«Мен Алексей Навалнийнинг ишини давом эттираман» — Юлия Навалная мурожаат билан чиқди
Бир неча кун олдин вафот этган россиялик сиёсатчи Алексей Навалнийнинг рафиқаси Юлия Навалная жамоатчиликка мурожаат қилиб, эрининг ишини давом эттиришини билдирди. У, шунингдек, тез орада эрининг ўлимига кимлар алоқадор эканини аниқлаб, уларнинг исмларини очиқлашга ваъда берди.
15 феврал куни қамоқхонада вафот этган Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийнинг турмуш ўртоғи Юлия Навалная эрининг ишини давом эттиришини айтиб, таъсирли видеомурожаат йўллади.
Салом, мен Юлия Навалная. Бугун бу канал орқали илк марта сизга мурожаат қилмоқчиман. Аслида бу ерда бўлмаслигим, бу видеони ёзмаслигим керак эди. Ўрнимда бошқа инсон бўлиши керак эди, аммо уни Владимир Путин ўлдирди. Уч кун аввал Владимир Путин эрим Алексей Навалнийни ўлдирди. У нафақат болаларимнинг отасини, ҳаётимдаги энг қадрдон инсонимни ўлдирди, балки сиздан ҳам Навалнийни тортиб олди.
Путин узоқ шимолдаги колонияда шунчаки оддий инсон Алексей Навалнийни ўлдирмади, бу орқали бизнинг умидларимиз, эркинлигимиз ва келажагимизни ўлдиришга уринди. Йўқ қилишга уринишлари Россия бошқача бўла олиши, биз кучли эканимиз, кураша олишимиз, бошқача яшай олиш имкони борлигидан далолатдир.
Шунча йил давомида мен Алексейнинг ёнида турдим: сайловлар, митинглар, уй қамоқлари, тинтувлар, қўлга олишлар, қамоқ, заҳарлаш, яна митинг, қўлга олиш ва яна қамоқ... Мана бу бизнинг энг охирги учрашувимиз, 2022 йил феврал ўрталари. Икки йил ўтиб Путин уни ўлдирди.
Алексейнинг ёнида туриш бахт эди. Аммо бугун сизнинг ёнингизда бўлишни истайман, чунки сизнинг йўқотишингиз ҳам меникидан кам эмаслигига аминман. Алексей колонияда уч йиллик қийноқлар оқибатида ўлди. У бошқалар каби шунчаки ўтиргани йўқ. Уни қийнашди, карцерда ушлашди, бетонли қутига қамашди. Шунчаки тасаввур қилинг: 6-7 квадрат жойда табуретка, раковина, полдаги ҳожатхона ўрнидаги тешик ва ётиш имконсиз бўлиши учун деворга ёпиштирилган каравот, кружка, китоб ва тиш чўткасидан бошқа ҳеч нарса йўқ. У юзлаб кунларни шундай шароитда ўтказди.
Уни масхара қилишди, дунёдан узиб қўйишди, ҳатто фарзандларига хат ёзиши учун қоғоз-қалам ҳам беришмади. Уни очлик билан эзишди. Уч йил очликда. Аммо у таслим бўлмади. Қайтанга ўша ерда туриб ҳам бизни қўллаб-қувватлади, ҳазиллашди, руҳлантирди, курашди. Биз лаҳза ҳам нима учун курашаётгани, нега азоб чекаётганини унутмади. Эримни синдириб бўлмасди, шунинг учун Путин уни ўлдирди. Қўрқоқларча, ҳатто бир марта кўзига тик қарай олмай, ҳатто исмини тилга ололмай. Ва яна шундай қўрқоқлик билан ҳозир унинг жасадини яширишмоқда. Путиннинг навбатдаги «Новичок» излари танасидан чиқиб кетишини кутишмоқда.
Путин Алексейни нега ўлдирганини биламиз, бу ҳақда тез орада айтамиз. Ва бу жиноятни ким амалга оширганини ҳам албатта аниқлаймиз. Уларнинг исмини айтиб, суратини ҳам кўрсатамиз.
Аммо Алексей учун қилишимиз керак бўлган энг асосий иш курашдан тўхтамасликдир. Аввалгидан ҳам қаттиқроқ ва кучлироқ курашиш. Бир қарашда ортиқ курашиб бўлмайдигандек кўриниши мумкин, лекин биз бирлашиб, бир мушт бўлиб, Путинга, унинг дўстларига, погонли бандитлар, ўғрилар ва қотилларга зарба беришимиз керак.
Сизда у нега қайтди, нега уни бир марта ўлдиришга уринганлар чангалига нега ўзини ташлади, деган савол туғилаётган бўлиши табиий. Ўзни қурбон қилиб нима керак, оиласи билан тинчгина яшаса бўлмасмиди, дерсиз. Ҳа, у ҳам жим туриши, суриштирувлар ўтказмаслиги, чиқишлар қилмаслиги, бир сўз билан айтанда курашмаслиги мумкин эди.
Аммо у бундай қилолмади. Алексей дунёда энг кўп Россияни яхши кўрди. Ватанимизни, сизни яхши кўрди. Биз энг яхшисига лойиқ эканимизга ишонди. Шунчаки кучли севдики, жонини беришга ҳам тайёр бўлди. Унинг [Россияга бўлган] улкан муҳаббати бошлаган ишини давом эттиришимиз учун етади.
Ҳозир кўпчилик кучни қаердан топиш керак, энди қандай яшаймиз деб айтмоқда. Кучни қаердан олишни биламан: унинг хотирасидан, ғоялари ва хаёлидан. Унинг бизга бўлган ишончидан. Мен ўз кучимни айнан шунда топаман.
Алексейни ўлдириш орқали Путин менинг ярмимни, юрагимнинг ярмини ҳам ўлдирди. Аммо менга иккинчи қисмим қолди. Мен Алексей Навалнийнинг ишини давом эттираман. Ватанимиз учун курашда давом этамиз, бу йўлда менинг ёнимда туришингизни истайман. Менинг дардимга шериксиз, биламан, аммо энди ғазабингизни, келажагимизни ўлдиришга аҳд қилганларга нисбатан нафаратингизни ҳам бўлишинг. Алексейнинг гапини сизга яна бир бор эслатмоқчиман: оз иш қилиш уят эмас, ҳеч нарса қилмаслик уят, қўрқиш уят.
Биз ҳар бир имкониятдан фойдаланишимиз, урушга, коррупцияга, ноҳақликка қарши курашишимиз керак. Ватанимизни ўзимизга қайтиб беришлари учун курашишимиз лозим. Эркин, тинчликпарвар, бахтли – худди эрим орзу қилган келажак Россияси учун. Мен, Алексей билан иккимизнинг фарзандларимиз шундай Россияда яшашини орзу қиламиз.
Сиз билан бирга айнан шунақа, Алексей Навалний тасаввур қилганидек Россияни тузишни истайман. Шаъни бор, адолат ва муҳаббатга тўла Россияни. У берган улкан қурбонлик бежиз бўлмасин. Курашинг ва таслим бўлманг. Мен қўрқмайман, сиз ҳам қўрқманг.
Мавзуга оид
09:22 / 13.11.2024
Украиналик фаоллар яна Навалнаянинг нутқини тўхтатишга уринди
21:37 / 12.11.2024
Португалияда Алексей Навалний мемориали очилди. У Россия элчихонаси яқинида жойлашган
19:56 / 11.11.2024
Алексей Навалнийнинг беваси Магнитский номидаги мукофот лауреати бўлди
14:10 / 14.10.2024