Ўзбекистон | 21:12 / 13.02.2024
27665
3 дақиқада ўқилади

Ҳавонинг кескин совиши Ўзбекистонда эртапишар пиёз ҳосилига салбий таъсир қилиши мумкин — EastFruit

Бир неча кунлик илиқликдан кейин ҳавонинг совий бошлаши натижасида эртапишар пиёз ҳосилининг бир қисми йўқотилиши ва маҳсулот сифати ҳам ёмонлашиши мумкин. Бундан ташқари, совуқлар кейинчалик ҳосил йиғиш муддатининг кечикишига олиб келади.

Фото: EastFruit

Марказий Осиёдаги пиёзнинг йирик экспортчилари бўлган мамлакатлар: Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳавонинг кескин совиши ҳосилдорликка сезиларли даражада таъсир қилиши мумкин.

EastFruit экспертларига кўра, совуқ об-ҳаво март ойида ушбу мамлакатларнинг жанубий ҳудудларида йиғиб олинадиган эртапишар пиёз, карам ва сабзи каби сабзавотларнинг ҳосилига зиён етказиши эҳтимоли бор. Бундан ташқари, донли мевалар ва ёнғоқлар ҳосилининг бир қисми ҳам хавф остида қолади.

Мева-сабзавот бизнеси бўйича халқаро эксперт Бахтиёр Абдувоҳидовнинг айтишича, сўнгги пайтларда вилоятларда ҳаво жуда иссиқ – кундузи ҳарорат 20 даражадан ҳам ошиб кетган. Натижада, кўплаб ҳудудларда бодом аллақачон гуллашни бошлаган ва бошқа данакли меваларнинг куртаклари шишиб чиққан.

Прогнозларга кўра, ҳафта охирида ҳаттоки Тожикистоннинг жанубий вилоятларида ҳам ҳарорат –7-10 даражагача совийди. Ўзбекистон ва Қозоғистонда вазият анча оғирроқ бўлиши мумкин: ушбу мамлакатларда ҳарорат кечаси –12-13 даражагача тушиши, кундузи ҳам совуқ давом этиши кутилмоқда.

Мутахассиснинг фикрича, эртапишар пиёз аллақачон униб чиққан, бу эса ҳосилнинг бир қисми йўқотилишига олиб келиши мумкин.

Агроном Сергий Албанинг сўзларига кўра, совуқнинг пиёзга таъсири ҳосилнинг ривожланиш босқичига боғлиқ.

«Агар пиёз ҳосили совуққа қадар олтидан ортиқ барг ҳосил қилган бўлса, у ўқини ташлаб юбориши мумкин», – дейди у.

Latvijas dārznieks сабзавот етиштирувчилар уюшмаси мутахассиси Марит Гаилитнинг қўшимча қилишича, совуқнинг пиёз экинларига таъсири ҳам пиёзнинг хилма-хиллиги ва гибридига, ҳам плантациянинг умумий ҳолатига боғлиқ.

«Ўтган мавсум тажрибасидан келиб чиқиладиган бўлса, эртапишар пиёз ҳосилининг бир қисми йўқотилиши мумкин. Маҳсулот сифати ҳам ёмонлашади. Бундан ташқари, совуқлар кейинчалик ҳосилни йиғиш муддатининг кечикишига олиб келади», дейилади EastFruit мақоласида.

Мутахассисларнинг хулоса қилишича, ҳавонинг совиши Марказий Осиё пиёз бозоридаги кескинликни бироз юмшатади. Республикаларда маҳсулот захиралари юқорилигича қолмоқда ва нархлар нисбатан паст. Эртапишар пиёз ҳосилининг бир қисми йўқотилиши ва йиғим-терим муддатининг кечикиши омборларда тўпланган маҳсулотларнинг катта захираларини сотиш учун бир неча қўшимча кунларни таъминлайди.

Шунингдек, совуқ ҳаво ёпиқ жойларда сақланадиган пиёз йўқотилишини камайтиради. Ҳар ҳолда, бу ҳодиса бозор учун ижобий бўлиб, аста-секин ўсиб бораётган пиёз нархининг мустаҳкамланишига олиб келиши мумкин.

Аввалроқ, жорий йилнинг 16 феврал куни Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, 17–19 феврал кунлари эса республиканинг барча ҳудудларига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши, ҳаво ҳарорати кечалари –8 даражагача пасайиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Мавзуга оид