Иқтисодиёт | 12:22 / 20.02.2024
8901
2 дақиқада ўқилади

Айрим турдаги хизматлар ва товарлар учун тўловларни нақд пулда амалга оширишни тақиқлаш режалаштирилмоқда

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб уй-жойларни жисмоний шахсларга сотишда нақдсиз тўловларни жорий этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, ёғоч, шиналар ва шакар улгуржи савдосини ҳам нақдсиз шаклга ўтказиш таклиф этилган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда нақд пулдан фойдаланишни қисқартириш ва бир қатор товарлар улгуржи савдосини нақдсиз шаклга ўтказиш режалаштирилмоқда.Бу ҳақда Gazeta.uz президентга тақдим қилинган тақдимотга таяниб, хабар берди.

1 апрелдан бошлаб қуйидаги ташкилотларни электрон тўлов тизимларига мажбурий тартибда улаш орқали нақдсиз тўлов-тизимига ўтказиш таклиф этилмоқда:

  • аҳолига хизмат кўрсатувчи бюджет ташкилотлари;
  • нефт ва газ маҳсулотлари реализация қилувчи юридик шахслар;
  • мулкни ижарага бериш билан шуғулланувчи юридик шахслар;
  • уй-жойларни жисмоний шахсларга сотувчи қурилиш ташкилотлари. Хонадонлар учун тўловларни нақдсиз шаклда электрон ҳисоб-фактура орқали амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда чакана ва улгуржи савдонинг янги қоидаларини тасдиқлаш режалаштирилмоқда.

1 апрелдан бошлаб нақд пулга сотиб олинган товарларни Солиқ қўмитасининг E-Ombor (E-Aktiv) тизими орқали кирим қилишни жорий этиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, нақд пулда тўловларни амалга ошириш учун 100 миллион сўм (БҲМнинг 300 баравари) чегаравий миқдорни белгилаш режалаштирилган.

Қурилиш учун ёғоч, металл (тунука, арматура, алюмин профиллар), автомобил шиналари ва шакар улгуржи савдосини нақдсиз шаклга ўтказиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Аввалроқ, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров яширин иқтисодиётга қарши курашиш мақсадида нақд пул муомаласини қисқартириш бўйича президент қарори лойиҳаси тайёрланганини маълум қилганди

Мавзуга оид