улканроқ кубок макети очилиб, ичидан ҳақиқий кубок олиб чиқилди. Майдондаги ҳар бир одамлар сони, улар амалга оширадиган ҳаракат, қадамма-қадам, сонияма-сония ҳисоблаб, белгилаб чиқилган. Байроқлар ва ёзувларни майдонга кўтариб чиқувчи йигит-қизлар шунчалик машғулот ўташганки, белгиланган вақт ичида кечикмасдан ўша нарсаларни йиғиштириб чиқиб кета олишади.
Терма жамоларга ажратилган транспортларгача белгиланган. Ўйин куни битта катта автобус, 2 та минивэн ё микроавтобус ва битта юк ташувчи машина ажратилган. Улардан 12 соат фойдаланиши мумкин. Бу машиналар қаторига яна автомобил қўйишмоқчи бўлса, МТЖлар ўз ҳисобидан қўшишади.
Терма жамоаларга футболкаларга ёзув ва рақам ёпиштирувчи ускуналаргача ижарага олиб бериб қўйилган.
Терма жамоаларни кутиб олиш ва жойлаштириш ишлари икир-чикиригача ҳисоблаб чиқилган. ОФК миллий терма жамоаларни кутиб олиш ва яшаш харажатларигача тўлаб берган. Гуруҳ босқичидаги иштирок учун ҳар бир терма жамоага 17 кунлик меҳмонхонага тўлов қилинган.
Қайд этиб ўтиш керакки, 24 та миллий жамоа учун 32 та меҳмонхона рўйхати 2023 йилнинг май ойидаёқ терма жамоаларга танлаш учун жўнатилган ва ҳар бир делегация ўзлари ёқтирган меҳмонхонани танлашган. Ҳар бир терма жамоада 26 нафар футболчи ва 20 нафар расмий шахс бўлади. 46 нафарлик делегацияга гуруҳ босқичидаги 17 кун учун одам бошига 450 доллардан пул тўланган — 351 минг 900 доллар.
Плей-офф босқичига чиққан терма жамоаларнинг кейинги яшаши учун одам бошига 450 доллардан пуллар қўшимча тўлаб берилган.
Булардан ташқари, мусобақага чиққани учун ҳар бир терма жамоага 200 минг доллардан ёрдам пули ҳам берилган — исталган давлатга бориб, мусобақага тайёргарлик кўриш учун.
Иккита терма жамоа битта ҳотелда ҳам туриши мумкин, агар ўзлари ўзаро келишса, ОФК бунга қаршилик қилмайди.
Қайд этиш керак, меҳмонхоналар 4-5 юлдузли бўлиб, уларда яшаш нархи турлича бўлган ва ўртача тўлов учун энг қиммат меҳмонхона — Saint Regis ҳотелининг нархи олинган. Алоҳида қайд этиш керак, Ўзбекистон миллий жамоаси айнан ўша энг қиммат меҳмонхона — St. Regis’ни танлаган. Меҳмонхона пулидан иқтисод қилмоқчи бўлган терма жамоалар бошқа арзонроқ ҳотелларни ҳам танлашган. Яъни терма жамоа муаммо қилмасдан айтилган куни ўйинга келса бўлди. Буёғи ўзларининг иши, пул ўзларининг тасарруфида.
Масалан, давлатлардан бири арзонроқ меҳмонхонани танлаб, футболчиларнинг оила аъзоларини ҳам ўзлари билан бирга олиб келиб, ўша ажратилган пул ҳисобидан ҳотелга жойлаштирган.
Терма жамоаларга текин чипта масаласида ҳам октябр ойидаёқ хат жўнатилган. ОФК томонидан ҳар бир терма жамоага ўз ўйинига 2 дона VVIP чипта, 10 дона VIP чипта ва 30 дона 1-тоифали чипта берилиши белгиланган. Бошқа ўйинлар учун 2 донадан 1-тоифали чипталар текинга берилган. Ўйинларда ҳар бир федерация стадиондаги 8 фоиз ўриндиқларга чипталарни сотиб олиш ҳуқуқи берилган. 84 фоиз ўриндиқ бошқаларга сотилади. Бу халқаро талаб, ФИФА ҳам шундай ишлайди.
Масалан, 1-тоифа чипталар нархи очилиш ўйинида 250 қатар риёли (843 минг сўм), гуруҳ босқичидаги ўйинларга 60 риёл (202,5 минг сўм), 1/8 финалдан бошлаб 100 риёл (337,5 минг сўм).
Финал чиптаси, табиийки, жуда қиммат. Унинг аниқ нархини билмадим. Келиб қўйган эдим. Ўзбекистон миллий жамоаси фан клуби раиси Абдураҳмон Фозилов финалда энг оддий чипталар нархи 350 долларга кўтарилиб кетганини хабар қилди.
Хулоса
Қайд этиб ўтиш керак, мусобақанинг ташкилий қўмитасида ўзбекистонликлар ҳам ишлашди. Умуман, Ўзбекистондан келиб ишлаган ходимлари сони 10 нафар экани айтилди. Жумладан, Қатар футбол федерациясида ишлаётган ҳамюртимиз Алишер Никимбаев ҳам турнирда ишлади.
Мусобақанинг юксак савияда ташкил этилишида Қатар футбол федерацияси ва маҳаллий ташкилий қўмитанинг ҳам катта ҳиссаси бор, албатта.
Ҳали шу йилнинг апрел-май ойларида Қатарда Париж олимпиадасига йўлланма берувчи U-23 Осиё кубоги ҳам бўлиб ўтади. У ҳам чиройли ташкил этилишига шубҳа йўқ.
Аваз Бердиқуловнинг айтишича, ўзбекистонлик футбол функционерларининг бундай катта турнирда ишлаши уларга жуда катта тажриба мактаби бўлади. Келгусида юртимизда ҳам нуфузли мусобақаларни ўтказишда асқотади.
Қолаверса, ўзбекистонлик жуда кўп журналистлар, фотомухбирлар, шарҳловчилар ҳам турнирни ўз кўзлари билан кўришди.
Нисбатан митти давлат бўлишига қарамасдан Қатар 2006 йилда Осиё ўйинлари, 2011 йилда Осиё кубоги, 2022 йилда Жаҳон чемпионатини, 2024 йилда эса яна қитъа кубогини қабул қилди. Бунинг натижаси — мамлакат футболига таъсирини кўриб турибмиз.
Кейинги турнир 2027 йилда Саудия Арабистонида бўлиб ўтади.
Узунқулоқ гапларга қараганда, 2035 йилда Ўзбекистон ўз қўшнилари билан Осиё кубогига мезбонлик қилмоқчи. Албатта бундай нуфузли мусобақанинг юртимизда ташкиллаштирилиши, ватанимизни танитишга ҳам, спорт объектларимизнинг яхшиланишига ҳам хизмат қилади.
P.S. Дарвоқе, Осиё кубоги билан ҳамоҳанг тарзда Доҳада илк бор Электрон Осиё кубоги — AFC eAsian cup бўлиб ўтди.
ОФК ва Konami компанияси билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган турнирда ҳақиқий Осиё кубогида қатнашаётган 24 та давлатнинг 20 тасидан келган геймерлар чемпионлик учун курашишади. Ўзбекистон шарафини мамлакатимиз киберспорт ассоциациясидан келган профессионал геймерлар жамоаси ҳимоя қилишди, лекин улар ҳам 1/4 финалдан ютқазиб қайтишди.
ОФК Осиё кубоги, Осиё чемпионлар лигаси каби мусобақаларни янада кенгроқ тарғиб қилиш учун виртуал футболни ҳам оммалаштиришга қарор қилди.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Мавзуга оид
23:01 / 06.11.2024
Қатар аҳолиси парламент сайловларидан воз кечишга овоз берди
17:35 / 16.10.2024
“Бу ерда талабанинг янги билимларни ўзи хоҳлаб ўрганиши биринчи ўринда туради” — Ню-Йорк университетининг ўзбекистонлик талабаси
09:10 / 03.10.2024
Ўзбекистонликлар Қатарга ишга юборилади
10:40 / 13.09.2024