Ваколати ўзгарган парламент, сочи олинган ўқувчилар ва Евро-5га ўтиш — ҳафта дайжести
Навоийдаги мактаб директори кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ишга қўл урди. Эҳтиёжманд аҳоли қатламига ижтимоий карта тарқатилади. Россиядан газ импортини кўпайтириш учун четдан қарз олинади. Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.
Қонун чиқарувчи ҳокимият ваколатларида ўзгаришлар
Ўзбекистон президенти Олий Мажлиснинг ваколатларига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолади. Қонун билан, парламент палаталарининг ваколатлари янги Конституцияга мослаштирилди. Хусусан, шу йил октябрда бўлиб ўтиши кутилаётган сайловдан бошлаб, Сенат аъзолари сони 100 нафардан 65 нафарга камаяди. 150 кишидан иборат Қонунчилик палатаси депутатлари сони ўзгаришсиз қолади. Эндиликда ҳар икки палата ўз-ўзини тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга бўлди. Бунинг учун палатанинг тарқалиб кетишига депутатлар ёки сенаторларнинг камида учдан икки қисми рози бўлиши керак.
Янги тартибга асосан, айни бир шахс томонидан сурункасига икки муддатдан ортиқ эгалланиши тақиқланган лавозимлар рўйхатига президентда ташқари Сенат раиси, Қонунчилик палатаси спикери ва бош прокурор ҳам қўшилди. Конституцияга кўра, бундай тақиқ Олий суд ва Судялар олий кенгаши раислари ва уларнинг ўринбосарлари, Марказий сайлов комиссияси раиси, ҳоким ва маҳаллий кенгаш раиси лавозимларига ҳам тааллуқли бўлади.
Асосий ўзгаришлардан яна бири – энди бош вазир номзодини парламентдаги энг кўп депутатлик ўрнини олган партия эмас, президент тақдим этади. Давлат раҳбари бош вазирни тайинлашдан олдин парламентга кирган барча партиялар билан маслаҳатлашувлар ўтказади. Агар депутатларнинг ярмидан кўпи номзодни маъқулласа, бош вазир лавозимга тасдиқланади. Агар қуйи палата номзодни уч марта рад этса, президент бош вазирни тайинлаб, Қонунчилик палатасини тарқатиб юборишга ҳақли.
Шунингдек, бош вазир номзодини маъқуллаш, рад этиш ёки унга ишончсизлик вотуми билдириш бўйича парламент ваколатлари тўлиқ Қонунчилик палатасига ўтказилиб, бу жараёнларда Сенатнинг иштироки бекор қилинди. Қуйи палата спикерининг ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилди.
Шу ўринда, қонунчиликни ўзгарган конституцияга мувофиқлаштириш бўйича ҳамма вазифалар ҳам ўз вақтида бажарилмаётганини эслаб ўтиши керак. Масалан, Тошкент пропискаси ҳақидаги қонунни бекор қилиш масаласи ҳам унутилиб кетгандек. Вазирлар Маҳкамаси бу ҳақдаги қонун лойиҳасини ўтган йили 8 июлгача парламентга киритиши керак эди. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили прописка қонуни янги конституцияга зид деб эълон қилинганди.
Навоийдаги мактаб спортзали сартарошхонага айланди
Кун тартибидан тушмай қолган мактаб таълимидаги сифат масаласи бу ҳафта янгича бўлмаса ҳам, бироз бошқачароқ ракурсда муҳокама майдонига чиқди. Жума куни Навоий шаҳридаги 2-мактабда бир гуруҳ ўғил болалар дарс пайтида спорт залга йиғилиб, оммавий равишда сочи олинди. Kun.uz манбасига кўра, бундай ташаббус мактаб директори Нурқобил Юсуповдан чиққан. У мактабга сартарош чақиртириб, турли синфлардаги сочи ўсган ўғил болаларнинг сочини намойишкорона олдириш ҳақида топшириқ берган.
Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитова ўрганиш ишлари бошлангани, агар директор ҳақиқатан ҳам шундай топшириқ бергани ўз тасдиғини топса, у ишда қолиши мумкин эмаслигини айтди. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳам болаларга нисбатан бундай ҳаракатларга “мутлақо йўл қўйиб бўлмаслиги”ни таъкидлаб, масъулларга чора кўриш кераклигини билдирди. “Бу – боланинг Конституцияда кафолатланган шахсий дахлсизлик ҳуқуқига, унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига таҳдид солади”, – дейилади бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг баёнотида.
Ҳозирча ихтиёримизда ҳолат акс этган фақат битта сурат бор. Унда болаларнинг сочи олинаётганини икки нафар Миллий гвардия ходими кузатиб турганини кўриш мумкин. Охирги ҳафталарда бу орган мактабларда давоматни кўтаришга фаол жалб этилган эди. Миллий гвардиянинг Навоий вилояти бошқармаси матбуот котиби Рамазон Кубаевнинг айтишича, 2-мактабга бириктирилган ходимлар давоматни назорат қилиш учун борганида соч олиш тадбирининг устидан чиққан. “Бу, албатта, мумкин эмас. Шу сабабли мактаб директорига жараённи тўхтатишни ҳамда ўқувчиларни дарсга қайтаришни айтишган”, деди Миллий гвардия расмийси.
Мактаб ўқувчиларини ноодатий ишга мажбурлаш ҳолати ўтган ҳафта Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида ҳам рўй берган эди. 17 феврал, шанба куни тумандаги мактаб ўқувчилари ва бюджет ташкилотлари ходимлари қаҳратон совуқ бўлишига қарамасдан, киномобилда кино кўришга олиб борилган. Устига устак, чипталар болаларга 10 минг сўмдан, катталарга 20 минг сўмдан сотилган. Бу ҳақдаги топшириқ ҳокимлик томонидан берилгани айтиляпти.
Импорт маиший техникаларнинг энергосамарадорлиги: фақат “А” тоифага рухсат бор
Хориждан Ўзбекистонга маиший техника олиб киришда яна бир янги талаб кучга кирди. Маълум бўлишича, феврал ойидан бошлаб импорт қилинган совуткич, музлаткич ва кондиционерларни энергосамарадорлик бўйича синовдан ўтказиш бошланган. Бу синовни ҳозирча фақат битта – “Ўзэлтехсаноат”га тегишли “Eltech-Lab” номли фирма ўтказаётгани сабабли узун навбатлар пайдо бўлган, натижада бу турдаги товарларни божхонадан ўтказиш муддати 1 ойдан ошиқроққа чўзилиб кетган. Бу эса ўз-ўзидан импортёрларнинг товарларни божхона омборида сақлаш харажатларини оширган. Қолаверса, тадбиркорлар янги пайдо бўлган харажат – лаборатория синови учун белгиланган нархлар юқорилигидан шикоят қиляпти.
Синовдан ўтмаган маиший техникаларга мувофиқлик сертификати берилмайди, бу дегани, уларни Ўзбекистонга олиб кириб бўлмайди. Kun.uz суҳбатлашган тадбиркорларнинг айтишича, ҳозирда 30дан ортиқ импортёр ўзлари олиб келган совуткичлар ва кондиционерларнинг синовдан ўтишини кутиб турибди.
Техник тартибга солиш агентлигининг маълум қилишича, бундай тартиб аслида 2 йил олдин жорий этилиши керак эди. Лабораторияларни ишга тушириш катта маблағ талаб қилгани сабабли, бу масала кечиккан. 2019 йилда чиққан қарорга асосан, нафақат совуткич, музлаткич ва кондиционерлар, балки жами 18 хил турдаги маиший техникалар импортига нисбатан янги чеклов киритилган. Унга кўра, энергия самарадорлиги бўйича “B” ва ундан паст тоифага кирувчи маиший электр приборларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланган. Янги лабораториялар ташкил этилганидан кейин, қолган турдаги маиший техникаларга нисбатан ҳам текширувлар бошланади.
Эслатиб ўтамиз, шу ойдан бошлаб Ўзбекистонда дилерлик марказини очмаган хорижлик ишлаб чиқарувчиларнинг маиший техника товарларини импорт қилишга чеклов кучга кирди. Бу соҳадаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эса имтиёзлар ва преференцияларнинг янги пакетидан баҳраманд бўляпти.
Тошкент кўчалари тиғиз вақтда юк машиналаридан холи бўлади
Тошкент шаҳрида 1 мартдан эътиборан куннинг тиғиз вақтларида юк автомобиллари ҳаракати тақиқланади. Тақиқ тўла вазни 10 тоннадан ортиқ юк машиналарига тааллуқли бўлади. Махсус хизматлар ва айрим давлат ташкилотларининг юк машиналари бундан мустасно. Бу – президент фармони билан тасдиқланган 2024 йилги давлат дастурида кўзда тутилган. Тиғиз вақтлар деганда одатда эрталаб ишга бориш ва оқшомга яқин ишдан қайтиш вақтлари тушунилади, лекин айнан қайси соатлар ҳақида гап кетаётгани ва бу талабни бузган ҳайдовчиларга қандай чора кўрилиши ҳозирча маълум эмас.
Бундан ташқари, фармонга биноан, Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида Евро–5 экологик стандартига мос бўлмаган автомашиналардан фойдаланиш 2030 йилгача босқичма-босқич чекланиши белгиланди. Автомобилларнинг экологияга зарарини камайтиришга қаратилган бу чеклов айнан қандай шаклда бўлиши, уни амалиётга жорий этишнинг келгуси 6 йилликдаги босқичлари, қачон ва қаерда, айнан қанақа автомобилларга нисбатан татбиқ этилиши бўйича аниқроқ изоҳларга катта зарурат бор. Чунки нафақат эски автомобиллар, балки UzAuto Motors шу кеча-кундузда Ўзбекистон бозори учун ишлаб чиқараётган автомобилларининг сертификатида ҳам Евро-2 стандарти кўрсатилган. Қолаверса, Ўзбекистондаги ёқилғининг сифатидан келиб чиқиб, хорижда ишлаб чиқарилган бир қатор автомобилларнинг техник хусусиятлари ҳам мақсадли равишда Евро-5 стандартидан пасайтирилган.
Ҳафта давомида автомобилларга доир яна бир янгилик ҳайдовчилар эътиборини тортди. Стратегик ислоҳотлар агентлиги бир йилда иккитадан кўп автомобил сотган фуқаролар учун солиқ жорий этишни таклиф қилди. Бу таклиф агентликнинг ўтган ҳафта президент ҳузуридаги тақдимотига киритилган. Таклиф муаллифларига кўра, 2022 йилда 33 мингга яқин фуқаро учта ва ундан ортиқ автомобил сотиб олган. Расмийларга кўра, автомобил олибсотарларининг даромадларини солиққа тортиш орқали бюджетга қўшимча 30 миллиард сўм тушум қилиш мумкин. Эслатиб ўтамиз, шунга ўхшаш тартиб анчадан бери уй-жой олди-сотдисида амал қилиб келади. Фуқаро харид қилган уйини 3 йил ичида сотса, харид қилган ва сотган нархи ўртасидаги мусбат фарқдан 12 фоизлик даромад солиғи ҳисобланади.
Ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ўзгаришлар
Ўзбекистонда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами учун “ижтимоий карта” жорий этилади. Бу ҳақда сешанба кунги селекторда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, 1 октябрдан бошлаб аҳолига кўрсатиладиган барча ижтимоий ёрдамлар “ижтимоий карта” орқали молиялаштирилади. Энг аввало “Саховат ва кўмак” жамғармаси, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарлари, кейинчалик эса босқичма-босқич 74 турдаги ижтимоий нафақа ва ёрдамлар шу тизимга ўтказилади. Ижтимоий карта орқали транспорт ва коммунал соҳалардаги имтиёзлардан ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.
Селекторда маълум қилинишича, барча маҳаллаларда ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилади. Маҳаллада ижтимоий хизматлар кўрсатиш электрон платформаси ишлаб чиқилиб, протез воситаларини бериш, нафақа ва қаровсиз қолган болаларга васийликни расмийлаштириш, ўзгалар парваришига муҳтож кексаларни ёлғиз деб эътироф этиш каби 49 та ижтимоий хизмат маҳалла даражасига туширилади. Олиш мумкин бўлган протез воситалари сони 18 турдан 30 турга оширилади.
Президент 2021 йилда Ўзбекистоннинг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияга қўшилиши тарихий воқеа бўлгани, лекин ҳокимлар ўз ҳудудида ногиронлиги бўлган шахслар учун шароитлар яратиш билан етарлича шуғулланмаётгани, уларнинг уюшмалари билан мулоқот қилмаётганини таъкидлади. Йиғилишда айтилишича, Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти, автобус бекатлари ва айниқса метрони ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш бўйича 2 йиллик дастур амалга оширилади. Ҳудудий раҳбарларга ҳам бу йўналишда ижобий ўзгаришлар қилиш топшириғи берилди.
Муҳим янгиликлардан яна бири – қурилиш лойиҳалари ногиронлиги бор шахслар учун қулай муҳит яратилганлиги бўйича мажбурий экспертизадан ўтказилади. Бунинг учун йил охиригача чет эллик экспертларни жалб қилган ҳолда, камида 500 нафар лойиҳачи ва архитектор ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратиш курсларида ўқитилади. Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш йўналишида эса, уларни айти соҳасига ўқитиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилади. Ходимларининг 50 фоизида ногиронлик бўлган тадбиркорларга давлат буюртмачилари билан тўғридан тўғри шартнома тузиш имконияти берилади.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Тошкент яна ҳавоси энг ифлос шаҳарлар антирейтингида 1-ўринга чиқди. Чоршанба куни пойтахтдаги ҳаво ифлосланиши даражаси АҚШ стандартлари бўйича энг хавфли – зарғалдоқ рангли даражагача кўтарилди, шаҳарни аччиқ тутун ҳиди босиб кетди. Экология вазирлигининг изоҳлашича, бунчалик даражадаги ифлосланиш – совуқ кунларда газ босими тушиши сабабли электр ва иссиқлик станцияларида кўмир ва мазутдан фойдаланиш ортгани, қолаверса, қорни эритиш учун асфалтга сепилган аралашмалар билан боғлиқ бўлган.
Олмалиқда мисни бойитиш фабрикаси қурилишида ишлаётган ҳиндистонлик ишчиларни том босиб қолди. Сешанба куни эрталаб рўй берган ҳодисада Enter Engineering компаниясининг металл тайёрлаш цехида вақтинчалик ўрнатилган том қор ва шамолга бардош беролмай қулаб тушган. Расмий маълумотга кўра, ҳодиса оқибатида цехда ишловчи 32 нафар Ҳиндистон фуқароси жабрланган, улардан 4 нафари вафот этган. Прокуратура ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатди. Бундан аввал, металл конструкцияли навеснинг қорни кўтара олмай қулаши ўтган шанба куни Tashkent Index савдо мажмуасида ҳам кузатилганди. Бозор маъмуриятига кўра, 50 метрлик соябоннинг қулаши натижасида 6 та автомобилга зарар етган.
Panorama Airways авиакомпанияси билан боғлиқ жиноят иши катталашадиганга ўхшайди. Компания аввалроқ Умра зиёратига борган 4 мингга яқин ўзбекистонликни вақтида қайтариб олиб келолмагани ортидан бир киши қамоққа олинган эди. Шу ҳафта маълум бўлишича, Транспорт прокуратураси Туризм қўмитасидан 39 та турфирманинг фаолиятини тўхтатиб туришни сўраган. Бу фирмалар Panorama Airways билан ҳамкорлик қилгани айтиляпти. Kun.uz'га келиб тушган мурожаатга кўра, мингдан ошиқ фуқаро Panorama Airways билан ҳамкорликда ишлаган турфирмаларга пул тўлаб қўйган, лекин Умрага ҳам бора олмай, пулини ҳам қайтариб ололмаяпти.
Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми кетма-кет бешинчи йил пасайди. Расмий статистикага кўра, 2024 йил январ ойида 4 млрд куб метр газ қазиб олинган бўлиб, бу ўтган йилнинг январига нисбатан 7,4 фоизга кам. Шу кунларда газга оид яна бир нечта хабарлар пайдо бўлди. Хусусан, Газлида жойлашган Ўзбекистондаги энг йирик газ омборининг асосий таъсисчиси ўзгарган: Россиянинг “Форус” компанияси ўрнини Ҳонгконгда рўйхатдан ўтган номаълум Daxon ҳолдинги эгаллаган. Шунингдек, Россиядан газ импортини 3,5 баробарга ошириб, кунига 9 млн куб метрдан 32 млн куб метргача етказишга қарор қилинган. Бунинг учун хорижий банкдан 500 млн доллар кредит олинади ва бу маблағ эвазига шимолдан газ импорт қилиш инфратузилмаси модернизация қилинади.
Мавзуга оид
20:00 / 16.11.2024
Пискентдаги кўргилик, панел импортига чеклов ва Европани ёритадиган Ўзбекистон — ҳафта дайжести
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024
Йўллардаги қоидабузарликлар учун янги жарималар, очилган «ис гази мавсуми» ва сайлов якунлари — ҳафта дайжести
21:48 / 26.10.2024