Фан-техника | 21:19 / 20.02.2024
49127
2 дақиқада ўқилади

Маск миясига чип ўрнатилган биринчи одамнинг аҳволи ҳақида маълумот берди

Ҳозирча бемор компютер курсорини фикр кучи билан бошқаришни ўрганиб олган. 

Фото: Getty Images

Миясига Neuralink компанияси чипи ўрнатилган биринчи бемор аллақачон тузалиб кетган ва энди компютер курсорини фикр кучи билан бошқара олади. Бу ҳақда компания асосчиси Илон Маск хабар берди. 

«Ўзгаришлар яхши ва бемор ножўя таъсирларсиз тузалиб кетганга ўхшайди. Бемор шунчаки фикр кучи билан курсорни экран бўйлаб ҳаракатлантириши мумкин. Кейинги қадам — курсорни босиш», деб Маск сўзларини келтирди The Independent. 

Миллиардер сўзларига кўра, бемор касаллик туфайли оёқ-қўлларини қимирлата олмайди, аммо Neuralink нейрочипи унга ва бошқаларга ушбу касалликдан тузалиш имконини беради. Келажакда бу нафақат электроникани бошқариш, балки оёқ-қўллар ҳаракатчанлигини тиклаш, депрессияга қарши курашиш, эшитиш қобилиятини тиклаш ва ҳатто мияни янада самарали ишлаши имконини беради. 

Neuralink лойиҳаси 2016 йилда ишга туширилган бўлиб, 2023 йилда компаниянинг қиймати 5 миллиард долларга баҳоланган эди. Айни вақтда Маск компанияси инсонга чип ўрнатишда устуворликка даъво қилмайди: Synchron стартапи 2022 йилдаёқ одамга мия-компютер интерфейсини жойлаштирган. У электрон қурилмаларни фикр кучи билан бошқариш имконини беради.

Мавзуга оид