Исроилнинг Ғазо бўйича урушдан кейинги режалари, самолётларидан айрилган Россия – кун дайжести
Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз.
Фаластиндаги вазият
Исроил армияси Ғазодаги Хон Юнус шаҳрида бутун бир мавзеларни бомбардимон қилган. Хон Юнус шаҳри ҳам Ғазонинг жанубида, Миср билан чегарадаги Рафаҳ шаҳрига яқин жойлашган.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Исроил фаластинликларни Ғазодан «сиқиб чиқариш» бўйича мақсадли сиёсат олиб борилаётганини таъкидлади.
7 октябрдан буён Ғазода ўлдирилган сони 30 мингга, ярадорлар сони эса 70 мингга яқинлашиб қолди.
Ҳаагадаги БМТ Халқаро судида Судан Исроилнинг оккупация остидаги фаластин ерларидаги ҳаракатларининг ҳуқуқий оқибатлари эшитилаётган чоғда Фаластин халқи ўз тақдирини ўзи ҳал қилишга ҳақли эканини таъкидлади.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Ғазо бўйича урушдан кейинги режалари барча умидларимизга терс, деган БМТ ўз баёнотида.
«Бу режа бизнинг Ғазо аҳолисига, шунингдек, Исроил ва Фаластин халқининг келгусида ёнма-ён яшаш имкониятларига нисбатан умидларимизга зид», — дейилади БМТ баёнотида.
Исроил томони Ғазо аҳолисини Мисрга сиқиб чиқаришни, Ғазони фаластинликлар, жумладан, ҲАМАСдан бутунлай тозалаб, уни тўлиқ оккупация қилишни режалаштирмоқда. Бу режа Исроил ҳукуматидаги ултраўнг миллатчилар томонидан бот-бот янграмоқда.
Россия самолётлари уриб туширилди
Украина қуролли кучлари кеча оқшомда Россиянинг иккита ҳарбий самолётини уриб туширгани хабар қилинмоқда. Ил-76 самолёти базасида ясалган А-50 қўмондонлик пункти Азов денгизи яқинидаги Ейск шаҳри яқинида уриб туширилган. Самолёт қулаган жойида 10 нафар экипаж аъзоларининг куйиб кетган жасадлари топилган.
Турли пабликлар Украина бу самолётни қандайдир янги ракета тури билан уриб туширганини ёзмоқда. Иккита ракета учирилган. Бирини алдовчи ўтли қопқон чалғита олган, иккинчиси самолётга аниқ бориб теккан.
Украина Қуролли кучлари ҳаво кучлари қўмондони Микола Олешчук ўз Telegram-каналида узоқ радиолокацион аниқлашга мўлжалланган А-50 самолётини Украина ҳарбий-ҳаво кучлари уриб туширганини ёзди. Демак, самолёт «ҳаво-ҳаво» типидаги ракета билан урилган.
Шунингдек, Херсон областининг оккупация остидаги Генечиск районида Россиянинг яна бир Су-34 қирувчи самолёти уриб туширилгани маълум қилинмоқда.
Ўтган бир ҳафта ичида Украина Россиянинг 7 та ҳарбий самолётлари уриб туширилганини иддао қилмоқда.
Навалнийнинг ўлими: маълумот учун мукофот
Навалнийнинг тарафдорлари унинг қамоқхонада ўлдирилиши тафсилотларини аниқ сўзлаб берган одамга 100 минг евро мукофот ваъда қилишмоқда.
20 минг евродан бошланган мукофот пули тез орада 100 минггача кўтарилган.
Бу ҳақда Навалний томонидан асос солинган ва Россияда экстремистик ташкилот деб топилган Коррупцияга қарши курашиш фонди директори Иван Жданов маълум қилмоқда.
Навалний ҳаммаслаклари пул мукофоти билан бир қаторда ахборотни тақдим этган кишининг Россиядан чиқишига ва хорижда жойлашишига ёрдам беришни ҳам таклиф этишмоқда. Таклиф кучишлатар тизимлар, Федерал хавфсизлик хизмати, Тергов қўмитаси, ички ишлар ва прокуратура органларида хизмат қилаётган ходимларга қаратилган.
Дарвоқе, 16 феврал куни ўлгани хабар қилинган Навалнийнинг жасади ҳамон онасига берилгани йўқ. Унинг онаси Людмила Навалнаянинг олдига ултиматум қўйилган. Она ё уч соат ичида ўғлининг омма иштирокисиз яширинча дафн этилишига рози бўлиши керак ёки Навалнийнинг жасади қамоқхона ҳудудига дафн этилади.
Россияга қарши ғарб санкциялари
АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Украинага уруш очилганига икки йил тўлиши муносабати билан Россияга қарши санкцияларнинг янги пакетларини эълон қилишди.
Президент Жо Байден Россияга қарши 500 дан ортиқ янги санкцион чоралар жорий этилаётганини маълум қилди. Янги санкциялар Навалнийнинг қамоққа олиниши билан боғлиқ шахсларга ҳам қўлланган
АҚШ савдо вазирлиги 93 та компанияга қарши экспорт чекловларини жорий этди. Санкция остига тушганларнинг 63 таси Россия компаниялари, қолганлари РФ манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилган бошқа давлатлар компаниялари. Жумладан, Туркиядан — 16 та, Хитойдан — 8 та, БААдан — 4 та, Қирғизистондан — 2 та, Ҳиндистон ва Жанубий Кореядан биттадан компания санкция остига тушган.
Масалан, банк секторига жорий этилган чекловларда Россиянинг «Мир» миллий тўлов тизими операторига қарши санкция эълон қилинган. Шунингдек, янги санкциялар Авангард, Ростфинансбанк, Челиндбанк, Модулбанк, Датабанк, Бистробанк каби банкларни қамраб олган.
АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби АҚШнинг Россияга қарши санкция босими оширилишини таъкидлаб ўтган.
«Кремлни Навалнийнинг ўлими учун жавобгарликка тортиш борасида АҚШ президенти администрациясидан ҳали кўп нарсаларни кутишингиз мумкин», — деган журналистларга Кирби. У 23 феврал куни жорий этилган санкцияларни «ҳали бу бошланиши», деб атаган.
Жумладан, АҚШ Молия вазирлиги Россия нефтининг юқори нарх чегарасига таъсир этувчи қўшимча чекловларни жорий этиш ниятида.
Евроиттифоқ ҳам Россияга қарши санкцияларнинг 13-пакетини тасдиқлади. Рўйхатдан 106 нафар жисмоний ва 88 нафар юридик шахслар ўрин олган.
Европа Иттифоқи жорий этган аксилроссия санкцияларида Қозоғистон ва Ўзбекистон компаниялари ҳам санкциялар рўйхатидан жой олган.
Қозоғистоннинг электрон ускуналар билан савдо қилувчи Элем груп компанияси Россияга ҳарбий саноат комплексини қўллаб-қувватлагани учун санкция рўйхатига тиркалган. Рўйхатдан, шунингдек, Ўзбекистоннинг Alpha Beta Creative ва GFK Logistik Asia компаниялари ўрин олган.
Шаҳзода Салмоннинг омадсиз лойиҳалари
Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмоннинг ўта қимматбаҳо ва амбициялари лойиҳалари Саудия Арабистони хазинасининг туби кўриниб қолишига олиб келди — мамлакатда нақд пул ва кредитлар тугаб қолган.
Саудиянинг миллий фаровонлик фонди баланси тўртдан уч қисмга қисқариб, унда бор-йўғи 15 млрд доллар пул қолган. Энди у пул топиш учун Саудиянинг энг қимматбаҳо компанияси — Saudi Aramco акцияларини биржага жойлаштиришни ўйламоқда.
Келинг, Саудия Арабистонининг улкан харажатларидан айримларини санаб ўтамиз.
Баландлиги 400 метр бўлган улкан куб шаклидаги бино қурилиши учун 48 млрд доллар сарфланди.
Авация соҳасидаги гигантлар билан рақобат қилиши назарда тутилган глобал авиакомпания тузилди.
Чиплар ва электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган фабрика учун 100 млрд доллар инвестиция киритилди.
PGA Tour голф турнирига интеграция қилинди, Саудия футбол клубларига жаҳон даражасидаги футбол юлдузлари олиб келинди.
Мавзуга оид
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024