Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқандда ўтган БМТ глобал конференциясида асосий чора-тадбирлар мажмуи қабул қилинди
Самарқандда ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция (CMC COP14) иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши якунланди.
Конференция якунларига кўра келишилган чора-тадбирлар қаторида кўчиб юрувчиларнинг 14 та турини, жумладан, Евросиё силовсини, манул мушуги каби ҳайвонларни Конвенцияга киритиш ҳам бор. Конвенцияга аъзо 133 давлат вакиллари 100 дан ортиқ турли мавзуларда Самарқанд резолюцияси, қўшма қарорлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни қабул қилди.

Ўзбекистон раислигида бир ҳафта давом этган йиғилишнинг якуний мажлисида Азиз Абдуҳакимов конференция иштирокчиларига ёввойи табиатни асраш ва барқарор ривожлантириш йўлларини ўзгартиришга кўмаклашаётгани учун миннатдорлик билдирди:
«COP14 кўплаб томонларнинг кўчиб юрувчи турлар ва уларнинг яшаш жойларини сақлаш ҳамда барқарор бошқариш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқиш ҳамда чора-тадбирлар кўриш борасидаги интилиш ва мажбуриятларини намойиш этди. Ўзбекистон анжуманнинг асосий натижаларидан мамнун, чунки улар мамлакат ҳукуматининг устувор йўналишлари ва мақсадларига мос келади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев конференция очилишидаги нутқида таъкидлаганидек, мамлакатимизда нафақат кўчиб юрувчи турларни муҳофаза қилиш, балки табиий экотизимларни тиклаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда», — деди Абдуҳакимов.
Вазир, шунингдек, Ўзбекистонда бир пайтлар Устюрт платосида яшаган Осиё гепардлари каби йўқолиб кетган турларни қайта тиклашга эътибор қаратилишини айтди.

«Яшаш жойларини йўқотиш, ифлосланиш, иқлим ўзгариши ва инсон ҳамда ёввойи табиат тўқнашуви каби таҳдидларга қарши курашиш бир хил даражада муҳимдир. Қисқа вақт ичида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қамровини 14 фоизга етказишга эришдик, кейинги беш йилда эса 20 фоизга етказишни режалаштирганмиз. Бир қанча объектлар UNESCOнинг биосфера резерватлари тармоғига киритилган ва жорий йиғилишда Ўзбекистоннинг бешинчи объекти — Жилтирбас кўли Рамсар конвенциясининг сувли-ботқоқли ерлар рўйхатидан жой олди», — деди вазир.
Таъкидлаш жоизки, йигирма йиллик самарасиз музокаралардан сўнг конференцияда 30 та кўчманчи қушлар яшайдиган ҳудудларни қамраб олувчи Марказий Осиё парвоз йўли бўйича келишувга эришилди. Қабул қилинган ташаббус Ҳиндистонда мувофиқлаштириш бўлими ташкил этишни ўз ичига олади.
Азиз Абдуҳакимов умумий табиий меросни асраб-авайлашда минтақавий саъй-ҳаракатлар муҳимлигини таъкидлади.
«Марказий Осиё давлатлари билан минтақавий ҳамкорлик ва яқин шериклик бизнинг асосий устувор йўналишларимиздан биридир. Биз умумий тарих, маданият, экологик ва иқлимий хусусиятлар ҳамда кўчиб юрувчи турларга эгамиз. Шу боис Қирғизистон ва Қозоғистон билан қор қоплонларини асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни илгари суриш бўйича келишувга эришганимиз, Африка ва Евросиёда кўчманчи йиртқич қушларни асраш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолаганимиз минтақавий шерикликка қатъий интилаётганимиздан далолатдир. Бундан ташқари, биз Тожикистон Республикаси билан Зарафшон дарёси бўйлаб трансчегаравий қўриқланадиган ҳудуд яратиш устида ишлаяпмиз», — деди Абдуҳакимов.
Хулоса қилиб айтганда, вазир иқлим ўзгариши масаласи ҳукумат учун стратегик устувор вазифа эканини таъкидлади.

«Президент ҳузурида Иқлим кенгаши ва Миллий иқлим маркази ташкил этилди ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш бўйича идоралараро ҳамкорликни кенгайтириш, иқлим бўйича оқилона ва илмий асосланган сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси юкланди», — деди вазир.
Самарқандда бўлиб ўтган глобал конференцияда COP14нинг асосий натижалари қуйидагилардан иборат:
· иқлим ўзгаришини ҳал қилишни кучайтириш ва кўчиб юрувчи ёввойи табиат бўйича иқлим ўзгариши ҳисоботини тасдиқлаш;
· кўчиб юрувчи турларни ноқонуний овлашга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш;
· экологик боғлиқликни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар тўғрисидаги битим;
· ёруғлик ифлосланишининг кўчиб юрувчи турларга таъсири бўйича янги глобал кўрсатмалар;
· чизиқли инфратузилмани ривожлантириш ва таъсирни баҳолаш масалаларини ҳал қилиш бўйича тавсиялар;
· «Ҳашаротларнинг камайиши ва унинг кўчиб юрувчи гўштхўр популяцияларга таҳдидлари» номли янги илмий ҳисоботни маъқуллаш ва CМС Илмий кенгашини янги тавсиялар ишлаб чиқишга чақириш;
· ёввойи табиатнинг саломатлиги тўғрисида янги қарор қабул қилиниши, Конвенция иштирокчиларини «Кўчиб юрувчи турлар ва саломатлик: ёввойи табиатнинг кўчиши ва касалликлари динамикаси ҳамда кўчиб юрувчи турларнинг соғлиғини ягона саломатлик контекстида кўриб чиқиш» илмий маърузаси тавсияларини амалга оширишга чақириш;
· 2024–2032-йилларга мўлжалланган кўчиб юрувчи турлар бўйича янги, илмий асосланган Самарқанд стратегик режаси.
Бундан ташқари, CМС флагман ҳисоботининг баъзи асосий тавсияларига зудлик билан жавоб сифатида COP14 махсус тадбири давомида «Дунёдаги кўчиб юрувчи турларининг ҳолати» Атроф-муҳит билан боғлиқлик бўйича янги глобал ҳамкорлик (GPEC) ишга туширилди. Шунингдек, CМС COP14 кўчиб юрувчи турлар бўйича чемпионлар дастурини тантанали равишда ўтказди ва тўққизта чемпионни саъй-ҳаракатлари ва глобал миқёсдаги садоқатлари учун тақдирлади. Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қўшган ҳиссаси учун алоҳида эътироф этилди.

Таъкидлаш жоизки, Самарқанддаги йиғилиш кўплаб кўчиб юрувчи турлар, жумладан, сайғоқ, қор қоплонлари ва кўчманчи қушларнинг кўплаб турлари учун яшаш муҳитини таъминловчи Марказий Осиёда ўтказилган биринчи глобал экологик тадбирга айланди. Унда 130 мамлакатдан 2000 га яқин иштирокчилар, шу жумладан, 92 та CMS партияси, 16 та БМТ агентлиги ва турли хил экологик ташкилотлардан 240 дан ортиқ иштирокчилар қатнашди. Бундан ташқари, Конференция даврида 110 та мамлакатда 40 хил тилда 2000 дан ортиқ хабарлар орқали 6,5 миллиардга яқин одамга мурожаат қилинди.
COP14 якунида Ўзбекистон ҳукумати CМС COP раиси ролини ўз зиммасига олди ва келгуси уч йил давомида нафақат Марказий Осиёда, балки дунёнинг барча минтақаларида ушбу конференциянинг кўчиб юрувчи турлар ва уларнинг яшаш жойларини сақлаб қолиш борасидаги фаоллигини оширишда давом этади.

Мавзуга оид
23:09 / 23.05.2025
Самарқандда машинасида шер боласини олиб юрган шахс аниқланди
21:06 / 22.05.2025
Самарқанд шаҳрига янги прокурор тайинланди
10:48 / 22.05.2025
БМТ Ғарбий соҳилда дипломатларга қарата ўқ узилганини қоралади
21:49 / 21.05.2025